Меню
Қашқадарё
ОВДА УЛFАЙГАН ОДАМЛАР
Яқинда ёзувчининг “Фрэнсис Макомбернинг омонат бахти” номли ҳикоясини яна бир ўқиб, унда аввал илғамаган ёки эътиборимдан четда қолган талқинларни топгандек бўлдим. Муаллиф ушбу ҳикояда бойлиги кўпу, бироқ бахти ярим оиланинг, қўлини қаерга узатса ҳам етадиган, аммо бундан кўнгли ҳаловат топмайдиган кишиларнинг, ҳаётда яшашни фақат айшу ишрат деб биладиган ялқов, танбал, ланж, хиёнаткор одамларнинг жойи келганда қандай ўзгаришини оддий тилда, бадиий бўёқларсиз, бадиий тўқимага эҳтиёж сезмаган ҳолда худдики бир йўловчи билан ярим соатлик суҳбат қургани каби жўн тасвирлаган. Аммо шу оддийликда бир дунё маъно мужассам.
Қийинчилик нималигини билмаган, бели оғриб нон емаган инжиқ, кибр-ҳаволи, ниҳоятда нозик таъб хотин ва ўз сўзига эга бўлмаган қатъиятсиз эр муносабатлари фақат тарафларнинг шахсий манфаатлари боисгина сақланиб турибди. Сўтак эр ҳавойи, бебош хотин учун фақат бойлик манбаи сифатида аҳамиятли. Эр учун хотинининг чиройи ҳамма нарсадан устун. Уни йўқотмаслик учун хиёнат қилса ҳам кечиради, хурмача қилиқларига ҳам кўз юмади. Энг ёмони, иккаласи ҳам бир-биридан очиқчасига нафратланади, эр учига чиққан қўрқоқ, журъатсиз, хотин эса ярамас, разил, лекин мавжуд манфаатдорлик уларнинг ажрашиб кетишларига йўл қўймайди.
Бекорчиликдан, шунчаки зерикарли ҳаётдан безиб, эр-хотин бир муддат чалғиш учун Африканинг Сафарисига отланади, ёввойи ҳайвонларни овлаб, кўнгилхушлик қилмоқчи бўлишади. Ана шу истаклари олдинига уларнинг аслида кимлигини фош этади ва охир-оқибат шундай бир синовдан ўтказадики, якунда эр жасур, ўз фикри, қарашларига эга ҳақиқий эркакка айланса, хотинда эса ниҳоят одамгарчилик сиёқи пайдо бўлади.
Бир куни ўзларича ўйин деб билган ҳақиқий овга чиқишганда, Макомбер шерни ўлдиролмайди, ярадор йиртқич унга ҳамла қилганда, оёғини қўлига олиб қочиб қолади. Эрини ноқулай вазиятдан қутқариш, унга далда бўлиш ўрнига, хотини ҳар икки гапнинг бирида юзига солиб, унинг кўзини очирмайди, латталигини айтиб, таҳқирлайди, масхара қилади, бу ҳам камлик қилганидек, кўз ўнгида, очиқ-ошкора унга хиёнат қилади. Эр буларнинг барчасини кўриб, билиб турса-да, уни йўқотишдан қўрқиб, дамини ичига ютади. Эртаси кунги қўтос – ёввойи буқалар ови ҳаммасига чек қўяди: бу олишув тийиқсиз жуфтликни синовдан ўтказиб, уларни улғайтириб қўяди. Шер воқеасидан сўнг ўзини қўярга жой тополмай юрган Макомбер қўтос овида ниҳоят ўзини жасур ҳис эта бошлайди. Қўрқув йўқолади. Дадиллик пайдо бўлади. Фрэнсис ўзи сезмаган ҳолда қўрқувни енгганди. “Макомбер яраланган шерни қувишганида ва ўлдиришаётганида туғилган ҳадик яна дилимни зирқиратармикин, деб ўйловди, у ҳолат қайталанмади. Ҳаётида биринчи марта у қўрқув ҳиссини сезмас, бутун вужудида аллақандай бир шавқ, кўтаринкилик мавжуд эди”.
