Меню
Қашқадарё
“ОЖИЗ” ВА “ЎЛИК” ҚОНУНЛАР ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛАДИ?
Бир-бирига тўғри келмайдиган, жамият ва давлат бошқарувида таъсири бўлмайдиган “ожиз” ва “ўлик” қонунларнинг кўп бўлиши, барқарор бўлмаслиги, улардан кўра қонун ости ҳужжатлари ва бошқа идоравий ҳужжатларнинг устун бўлиши нафақат қонунлар, ҳатто давлатга бўлган ишонч ва ҳурматга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Албатта, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан ана шу омилга боғлиқ. Хўш, қонунлар ва қонун ости ҳужжатларининг мукаммаллиги, ўзаро мувофиқлиги ва нуқсонсиз ишлашига эришиш учун нима қилмоқ керак?
Бу борадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинганини айтиш ўринли. Бунда қонунчилик базасини тизимлаштириш, қонунларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижросини таъминлаш жараёнлари сифатини оширишга эътибор қаратилди. Норма ижодкорлигини тартибга солиш ва бу жараёнга инновацияларни жалб этиш кўзда тутилди.
Фармон билан нималар белгиланди ва у қандай янгиликларга асос бўлди?
Биринчидан, қонунлар ва қонун ости ҳужжатларини ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, шу ҳужжатни қабул қилишга эҳтиёж борми, амалдаги қонунлар билан бу муносабатларни тартибга солиш имкони йўқми, деган савол қўйиладиган, сўнгра янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ёки қилмаслик масаласи ҳал қилинадиган бўлди.
Иккинчидан, қонунлар, Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларини қўллашда қўшимча ички идоравий ҳужжатлар қабул қилиш амалиётига барҳам бериш кераклиги таъкидланди.
Учинчидан, эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонун лойиҳасини киритиш чоғида унга, қонун ва қонун ости ҳужжатларини такомиллаштириш, ташкилий техник ва тарғиб қилиш масалалари қамраб олинган тадбирлар режаси ҳам илова қилинадиган бўлди. Тадбирлар режаси Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланади.
Тўртинчидан, Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилингандан кейин алоҳида тадбирлар ва назорат режаларини ҳамда “йўл хариталари”ни қўшимча тарзда тасдиқлаш бекор қилинади. Бу нарсалар ўша қарорнинг ўзида назарда тутилади. Фармон ва қарорларда топшириқлар ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини белгиловчи нормалар, муддатлар ва масъул ижрочилар аниқ кўрсатилиши мажбурий қилиб қўйилди.
Бешинчидан, янги қонун ва қонун ости ҳужжатларини қабул қилиш ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартиришлар киритиш орқали амалга оширилади.
Шунингдек, фармон билан норма ижодкорлиги соҳасини такомиллаштиришга қаратилган Концепция тасдиқланди. Хўш, ушбу концепция қандай йўналиш ва масалаларни ўз ичига олади?
Биринчидан, қонун ҳужжатларидан бир-бирини такрорловчи, зиддиятли, ўз аҳамиятини йўқотган ва ишламаётган нормалар чиқариб ташланади, идоравий қонун ҳужжатлари камаяди, қонун ҳужжатларини қўллашни тушунтириш бўйича Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби такомиллашади.
Иккинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида жамоатчилик муҳокамаларининг таъсирини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлар кўрадиган зарарни ҳисобга олиш ҳамда унинг ўрнини қоплаш тартибини жорий этиш, Конституция нормаларига зид равишда қабул қилинган қонун ҳужжатларини зудлик билан бекор қилиш механизмини яратиш назарда тутилди.
Учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини 2019 йил 1 январига қадар ишлаб чиқиш белгиланди. Шунингдек, фуқароларга қонун лойиҳаларини барча босқичларда кўриб чиқиш жараёнида ахборот олиш имконияти яратилади. Ўзбек ва рус тилида қабул қилинган қонун ҳужжати матнидаги номувофиқликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилади. Назаримизда қонунларимизни давлат тилида қабул қилиш, алифбомиз бўйича якуний тўхтамга келиш вақти етиб келди.
Тўртинчидан, норма ижодкорлиги жараёнига “ақлли тартибга солиш” модели элементларини қўллашга эътибор қаратилади. Бу элементлар фуқаролар ва тадбиркорлар фойдасини кўзлаш, мураккаблаштирувчи тартиб-таомилларнинг амал қилиш муддатини чеклашдан иборатлиги кўрсатиб ўтилди.
Бешинчидан, норма ижодкорлигида фан ва амалиёт ўзаро ҳамкорлигининг мақбул моделини шакллантириш, малакали кадрларни тайёрлаш зарурлиги белгилаб олинди.
Асосийси, аҳолининг ҳуқуқий онг ва маданиятини оширишга эришиш энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолаверади. Шу вазифани бажара олсак, ҳар биримиз бошлаётган ҳаракат ёки ҳаракатсизлигимизнинг ҳуқуқий оқибатини яхши англаймиз, шунга қараб иш юритамиз. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларидан ҳуқуқларимизни қонуний ҳамда асосли талаб қилишга эришамиз. Асоссиз шикоятбозлик, ноқонуний талаб ва кераксиз илтимослар ҳамда ҳуқуқий нигилизмга чек қўйилади.
Абдишукур ОМОНОВ,
вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари