Меню
Қашқадарё
Отчопардаги хонадонда газ портлади
Бугун соат 08:10 ларда Қарши шаҳридаги Отчопар маҳалласида жойлашган уйларнинг бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши юзага келган. Оқибатда бинонинг деворлари қулаган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бирламчи маълумотни эълон қилди.
Таъкидланишича, воқеа жойига вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув гуруҳи зудлик билан етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган. Афсуски, ушбу ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаронинг жасади вайрон бўлган уй ичидан олиб чиқилган.
Шунингдек, ҳодиса жойига фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари ва прокуратура ходимлари етиб борган.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, газ портлаган хонадон Қарши-Шаҳрисабз йўлидаги намунали тураржойлар қаторида, “Ҳамро бобо” тўйхонаси рўпарасида жойлашган.