Меню

Қашқадарё

14.09.2023 8549

ҚОЗОНДА ЙЎҚ БЎЛСА, ЧЎМИЧГА НА ҲОЖАТ?

Ёхуд қўзиқориндай бодраган хусусий университетлар ишини ким назорат қилади?

 Бугуннинг гапи

Бирови "Мендан нима кетди?" деб хусусий университетга ҳужжат топширибди. Имтиҳон бўладиган кун эса эрта туриш ёқмаганми, "Э, бориб нима қилдим, ўқиб олим бўлармидим" деган ўйда синовга бормабди. Бир неча кундан кейин эса телефонига хабар келиб турганмиш: "Табриклаймиз! Сиз тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилиндингиз..."

Бу воқеани кимгадир айтиб берсангиз, дастлаб мириқиб кулиши ва кейин чуқур ўйга толиши шубҳасиз: қаерга қараб кетяпмиз ўзи? 15-20 йил илгари ўқишга кириш ҳам, йиқилиш ҳам чинакам шараф саналарди. Сабаби, бир неча йил пухта тайёрланиб, зўрлар ичра зўр эканингизни кўрсатиб қўйсангиз, натижалар эълон қилингач, қариндош-уруғ алқовларидан масрур ҳолда уйнинг тўрида гердайиб ўтирса, арзирди. Бордию, бирор балл етмай имтиҳондан ўта олмаган тақдирда ҳам кўпчилик хайрихоҳлик билдирарди: бу йил бўлмаса, нариги йил талаба бўласан!

Ҳамсабоқларимиздан бири 170 балл тўплаб Миллий университетга ўқишга қабул қилинганида, устозимиз унга яхши тайёрланмаганини айтиб, бироз маломат қилгани эсимда. Бугун бунча балл тўплаган абитуриент салкам қаҳрамон янглиғ қабул қилинаяпти. Боиси, кун келиб 40 балл тўплаб, ўқишга кириш мумкинлиги етти ухлаб, тушимизга кирмаган-да. Яна денг, дарслар онлайн бўларкан. Хуллас, контракт пулини тўланг-да, қолганини масъулларга қўйиб беринг: онлайнми, офлайнми, тўрт йилдан кейин дипломни олиб кетасиз. Бўлди-да!..

40 балл дегани - жавоблар варақасидаги тўғри келган катакни бўяйсиз, айримларини бўямасангиз ҳам майли - "ўлдим" деганда ҳам 50-60 балл чиқади. Бу - умумий баллнинг учдан, ҳатто тўртдан бири дегани. Дейлик, яхши мутахассис бўлиш учун 12 та китобни ўзлаштириш зарур бўлгани ҳолда сиз бор-йўғи 3 та китобни нари-бери титкилаб, ишга қабул қилиндингиз - ана энди сиз берадиган "фойда"ни тасаввур қилаверса бўлади.

Шулар ҳақида ўйлаб, 200 баллдан ошиқ натижа кўрсатиб, ўқишдан йиқилган дамларимиз кўз ўнгимда гавдаланади. Кейинги йил янаям юқори кўрсаткич учун боримизни бериб ўқиганмиз. Ана шу ҳақиқий рақобат, чинакам кураш майдони эди. Пул дардида ҳар нарсага тайёр бу олғирлар эса дуч келган такасалтангниям ўқишга қабул қилаверса...

Писта пўчоғига ҳам арзимайдиган балл тўплаб, устига-устак онлайн ўқиётган талаба 4 йилдан кейин дипломни қўлга киритади. Кейин бирор мактабми, идорага ишга киради. "Одамга ўхшаб ўқимагансан, билиминг йўқ", деёлмайсиз. Қўлидаги диплом билан ҳай-ҳай демасангиз, бошингизни ёришга шай туради. Ишга олингандан  кейин кимни ўқитади: албатта, сизу бизнинг болаларимизни!

Хўш, бунга ўхшаш савиясиз (гапнинг бўладиганини айтган яхши), билимсиз ёшларга талабаликдек шарафни қўшқўллаб тутқазаётганлар кимлар ўзи?

