Меню

Қашқадарё

25.08.2020 1746

Қовунчилар "қовун туширдими?"

Шу йилнинг март ойида наманганлик маҳаллий инвесторлар Баҳодир Раҳматов ва Ҳасанбой Жўраев Касби тумани ҳокимига мурожаат қилиб, деҳқончилик қилиш ва экспортбоп қовун-тарвуз ва кунгабоқар етиштириб экспорт қилиш мақсадида сувли ва унумдор ердан 70 гектар ажратиб беришни сўрашган.

Биласиз, наманганликлар воҳамизда анчадан бери деҳқончилик қилиб келишади, улар етиштирган полиз маҳсулотлари ҳам кўпчиликка яхши маълум. Шунга кўра, Касбида ҳам водийликларнинг ташаббусига рад жавоби берилмаган: экспорт режасини бажариш шарти билан сўралган ер ажратилган. Сув ҳам вақтида бериб турилган.

Бироқ туман ҳокимлигидан маълум қилишларича, водийлик  деҳқонлар бугунга келиб, полиз маҳсулотлари сифати хорижга  экспорт қилиш талабига жавоб бермаслиги, шунинг учун маҳаллий бозорда сотишаётгани, келишув талаблари бажарилмаганига сув танқислигини баҳона қилишаётган экан.

Маълум бўлишича, майдоннинг юқори қисмида катта босимли артезиан қудуғи бўлиб, зарур пайтда суғориш имконини беради.

Албатта, ваъда берилдими, у бажарилиши керак. Қолаверса, қовунчиларга берилган ер ҳам фермернинг пахтага тайёрлаб қўйган майдонининг бир қисми, демак, фермер ҳам бирор манфаат кўришни истайди.

Аммо айни ҳолат бўйича туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Ойбек Сафаровнинг фикрлари ёпишмаган гажакка ўхшаб қолаяпти-да.

Унинг айтишича, жорий йил 15 августидан 15 сентябрига қадар Республикамиз миқёсида "Тозалаш-антитеррор ойлиги" ўтказилиши белгиланган. Деҳқончилик қилиш учун келган, асли Наманган вилояти Чуст тумани Олмос қишлоғидан бўлган Акмалжон Собитов, унинг турмуш ўртоғи ва бир нафар ўғли рўйхатда турмасдан бир неча ойдан буён яшаб келаётган экан.

Шунинг учун уларнинг паспорт маълумотлари профилактика инспекторлари томонидан ёзиб олиниб, тез фурсатда вақтинчалик рўйхатдан ўтиш ёки ҳудуддан чиқиб кетиш (!) бўйича огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари олиб борилибди.

Наманганлик деҳқон эса мазкур ҳолатни ўзича талқин қилиб, "бизнинг ҳудуддан чиқиб кетишимизни талаб қилишяпти" деб нотўғри баҳолаётган экан.

Буларни ўқиб, ўша машҳур "Иван Васильевич касбини ўзгартиради" фильмидаги шоҳ тилидан айтилган "Одамга ўхшаб гапирсанг тушунаман-да" деган киноя ёдингизга келган бўлса эҳтимол.

Қарангки, наманганлик қовунчилар март ойида келишувга эришган.  Келиб-келиб шунча вақт ўтгандан кейин паспорт текшириш ҳаракатига тушиб қолишибди. Қизиғ-а, тўғрими?

Туман ҳокимлигидан сўраб билишимизча, ушбу ҳолат бўйича туман ҳокими наманганлик инвесторлар билан учрашиб, масалага ойдинлик киритмоқчи. Ўз-ўзидан, келгусида Касбига яна ҳужжати жойида бўладими, бўлмайдими, ўзаро келишувни бажарадими, бажармайдими, қатъи назар, инвесторлару деҳқонлар келиш-келмаслиги масаласи ана шундай учрашувлар натижасига боғлиқ бўлиб қолаверади. Шуни эсда тутиш керак...

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!