Меню

Қашқадарё

29.08.2024 5550

Озодлик ва саодат айёми

Бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз!


Шавкат МИРЗИЁЕВ: 

Бундан ўттиз уч йил олдин ўта оғир ва мураккаб тарихий вазиятда қўлга киритилган миллий истиқлолимиз бугунги кунда кўп миллатли бутун халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсад йўлида бирлаштириб, янги ютуқ ва марралар сари илҳомлантирмоқда.


Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик шонли санаси Қашқадарёда ҳам чинакам умумхалқ байрами, озодлик ва саодат айёми сифатида кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз - Мустақиллик кунига бағишланган, "Бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз!" деган бош ғояни ўзида мужассам этган вилоятимиз асосий тадбири бугун Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида бўлиб ўтади.

Воҳамизнинг бошқа шаҳар ва туманларида эса истиқлол тантаналари ўтган ҳафтада бошланиб, шу ҳафтанинг биринчи ярмида давом эттирилди ва ҳар доимгидан-да кенг миқёсда, мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт даражаси, юксалиш суръатларига муносиб тарзда ташкил қилинди. Байрам дастурларида 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида депутатлар томонидан "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги Қонуннинг қабул қилиниши халқимиз ҳаёти ва тақдирининг ижобий томонга ўзгаришида нақадар муҳим аҳамият касб этгани, мустақиллик она тилимиз, муқаддас динимиз ва тарихимизни қайтариб берган бебаҳо неъмат эканлиги ёрқин мисоллар асосида кўрсатилди. Шу давр ичида бутун мамлакат ва хусусан вилоятимизда, ҳар бир шаҳар ва туманда, маҳаллалар ва хонадонларда мустақиллик туфайли рўй берган янгиликлар акс эттирилди. Юртдошларимиз турли соҳа ва жабҳаларда эришаётган ютуқлар алоҳида эътироф этилиб, байрам арафасида жойларда барпо этилган ва иш бошлаган янги корхона ва масканларга таъриф берилди.

- Ёшим 60 дан ошди ва шу пайтгача яшаган умримнинг қарийб тенг ярми собиқ тузум даври, иккинчи ярми эса мустақиллик йилларига тўғри келади, - дейди Яккабоғ туманидаги "Кумуш куз файзи" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси, "Шуҳрат" медали соҳиби Абдинаби Ғиёсов. - Иккаласини таққослайдиган бўлсам, истиқлол ўзбекистонликларга 1991 йилгача биз тасаввур ҳам қилмаган эркинлик ва ҳуқуқ, куч ва имкониятлар берганини эътироф этишим жоиз. Ана шу эркинлик ва имкониятлар мени хусусий бизнесни бошлаш ва паррандачилик фермасини очишга ундади, қолаверса, йиллар давомида ундаги товуқлар бош сонини 1 мингтадан 180 мингтага етказиш, айни пайтда турли хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш учун куч бағишлади. Ҳозир эса туманимиз Айғиркўл маҳалласида барпо этилаётган Янги Ўзбекистон массивидаги кўп қаватли уй-жойлар яқинида биринчи қаватида озиқ-овқат моллари, иккинчи қаватида ноозиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган дўконлар ва расталар, учинчи қаватида болалар ўйингоҳлари ва тамаддихоналар жойлашадиган янги мажмуани қураяпмиз. Тез орада фойдаланишга топшириладиган бу замонавий комплексда бир йўла 580 нафар тадбиркор ва деҳқон фаолият юритиши учун шароитлар яратилмоқда. Энди айтинг-чи, мустақиллик давригача одамлар ўз кучи ва маблағи ҳисобидан бундай ва бугун кўз ўнгимизда рўй бераётган бундан-да каттароқ ишларни амалга ошира олармиди?!

Байрам тадбирларида Ватан ва истиқлолни тараннум этувчи қўшиқлар ижро этилиб, кўп миллатли халқимизнинг тинч-тотув ҳаёти, эзгу қадриятларимиз ва урф-одатларимизни сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, шаҳар ва қишлоқларимиздаги улкан бунёдкорлик, хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, юртимиз келажаги - иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ишлари ҳақида ҳикоя қилувчи театрлаштирилган композициялар намойиш қилинди.

- Байрам арафасида ҳар куни туманимиз ёшлари эришган ютуқлар ҳақида кўплаб хушхабарлар етиб келаяптики, улар ҳам мустақиллигимизнинг улкан қудратидан далолат бермоқда, - дея таъкидлайди Республика маънавият ва маърифат маркази Китоб тумани бўлинмаси раҳбари Гуландом Сатторова. - Масалан, чекка тоғли ҳудудда жойлашган 50-умумий ўрта таълим мактаби математика фани ўқитувчиси Парвоз Элмирзаев синф раҳбарлик қилган 23 нафар ўқувчининг 22 нафари олий таълим муассасаси талабаси бўлишга муваффақ бўлган. Туманимиздаги 1-сонли спорт мактаби тарбияланувчиси Жонбиби Ҳукмова эса яқинда енгил атлетика бўйича U20 ёш тоифасидагилар ўртасида Перу пойтахти Лимада ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этади. Яна бир тумандошимиз Мавлуда Мавлонова Россиянинг Владивосток шаҳрида ташкил этилган биринчи халқаро талаба ёшлар ёзги ўйинларида бокс бўйича биринчи ўринни қўлга киритди… Бундай янгиликларнинг, айниқса, Мустақиллик байрами нишонланаётган шу кунларда кўпайишида рамзий маъно ҳам бор, албатта. Зеро, уларнинг барчаси истиқлолимиз шарофати билан ва айнан шу туфайли ўз салоҳиятини намоён этишга эришаётган интилувчан ёшларимиз саъй-ҳаракатлари натижасида содир бўлаяпти.

Воҳамизда юқори савияда ўтказилаётган байрам тантаналари, шу жумладан, улар доирасида ташкил этилаётган мушакбозлик тадбир иштирокчиларида ёрқин таассуротлар қолдирмоқда.

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!