Меню

Қашқадарё

17.12.2016 1769

ОЗИҚ-ОВҚАТ МЎЛЛИГИ — ФАРОВОНЛИК ОМИЛИ

 

Маълумки, истиқлол йилларида юртимизда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга, шу орқали мўл-кўлликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Махсус озиқ-овқат  дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаяпти. Соҳада амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида нафақат мамлакатимиз аҳолисининг ўзимизда етиштирилаётган мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, картошка, узумга бўлган эҳтиёжини тўла қоплашга эришдик, балки истеъмолдан ортганини жаҳон бозорларига экспорт қилишга ҳам муваффақ бўлаяпмиз. Сўнгги вақтда ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш кўлами сезиларли ошгани бу борадаги салоҳият ва имкониятларимиз кенг эканидан яна бир бор далолат бермоқда.

Таъкидлаш ўринлики, ҳар йили юртимизда 8 миллион тоннадан зиёд ғалла етиштирилмоқда. Бу бизга дон мустақиллигини берди. Энди биз ўзимизни ғалла билан тўла таъминлай олиш баробарида уни четга  сотаяпмиз ҳам. Ҳар пишиқчилик мавсумида мамлакатимиз деҳқонлари мева-сабзавотдан 16 миллион тоннага яқин ҳосил кўтармоқда. Қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларнинг мунтазам жорий этилиши, интенсив боғдорчиликнинг ривожлантирилиши боис маҳсулдорлик йилдан-йилга ошиб бораяпти. Ҳозирги пайтда аҳоли жон бошига қарийб 300 килограмм сабзавот, 75 килограмм картошка ва 44 килограмм узум тўғри келаяпти. Бу эса мақбул ҳисобланадиган истеъмол меъёридан уч баробар кўпдир. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошидаги тақсимот билан таққослаганда, бугун юртимизда  гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ва сут маҳсулотлари истеъмоли - 1,5 карра, картошка - 1,9 марта, сабзавот - 2,6 баробардан кўп, мева истеъмоли - 6,3 марта ортгани маълум бўлади. Фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа хўжаликларида етиштирилган 180 турдан кўпроқ мева-сабзавот ва уларнинг бир қисмини қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунёнинг 80 давлатига экспорт қилинаяпти. Бу юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми кўпайгани ва хавфсизлиги таъминланганини кўрсатади.

Бу борадаги самарадорликни янада ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 12 апрелдаги "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида вилоятимизда ҳам катта ишлар амалга оширилди ва келгусида қилинадиган вазифалар белгилаб олинди.

Вилоят қишлоқ хўжалигидаги мавжуд экин майдонларининг 34,3 минг гектарида сабзавот, 12,9 минг гектарида картошка, 17,4 минг     гектарида полиз маҳсулотлари    парваришланмоқда. Ўтган йили     469 минг тонна сабзавот, 199,2 минг тонна картошка, 149,2 минг тонна полиз маҳсулотлари, 143,9 минг тонна мева, 90,5 минг тонна узум етиштирилган бўлса, жорий йилда бу борада юқори ўсиш қайд этилиши кутилмоқда.  Ҳосилнинг асосий қисмини ички бозорга йўналтириш мўлжалланган. Шунингдек, мева-сабзавотнинг бир қисми қайта ишлашга юборилади. Истеъмолдан ортадиган маҳсулотларни эса экспорт қилиш кўзда тутилган.

Қолаверса, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш мақсадида тегишли дастурларга асосан вилоятимиз миқёсида умумий қиймати 404,9 миллиард сўмлик кўплаб истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш белгиланган. Қорамолчилик  йўналишида 601 та, паррандачилик йўналишида 174 та, балиқчилик  йўналишида 156 та, асаларичилик йўналишида 110 та, эчкичилик йўналишида 90 та, қўйчилик йўналишида 343 та ҳамда боғ, токзор, иссиқхона барпо этиш, совуткичлар қуриш мақсадида 899 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг учун 238,6 миллиард  сўм миқдорида банк кредитлари тақдим этилиши режалаштирилган. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур истиқболли лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши келгусида вилоятимизда боқиладиган қорамол бош сонини 1 миллион 470 минг бошга, қўй-эчкиларни 4 миллион 610 минг бошга, паррандаларни 4 миллион 900 мингтага  етказиш, шу ҳисобдан йилига гўшт ишлаб чиқаришни 272 минг тоннага, сут ишлаб чиқаришни 1 миллион 50 минг тоннага, тухумни 422 миллион донага, асал етиштиришни 1032 тоннага, балиқ овлашни 4000 тоннага етказиш имкониятини беради. Натижада кўплаб янги иш ўринлари очилади, коллеж битирувчиларининг бандлиги таъминланади.

Эътиборлиси, озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўллигини таъминлашнинг усулларидан яна бири уларни иссиқхоналарда етиштириш, махсус омборхоналарда ва совутиш камераларида сақлаш бўлиб, бу усул ҳозирги вақтда кенг қўлланилмоқда. Бу борада вилоятда дастурий ишлар амалга оширилган ва давом эттирилмоқда. Мисол учун, 2015 йил ҳолатида вилоят миқёсида жами 434,2 гектар майдонда барпо қилинган  иссиқхоналарда маҳсулот етиштирилган. Биргина ўтган йили қўшимча 74 гектар майдонда 346 та иссиқхона қурилган. 2016 йилда эса 73 гектар экин майдонида 207 та иссиқхона ташкил этилиши давом эттирилди. Айни даврга келиб иссиқхоналар эгаллаган жами экин майдони 580,4 гектарни ташкил этди ва уларнинг сони 4138 тага етказилди. Бугун иссиқхонада маҳсулот етиштириш билан шуғулланувчи тадбиркорлар совуқ кунларда ҳам аҳоли дастурхонига сархил маҳсулотлар етказиб беришда фаоллик кўрсатмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш билан бир қаторда уларни асл ҳолича сақлаш ҳам асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада 2016 йилда умумий сиғими 4350 тоннага мўлжалланган совутиш камералари билан жиҳозланган омборлар қуриш бўйича 13 та лойиҳани амалга ошириш мақсад қилинган ва бунинг учун 5 миллиард сўм маблағ сарф этилиши мўлжалланган. Бу жорий йилда етиштирилган ҳўл мева-сабзавот, картошка, узум маҳсулотларини жамғариш ва қиш-баҳор мавсумида аҳолини мазкур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаб бориш имконияти янада ошишини англатади.

Президент қарорида 2016 йилги ҳосилдан бошлаб ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни харид қилиш бўйича давлат буюртмасини жорий этиш ҳамда "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналарини хомашё билан барқарор таъминлаш кўрсатиб ўтилган. Шу билан бир қаторда вилоят аҳолиси томорқаларида етиштирилаётган сабзавот, полиз, картошка, дуккакли ўсимлик маҳсулотларининг кунлик истеъмолдан ортиқчасини ҳамкорликда қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи хусусий корхоналарга шартнома асосида топшириш (сотиш) ҳам иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқдир. Бунинг самарасида исрофгарчилик сезиларли даражада камаяди, янги иш ўринлари яратилади, қайта ишловчи минитехнологияларни харид қилишга иштиёқ кучаяди, аҳоли ва хусусий корхоналар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилади, маҳсулотларнинг "даладан дастурхонга" етиб келиши имкониятлари кўпаяди, нарх-наво пасаяди ва барқарорлашади, озиқ-овқат маҳсулотларини кўп миқдорда захирада сақлашга шароит ҳозирланади, ташқи бозорларга маҳсулотлар экспорти кўпаяди. Бир сўз билан айтганда, аҳолининг даромадлари ошиб боради, турмуш даражаси ва сифати юксалиб, иқтисодий барқарорликка эришилади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятимиз аҳолиси ихтиёрида 69678 гектар томорқа майдони мавжуд. Шундан ғалла етиштиришга 39000 гектар, сабзавотга -    10509 гектар, картошкага - 5864 гектар, полиз маҳсулотларига - 2377 гектар, дуккакли экинга - 2948 гектар, мойли экинга - 2330 гектар ва озуқа экинларига - 7100 гектар ажратилган. Бундан ташқари, 3518 гектарда боғлар ташкил этилган бўлиб, улардан ҳар йили 2942 тонна ҳосил олинмоқда. Аҳоли парвариш қилаётган 2690 гектар токзорларда эса 2550 тонна узум етиштирилади. Бундан кўринадики, томорқачи, қайта ишловчи ва экспортчи корхоналар ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш учун улкан салоҳият ва имконият муҳайё, фақат бундан самарали фойдаланиш механизмини такомиллаштириш, тизимли йўлга қўйиш яхши натижа беради.

Хуллас, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бу маҳсулотларни қайта ишлашни кенгайтириш, аҳоли эҳтиёжларини тўла қондириш баробарида маҳаллий бозорни мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари, картошка, узум билан йил давомида барқарор тўлдириш, захирага ғамлаш, истеъмолдан ортганини ташқи бозорларга экспорт қилиш мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳоли турмуш   фаровонлигини юқори даражада таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Норбой УЗОҚОВ,

Қарши давлат университети профессори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!