Меню
Қашқадарё
ОЗОДЛИК - ЎЗ ОЛАМИНИ, ЙЎЛИНИ, ЎЗЛИГИНИ ТОПИБ ОЛИШ ДЕМАК
Сараланган сатрлар
Биз яшаб турган замин 130 йилдан ошиқ вақт давомида мустамлака мақомида турди. Албатта, боболаримиз мамлакатни душманга қўшқўллаб тутқазиб қўймаган - кўплаб сабаб-оқибатлар озодлик, эрк қўлдан чиқишига олиб келди. Кейин ҳам гоҳ қуролли кураш орқали, гоҳ фикрий даъватлар ила юрт озодлиги учун курашганлар кўп бўлди. Шу йўлда юз минглаб кишилар қатағонга учраганини яқин тарихдан яхши биламиз.
Шу боис мустақиллик биз нишонлайдиган байрамларнинг энг улуғи, энг азизи, десак тўғри бўлади. Эркимиз ўзимизда экан, орзу-хоҳишларимиз рўёбини кўра оламиз.
Тоғай Мурод "Бу дунёда ўлиб бўлмайди" романида мустамлака даврида умр кечирган, совет "даҳо"ларининг барчаси режимида ишлаган ва охир-оқибат мамлакат истиқлолга юз тутганига ҳам гувоҳ бўлган инсонлар кечмиши, ўй-фикрлари, мусибату фожиаларини қаламга олади.
Албатта, истиқлолга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Халқ ва ҳокимият ўртасидаги муносабатлар ҳам илдам, жадал ривож топиб кетишига қадар кўп босқичлардан ўтилган.
Ўзига хос таъсирчан услуб, ноодатий фикрлар, истиқлол, озодлик ва бу йўлдаги марду номардлар, ривожланиш пиллапоялари ҳақидаги юрак-юракдан чиққан сўзлар ўқувчини бефарқ қолдирмайди...
* * *
Қаранг, асрлар мобайнида Амударё, Сирдарё деган азим дарёлар бўйида яшаганмиз. Аммо сувга зор бўлиб яшаганмиз. Асрлар давомида азим-азим дарёларнинг шундайгина қирғоғида яшаганмиз. Аммо сувга ташна бўлиб турмуш кечирганмиз. Бу нимадан? Бу, сиз билан бизнинг... Гап келганда, отангни аяма, дейдилар. Мана шу бийдай чўлда айтай: бу сиз билан бизнинг ювошлигимиздан, ҳа, қўймижозлигимиздан! Бегона тиллар бизни "баран-баран", дейди. Мана, баранлик! Энди, буни қаранг: бутун бошли област раҳбарияти, ўнлаб район раҳбарияти... Ўзбекистон гимнини билмайди! Ана, қўймижозлик!
* * *
Қафасда яшаётган каптарни қўйиб юборса нима бўлади? Каптар пат-пат этиб, озодликка отилиб чиқади. Дастлаб, қаёққа учишини билмайди. Ерга қўнишиниям билмайди, кўкка учишиниям билмайди. Оқибат, боши оққан тарафга қараб учади. Шамол эсган ёққа қараб учади. Пойинтар-сойинтар учади, пала-партиш учади. Қаёққа учаётганини ўзиям билмайди. Тақдири энди нима бўлишиниям билмайди. Озодликка қандай эришди? Озодликни худо бердими ё ўз хўжайини бердими? Буниям билмайди! Озод бўлдим, дея патира-путур учаверади. Шундай учиб кетаверса - бир балога дучор бўлишиниям билмайди. СССР халқлари ана шу... каптар ҳолига тушиб қолди!
* * *
Озодлик - тўрт тарафинг қибла, оғзингга келганини гапир, дегани эмас-ку? Озодлик - бақириб-чақириб мансаб эгалла, шон-шуҳратга эриш, дегани эмас-ку? Ё озод бўлиш... ит бўлиб ҳуришми? Озод бўлиш... кўринган одамни этагига кучук бўлиб ёпишишми?
Озодлик - намойиш ўтказиш эмас, мажлис қилиш эмас. Телевизорда маҳмадоначилик қилиш эмас, газета-журналларда ялтироқ сўзлар айтиш эмас.
Тўғри озодликни куйлаш керак, кўкларга кўтариб куйлаш керак. Лекин озодликни куйлаш учун... эл-юрт узра озодликни ўрнатиш керак! Бундай кунларга етиш учун... бир ўлиб... бир тирилади.
Озодлик учун... оғизни юмиш керак, қулоқни бекитиш керак, қадамни тийиш керак! Озодлик учун... шон-шуҳрат талашмаслик керак, мансаб-амал талашмаслик керак!
Озодлик демак - ўз оламини ўзи топиб олиш демак. Ўз йўлини ўзи топиб олиш демак. Ўзлигини топиб олиш демак.
* * *
Минг афсуслар бўлсин, биз ҳали... озодликка тайёр эмас эдик! Онгимиз... озодликка тайёр эмас эди! Ақлимиз... озодликка тайёр эмас эди! Озодлик-озодлик, сўзларини билар эдик. Аммо мазкур сўзларни мазмуни нима эканини билмас эдик! Чунки мазкур сўз бағрида... бир кун бўлса-да... ҳа-ҳа, бир кун бўлса-да... яшаб кўрмаган эдик! Мана, Яратганни ўзи бизни мазкур сўз бағрига топширди. Биз мазкур сўз бағрида... чақалоқ бўлиб ётибмиз! Биз ҳали отамиз ким, билмаймиз, онамиз ким, билмаймиз. Энг фожиали жой... дўст-душманимиз ким - билмаймиз!
* * *
Оломон учун жамиятни яхши куниям бир, ёмон куниям бир. Жамият бирор ютуққа эришса - оломон қўзғолади. Жамият бирор парокандаликка учраса - тағин оломон қўзғолади. Оломон яхши кунда бир сиёсатдонни улуғлайди. Ёмон кунда.. айни шу сиёсатдонни ер билан баравар этади! Оломон... тўқимтабиат бўлади!
* * *
Сен ўтмишга тош отма. Ўтмишга тош отиш, ўликни тепкилаш демакдир. Ўлик тирилиб, хатолари учун сендан кечирим сўрамайди. Ўлик тирилиб, қайта қуриш учун бир иш қилиб бермайди. Ўтмишдан сабоқ олиш керак, сабоқ.
* * *
Биз энди содир этилган жиноятлар учун кимлар айбдор эканлигини аниқлаб олишимиз керак ва зарур. Биз етмиш йил мобайнида жиноятчи партия-совет арбобларининг бутун бир авлодини тайёрлаб етиштирдик. Минг афсуслар бўлсинки, улар ҳар қадамда учраб туради, ҳар дақиқада учраб туради!
* * *
Пешона дегани мисоли бир тарих китоби бўлса, мисоли бир қомус бўлса. Инсонда мазмун-маъноли юз бўлса! Бу юзда... мўл-мўл ажинлар бўлса, машаққатлар рамзи бўлган тиртиқлар бўлса, турли-туман дардлар асорати бўлса! Бу юзда... зўр қайғулар тамғаси бўлса, кўргиликлар белгиси бўлса, қора кунлар суврати бўлса! Инсон кўзларида... мунг бўлса, қайғу бўлса, дард-алам бўлса! Инсон кўзлари ҳам... тарихдан сўйлаб турса, ҳам... келажакка чорлаб турса! Инсон кўзлари остида қават-қават... ажинлар бўлса! Ушбу ажинлар варақ-варақ... тарих бўлса! Инсон кўзлари остида думалоқ-думалоқ... халталар бўлса! Ушбу халталар яхши-ёмон кунларни бекитиб ётган бўлса... Ана шундай кўзларга қараб ўтирса бўлади! Ана шундай пешоналарга эргашса бўлади! Ана шундай юзларга қулоқ солса бўлади!
* * *
Миллатчилик - ўз киндик қони тўкилган ерга садоқатдан бино бўлади. Ўз халқига меҳр-оқибатдан бино бўлади. Ўз қариндош-уруғларига меҳр-муҳаббатдан бино бўлади. Аммо-лекин миллатчиликни ёмон тарафлари-да бор. Миллатчилик - иблислар паноҳ топажак энг сўнгги паноҳ, демак. Миллатчилик - бир халқни бошқа бир халққа нисбатан нафрати, демак. Шу боисдан, жуда кўп фожиалар ана шу миллатчиликдан келиб чиқади.
Миллатчилик мисоли бир олов. Олов ўз оти билан олов. Олов билан ўйнашиб бўлмайди. Одам оловни эҳтиёт қилмаса, бет-қўлини куйдириб қўяди. Одам оловни авайламаса, ўз уйини олов олдириб юборади. Бутун... дунёни ўт олдириб қўяди!
