Меню
Қашқадарё
ОЗ ГАПИРГАН-ОЗ ЯНГЛИШАДИ
Одил подшо қуёш билан баҳор ёмғиридек қора тупроқдан гуллар очади ва мамлакат халқи бошига олтин билан дурлар сочади.
***
Мударрис - мансаб ва амалдорликка қизиқмаслиги, ўзи билмайдиган илмдан дарс беришга уринмаслиги, мақтанчоқлик учун мадраса айвонининг тўрини эгалламаслиги лозим.
***
Табобат фанидан саводсиз табиб худди жаллоднинг шогирди кабидир.
***
Яхши хотин - оиланинг давлати ва бахти. Ҳуснли бўлса - кўнгул ёзиғи, хушмуомала бўлса - жон озиғидир.
***
Қаноат - бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди: у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди. Ҳар ким қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди.
***
Сабр аччиқ, аммо фойда берувчи: у - қаттиқ, аммо зиён-заҳматни даф этувчи.
Сабр - шодликлар калитидир.
***
Эшитмоқ кишини бойитади,
Кўп гапирмоқ - саёзлатади.
***
Инсоният боғининг энг гўзал дарахти эҳсондир.
***
Оғзига келганин демоқ - нодоннинг иши ва олдига қўйганин емоқ - ҳайвоннинг иши.
***
Билмаганин сўраб ўрганган - олим, орланиб сўрамаган - ўзига золим.
***
Оз-оз ўрганиб - доно бўлур,
Қатра-қатра йиғилиб - дарё бўлур.
***
Сиҳат тиласанг - кўп ема,
Иззат тиласанг - кўп дема.
***
Оз гапирган - оз янглишади.
Бўстон РАҲМОНОВА тайёрлади.