Бирваракайига учта қўтосни йиқитишгач, Макомбер ўзидан мамнун эди. “Ростдан ҳам вужудимда қанақадир ўзгариш рўй берди, - деди у жўшиб. - Мен ўзимни мутлақо бошқа одамдай ҳис қилаяпман”. Ҳа, у мутлақо бошқа одамга айланганди. Аммо бу ҳол Маргаретни қаттиқ хавотирга сола бошлаганди. Чунки ҳақиқий эркакка айланган эрини энди ўз измида ушлаб туриши анча қийин бўлишини у олдиндан сеза бошлаганди. Эрига яна бир бор ҳурматсизлик қилганда, Макомбер: “Эй, хотин, суҳбатимиз маъносини тушунмасанг, нима қиласан гапга аралашиб? - деб биринчи марта хотинига эътироз билдирди... Ҳа, нима? - деди у. - Довюрак бўлсам нимаси ёмон?”
Макомбернинг бу гапига хотини “Эндими? Кеч эмасми?” дейди заҳарханда билан. Эр эса бунга жавобан бамайлихотир: “Мен учун кеч эмас”, дейди.
Хўш, муаллиф қаҳрамонларини синовдан ўтказиш, уларни улғайтириш учун нега айнан Африканинг Сафарисини танлади? Ов қиламан деса Американинг ўзида ҳам бундай жойлар керагидан ортиқча эди-ку?! Муаллиф фикрича, эр-хотин ўз уйида, одатий ҳаёти давомида улғайиши амри маҳол эди. Улар бунинг учун албатта бошқа бир жойда катта ҳаёт мактабини ўташлари, ҳақиқий синовдан ўтишлари лозим эди.
Қадимдан маълумки, Африка халқларида шундай бир антиқа маросим ўтказиб келинган: йигитлар маълум бир ёшга етгач, қуюқ ўрмон ичида турли қийинчиликларни ўзида мужассам этган синовдан ўтказилади. Ким ундан ўта олсагина, ҳақиқий эркак деган шарафли мақомга эга бўлади. Энди у бошқа эркаклар билан овга бориши, уйланиши мумкин. У эркаклар жамиятининг тўлақонли аъзоси, овчи, қабила ҳимоячиси, авлодлар давомчиси. Чунки у синовдан ўтган. Ундан ўтолмаганлар, ёши элликдан ошса-да, гўдаклигича қолаверади. Бунга ҳикоя қаҳрамони Макомбернинг овгача бўлган ҳаётини мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Ярадор шернинг даҳшатли бўкиришию унга ҳамла қилиши, кўзига қон қуйилган қўтоснинг ваҳимали важоҳати, қолаверса, аёлининг мудом тергашлари, назар-писанд қилмаслиги, ҳақоратлаши, одам ўрнида кўрмаслиги, шунингдек, овчи Уилсоннинг шаҳарлик гўдак-бойваччага нисбатан паст назар билан қараши – буларнинг барчаси Макомберда қўрқув аталмиш иснодли ҳиссиётдан халос бўлишга туртки бўлди, дадил бўлишга ундади, уни балоғат синовидан ўтказди. “Энди у хотинининг ановинақа ишларига йўл қўймайди... Бечора бир умр қўрқиб-қалтираб келган бўлиши керак. Энди ундай бўлмайди, тамом-вассалом!.. Энди уни букиб бўлмайди”.
Жасурлик ҳар даврда қадрланган, қўрқоқлик эса эркак киши учун иснод саналган. Аввалига Уилсон Макомберга қўрқоқлиги боис нафрат билан қараган бўлса, ов охиридаги довюраклигини кўриб, унга нисбатан ҳурмати орта боради. Буни очиқчасига тан ҳам олади. Макомбер унинг кўз ўнгида улғайган эди.
Ҳа, энди у мутлақо бошқа одамга айланганди. Бир вақтлар бурнидан ип ўтказиб олиб, хоҳлаган кўйга солинган эрни энди бошқариш қийин бўлади. Буни англаб етган Маргарет бу сафар ҳам ўз билганича йўл тутади – милтиқни эрига қараб тўғрилайди...
Ҳикояда Макомбернинг эндигина эришган бахти бир лаҳзалик бўлгани ўқувчини қаттиқ таъсирлантиради. Бари фожеали тугайди: овчи Уилсон мижозининг ҳаётини, шартномада келишилганидек, сақлаб қололмади, Маргарет эса жиноятга қўл уриб, аслида ҳам ғурбатга тўла ҳаётини ўз қўли, хоҳиши билан чилпарчин қилди. Бу ерда ютган фақат Макомбер бўлди. У узоқ кутган нарсасини, бир лаҳзалик бўлса-да, бахтини топди, уни ҳис қилди, ғурур, ор-номус кучини, аҳамиятини теранроқ англаб етди. Бу ҳаётда бойлик, машҳурлик, шон-шуҳратдан ҳам юксакроқ неъматлар борлигини бир муддат бўлса-да, ҳис этди. У бахтиёр эди. Муаллиф нуқтаи назарида, у ўлмади, балки гўдакликдан балоғат ёшига ўтди. Ҳикоядан кўзланган мақсад ҳам аслида шу эди.