* * *
Тўда ҳамиша айбдор излайди, ҳамиша гуноҳкор излайди. Ўша айбдор ё гуноҳкор, мана мен, дея тўда олдига отилиб чиқса - тўда нима қилишини билмай қолади, нима дейишини билмай қолади! Боиси, тўдада айбдорни жазолаш нияти бўлмайди. Тўда бор-йўғи: "Ана, давлатни ўтирғизган", "Ана, халқ қонини сўрган", "Ана, турғунлик тимсоли", деган баландпарвоз хитоблар айтиб туради. Тўда фақат бақириб-чақириб туради, шиорлар силкиб туради, байроқлар ҳилпиратиб туради! Қўл пахса қилиб туради, мушт дўлайтиб туради! Тўдани ҳамиша кимдир йиғади, кимдир жамлайди. Ана шу кимдир суғурилиб чиқиб қолади, бекиниб қолади! Тўда эса... бир-биридан илҳом олиб кетаверади, бир-биридан ранг олиб кетаверади. Биринчи қадамдаёқ... тўда одам сифатида ўзини йўқотади... ўзини бой беради. Тўда оқни қора, дейди, қорани оқ дейди! Тўда эл-юртга... ўт қўя олади!
* * *
Эл-юртга бўлган меҳр-муҳаббат... ўта ички бир муҳаббат бўлади. Ўта сеҳрли-сирли бир меҳр-бўлади. Масалан... йигитни қизга бўлган муҳаббати мисол бўлади. Она юртга бўлган муҳаббат... йигитни қизга бўлган муҳаббати мисол... ботинан бўлади, асл бўлади. Бу меҳр-муҳаббатни... оломон олдида изҳор этиб бўлмайди. Эл-юртга бўлган меҳр-муҳаббатни... микрофон орқали изҳор этиб бўлмайди! Шу боисдан-да уни оти меҳр-муҳаббат. Эл-юртга бўлган меҳр-муҳаббатни... амалда бажарадилар, амалда кўрсатадилар! Масалан... тан-жонини қурбон қилиб кўрсатадилар! Тинчлик замонида эса - меҳнат жасорати билан кўрсатадилар, фидойилиги билан кўрсатадилар, сабр-бардоши билан кўрсатадилар. Чунки эл-юрт демак, қон демак, тан-жон демак!
* * *
Жамият мисоли бир тан-жон. Жамият руҳияти - мафкурадан иборат. Шу сабаб, жамият мафкура билан тирик, мафкура билан ҳаёт. Мафкура ҳаминқадар чайир бўлса, ҳаминқадар қудратли бўлса, ҳаминқадар покиза бўлса - жамият шу қадар ўсиб-унади!
* * *
Мансаб-мартаба дарди-даволаб бўлмас дард. Шон-шуҳрат дарди - сурункали дард. Бу дардларга йўлиққан одам... ўлиб қутулади! Шу боис, мансаб-мартаба дардига йўлиққан одам - қаллоблик, порахўрликдан қайтмайди. Шон-шуҳрат дардига йўлиққан одам - маразлик, ёвузликдан қайтмайди.
* * *
Дунёда қалтис ишлар кўп. Ана шундай қалтис ишлардан бири... тентак одам қўлига милтиқ бериш, юзсиз одам қўлига мансаб бериш!
Эл-юрт учун иккови-да қалтис!
* * *
Совет даврида... биз коммунизм қурамиз, бизда суицид бўлиши мумкин эмас, деб келдик. Шу билан суицидга барҳам бердикми? Аксинча, ўз жонига қасд қилувчилар сони йил сайин кўпайди. Ҳар йили минглаб инсон ўз жонига ўзи қасд қилди. Биз бу ҳолатни совет турмуш тарзига зид, деб баҳоладик. Суицид ҳолларни бекитиб келдик. Мабодо ошкор бўлиб қолса, ўша суицидчини... ўзини айбладик! Ўз жонига ўзи қасд қилувчиларни... бадном қилдик! Чунки энг яхши гувоҳ - ўлик гувоҳ, дейдилар. Кўзи юмуқ инсон сукут сақлаб ётаверади. Кўзи очиқ инсонлар эса мазза қилиб яшайверади. Бўлмаса, биттагина кўзи юмуқ инсон учун ўнлаб раҳбар ҳайфсан олади, партиядан ўчади, ишдан ҳайдалади. Ваҳоланки, совет суд-жамоат кодексида: "Инсонни ўз жонига қасд қилишга олиб келганлар беш йил муддатгача жиноий жавобгарликка тортилади", дейилган. Мен ҳалигача бирор раҳбарни ана шу модда билан жавобгарликка тортилганини эслай олмайман.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.