Меню
Қашқадарё
ОЗОД ҲАЁТ САОДАТИНИ ҲАР ЛАҲЗАДА ҲИС ЭТИБ ЯШАЯПМИЗ
Файзулло ҒУЛОМОВ,
Миришкор тумани ҳокими
Бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз!
Кўп миллатли мард ва олийжаноб халқимиз билан Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа - Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик санасини кўтаринки кайфият билан нишонлаш арафасида турибмиз. Aна шу ўтган давр ичида мамлакатимизда асрларга татигулик ўзгаришлар рўй берди. Энг муҳими, ислоҳотлар натижалари одамлар ҳаёти фаровонлашуви, юрт ободлиги, халқимизнинг асрий орзулари ушалиши билан яққол ифода топмоқда.
Aгар буни биргина туманимиз мисолида олиб кўрадиган бўлсак, сўнгги йилларда қишлоқ ва маҳаллаларнинг янги, обод ва янада кўркам қиёфасини яратиш, халқимиз фаровонлигини ошириш мақсадида қишлоқ ва маҳаллаларнинг меъморий қиёфаси тубдан янгиланмоқда.
Уларда йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Миришкор туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган инвестиция дастурига асосан жорий йилда 28,8 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ҳисобига 11 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, жумладан, 2 та мактаб, 1 та боғча, 3 та соғлиқни сақлаш, 1 та ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган биноси, 4 та ирригация тармоғи ва иншоотлари қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари белгиланган.
Хусусан, истиқлолнинг 33 йиллиги арафасида Миробод, Дўстлик ва Навбаҳор тиббиёт пунктлари фаолияти халқимиз талабига биноан қайта тикланиб, оилавий шифокорлик пункти сифатида янгидан замонавий ҳолатда фойдаланишга топширилади.
Қолаверса, ушбу тантанали сана бахш этаётган қувонч устига яна бир қувонарли маълумотларни сиз, азизлар билан бўлишмоқчиман. Миришкор маҳалласида томат пастаси ишлаб чиқарувчи умумий лойиҳа қиймати 2 миллиард сўм бўлган "Temurhamkorplast" корхонаси очилиб, 30 нафар тумандошимиз бандлиги таъминланди, тайёр тикув трикотаж мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган умумий лойиҳа қиймати 25 миллиард сўмлик "Mirishkor rifa textile" корхонаси ишга тушиши натижасида яна 120 нафар фуқаро доимий иш ўринларига эга бўлади. Шунингдек, туман марказидаги маданият ва истироҳат боғидаги аттракционлар, Миришкор маҳалласидаги "Ёшлар кутубхонаси", Гулшанбоғ маҳалласидаги универсал спорт ўйингоҳи аҳолига хизмат кўрсатишни бошлайди. Шу билан бирга, Президентимиз аҳолининг маиший шароитларини, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, белгилаб берган вазифаларидан келиб чиқиб, туман марказидаги 2 қаватли 15 та хонадон илк бор 4 миллиард сўм эвазига оқова сув (канализация) тармоғи билан таъминланди.
Қайд этиш жоизки, жорий йил бошидан туман бўйича 15,4 километр ҳаво электр тармоқлари тортилиб, 3 та янги трансформатор ўрнатилди. Бундан ташқари, ҳудудларда тегишли дастурларга асосан 200 дона янги темир-бетон устун ўрнатилмоқда. Шунингдек, шу йилнинг ўзида 2 та 80 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли аҳоли турар жойининг биттаси қурилиб фойдаланишга топширилди. Ўнлаб бўш турган объект ва ер майдонларининг аксарияти ишлаб чиқаришга жалб этилиши натижасида мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Истиқлол шарофати билан демократик ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, давлат дастурлари доирасида бюджет маблағларининг бир қисмини жамоатчилик фикри асосида йўналтириш, бунда фуқароларнинг фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлардан барча бирдек мамнун. Жумладан, жорий йилда "Ташаббусли бюджет" лойиҳаси асосида Ободон, Янги Миришкор, Янги ариқ, Нурафшон, Ширин маҳаллаларининг ички йўллари таъмирланиб, асфальт ётқизиш, Янги ҳаёт маҳалласида 6 километр пиёдалар йўлакчаси қурилиб, 5-, 9- ва 20-сонли мактаб бинолари тўлиқ реконструкция қилинади.
Аҳолига муносиб шароит яратиш ва туманнинг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш мақсадида алоҳида дастур ишлаб чиқдик. Унга асосан, 16 та маҳалланинг электр энергияси таъминотини яхшилаш учун 16,6 километр янги тармоқ тортилади ва 142 дона темир-бетон устун янгиланиб, 4 дона янги трансформатор ўрнатилади. Шунингдек, ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида Жейнов, Қурама, Чаманзор, Олтин бошоқ ва Дўстлик маҳаллаларидаги сув сақлаш ва тарқатиш иншоотларига борувчи 6,5 километр марказий сув қувурлари реконструкция қилинмоқда. Қолаверса, умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларининг 2 километри таъмирланади. 23- ва 30-сонли мактаб, 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти бинолари қайта таъмирланади.
Бандлик дастурига асосан, йилнинг биринчи ярим йиллигида 26 мингта янги иш ўрни яратиш белгиланган бўлса, мустақиллик шодиёнасига қадар амалда ушбу кўрсаткич июнь ойи ҳолатига 30 мингтага бажарилганини қайд этиб ўтиш ўринли. Шу билан бирга, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик борлиги тан олиниб, уни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилинди. Камбағалликни камайтириш, бунда аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтиришга қаратилган комплекс ишлар натижасида йил бошидан туманимиздаги 1,1 мингдан ортиқ оилалар доимий даромадга эга бўлиб, мазкур тоифадан чиқарилди. Йил якунига қадар яна 1,5 мингта оила кредит ва субсидиялар ажратиш, касбга ўқитиш, доимий иш ўрнига жойлаштириш ва томорқа имкониятидан самарали фойдаланиш орқали камбағалликдан чиқарилади.
Миришкорликлар, хусусан ёшларимиз мамлакатимизда Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган сиёсат ва барча соҳалардаги ислоҳотларни тўла-тўкис маъқулламоқда, улар бу ўзгаришлар ўз турмуш тарзини енгиллаштиришга, ҳаёти фаровонлашувига хизмат қилиб, орзуларига қанот бераётганидан мамнун. Aлбатта, давлатимиз раҳбари ғамхўрлиги ва яратиб бераётган имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда ўтган давр мобайнида меҳнаткаш Миришкор аҳлининг саъй-ҳаракатлари билан халқ хўжалигининг турли жабҳаларида, қолаверса, спорт ва таълим, саноат ва бошқа соҳаларда ҳам кўплаб ижобий натижалар қайд этилди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, "Орадан йиллар, асрлар ўтади. Лекин миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб берган, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлган Мустақиллик куни биз учун, келгуси авлодларимиз учун доимо энг улуғ, энг азиз байрам бўлиб қолади".
Дарҳақиқат, мустақиллик, истиқлол деган улуғ саодат аввало халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, инсоний шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтарган беқиёс неъматдир. Биз буни ҳар лаҳзада ҳис этиб яшаяпмиз ва уни янада мустаҳкамлаш учун саъй-ҳаракатдан бир он ҳам тўхтамаймиз.