Ҳикоя сўнгидаги яна бир ҳолат эътиборли. Шу вақтгача ҳеч кимнинг гапини гап демаган, ўз билганидан қолмаган, бирон кимсага бўйин эгмаган калондимоғ, такаббур, инжиқ Маргарет ниҳоят тавбасига таянади. Уилсоннинг бепарволарча танбеҳларига, ҳақ гапни айтганига, бироз тинчлантирганига, эрингиз энди менга ёқиб келаётганди, афсус, деган иддаоларига ўшқириб, қўрс оҳангда жавоб қайтараверади. Уилсон эса уни таъқиб қилишда давом этади. Охири бардоши етмаган Маргарет: “Ўтинаман, жим бўлинг! - деб ёлворади. - Ўтинаман! Худо ҳақи, жим бўлинг!”
- Бу бошқа гап, - деди Уилсон. - Ўтинаман, деганингиз анча дуруст. Энди жим бўламан”. Бу ерда Маргаретнинг, бироз бўлса-да, ўзгаргани, одам қиёфасига киргани, улғайганига ишора қилинаяпти.
Ҳикояни ўқир эканман, унинг қайсидир жиҳатларини таниқли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг “Ўзбек иши” ҳикоясидаги қаҳрамонлар тақдири билан таққослашга уринаман. Бизнинг менталитетдан мутлақо бехабар Корягин собиқ иттифоқ миқёсидаги катта мавқега эга терговчи бўлса-да, мустамлака мамлакатлар халқларини хоҳлаган кўйига сола билса-да, хотинининг очиқчасига хиёнатини жимгина қабул қилади, ҳеч бир эътироз билдиролмайди. “Хўш, ўша “иблис” кимлигини айтсам, қўлингдан нима келарди? Дуэлга чақирасанми? Ё бориб сўйиб келасанми? - Яна чуқур сўлиш олди. - Ўзим аҳмоқман! - деди ўкинч билан. - Виждоним олдида пок бўлай деб… - Овозида қатъият билан таъкидлади. - Хотиринг жам бўлсин! Энди бунақа “иш” такрорланмайди…”
Хотинининг кетиб қолишидан қўрқиб, ҳар қандай ҳақоратга, иснодга чидайди Корягин. Мана сизга қўрқувнинг кучи. У ориятни ер билан яксон қилаяпти, ғурурни ўлдираяпти. Лекин ҳибсда ушлаб турилган, қўл-оёғи боғлиқ, имконсиз одамлар билан эса пасткашларча муносабатда бўлади. Ўзининг ор-номуси бўлмагач, қолганларни ҳам шундай деб ўйлайди. Ўз мақсадига етишиш, юқоридагиларга яхши кўриниш учун туҳмат билан ҳибсда ушлаб турилган Жумановдан иқрорлик хатини олишга уринади. Бу йўлда ҳар қандай қабиҳ, жирканч ишларни қилишдан ҳам тоймайди. “Эртага, йўқ, бугун сенга ғалати томоша кўрсатаман! Кампир-хотинингни рецидевистлар ўтирган камерага тиқаман. Бир йўла учтаси баравар зўрлайди! Сен туйнукдан томоша қиласан!” - дейди Жумановга. Ночор ҳолда ўтирган Жуманов бу иблисдан ҳар нарсани кутиш мумкинлигини биларди. Ундан шафқат сўраб, паст кетгандан, кўз ўнгида жуфти ҳалолини хўрлашганини кўргандан кўра ўлимни афзал билади. Мана сизга ориятнинг, ор-номуснинг кучи. Бундай туйғулар Корягин каби манфур кимсалар учун мутлақо ёт нарса. У бунга тушунмайди, у ўзбек эркаги атиги шунинг учун ўзини ўлимга маҳкум этганидан таажжубда.
Ҳар бир миллатнинг ўз характери бор. Аммо орият, шаън каби муқаддас тушунчалар ҳаммада бўлиши керак. Чунки булар инсонни инсон сифатида сифатлайдиган буюк туйғулардир. Шундай туйғуларимиз бор бўлсин, улар асло ўлмасин! Зеро, номусимиз, оримиз тириклигимиздир!
Мусо МУРОДОВ