Рости, кейинги вақтда хусусий университетлар дорихонадан ҳам кўпайиб кетаяпти. Дўстлардан бири ҳазиллашиб, бу туришда чойхонаю тўйхоналар ҳам ишини йиғиштириб, "Эшмат ота халқаро университети", "Тошмат ота инновацион университети" қилиб, олий ўқув юрти очиб олади, деганди. Бу ҳазил тобора чинга айланиб боряпти.

Хусусий университетлар лицензия олса бўлди, бироқ кейинги жараён билан ким шуғулланади: дарс берадиганлар кимлар, онлайн ўқиш деб ҳаммани ўз ҳолига ташлаб қўйса бўладими, уларнинг билим даражасини ким текширади, эртага диплом бераётганда, ким назорат қилади - бу каби саволлар тиқилиб ётибди.

Давлат олий таълим муассасасидан ахлоқи туфайли ишдан ҳайдалган мансабдор хусусий университетга ўтиб, ишини давом эттирса?! Давлатникида хулқ яхши бўлиши керагу, хусусийда шартмасми?

Бугун хусусий университетлар исталган йўналишда кадр тайёрлаётгани қизиқ: педагогика дейсизми, иқтисодиётми, ҳатто тиббиёт йўналишидаги хусусий муассасаларга кўзимиз тушаяпти. Арзимас балл тўплаб талабаликка қабул қилинган ва тўрт йил онлайн "ўқиган" "мутахассис"дан қандай юксак натижа кутишга ҳақлимиз? Қизиқчилар айтгани каби "Энди буёғига тўғри овқатланиб, спорт билан шуғулланиб, ўзимизга қараб юришимиз керак, дўхтирликка суперконтрактда ўқиганлар ишга кираяпти..." деган нақлни зинҳор унутмасликка маҳкуммизми?

Дунёнинг энг олди университетларида ўқишга кириш осон, бироқ битириш қийин экан. Тегишли талабларга жавоб бермаган талабага чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйиларкан. Бизда-чи? Ўқишга кириб олсангиз бўлди, тўрт йилдан кейин диплом қўлимда деяверинг!..

Аввал ҳужжат топширадиган одам "Менгаям талаба бўлиш насиб этармикан, болаларим ота-онам олий маълумотли, деб айтармикан" деган ўйда бўларди. Бир аёл "Бу йил ўқишга ҳужжат топширмадим, кириб кетсам, кейин нима қиламан, дедим, болаларим ҳали ёш" деб ўзига тасалли берганини эшитиб, кулишниям, куйишниям билмайсан киши.

Хусусий университетлар ёмғирдан кейин бодраб чиққан қўзиқоринга ўхшаяпти: биламизки, дуч келган қўзиқоринни еб бўлмайди - заҳарланиб қолишингиз мумкин.

Хуллас, бу борада айтиладиган гап кўп. Бизга хусусий университетлар керакми? Керак. Қачонки, таълим сифати юқори, биз шу пайтгача ўрганмаган, кўникмаган услубда самарали дарс ўтса, талабалари билими ва иқтидори билан ажралиб турса, ўқитувчилари эл аро ҳурмат қозонган ва илмий ишию даражаси ҳайратга лойиқ бўлса.

Афсуски, хусусий университетлар айни пайтда, билими билан ҳеч қачон давлат олий таълим муассасасига ўқишга кира олмайдиган, омади чопмаган, қўлидан тайинли иш келишини исботлашга қодир бўлмаган ёшлар тўпланган муассаса вазифасини бажараяпти. Ҳар ҳолда дастлабки тасаввур шундай. Гарчи улар ижтимоий тармоқлар орқали камида Гарвард ёки Оксфорд таълим шаклини ваъда қилаётган бўлса-да, эси бор одам уларга эргашиб кетаётгани йўқ. Чинакам натижа бўлиши учун эса бундай муассасалар иши қатъий назоратда бўлиши керак. Боиси, гап ёшлар тақдири, уларнинг тўрт йиллик умри ҳақида бораяпти...

НАСРИДДИН

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!