Меню

Қашқадарё

04.12.2020 1567

ОТБдан яна 60 миллион доллар қарз олиб нимага эришмоқчимиз?

Ривожланиш стратегияси

Осиё тараққиёт банки иштирокидаги "Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш" лойиҳаси доирасида келгуси йилда Қашқадарё вилояти "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонаси учун умумий қиймати 4 миллион 451 минг АҚШ долларига тенг махсус техника ва транспорт воситалари, мобиль лаборатория харид қилинади ҳамда сервис маркази қурилади.

Ҳукуматнинг тегишли қарорида қайд этилишича, шу йил 17 апрелда Осиё тараққиёт банки Директорлар кенгаши "Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш" лойиҳасини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасига 60 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз беришни маъқуллаган. Лойиҳанинг умумий қиймати эса 112 миллион доллар эквивалентини ташкил қилади. Шундан мамлакатимизнинг улуши (52 миллион доллар) лойиҳага солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш шаклида (44,01 миллион доллар) ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг маблағлари (7,99 миллион доллар) кўринишида йўналтирилади.

Беш йилда рўёбга чиқариладиган мазкур лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар ҳудудларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга "Тоза ҳудуд" ДУКлари учун 339 та махсус техника, 8 та мобиль лаборатория, 6 мингта контейнер етказиб бериш ҳамда 13 та сервис маркази ташкил этиш назарда тутилган.

Хусусан, ОТБ томонидан берилган қарз ҳисобидан вилоятимизда 29 та чиқинди ташиш техникаси (2 миллион 262 минг доллар), 580 та 1100 литр сиғимли чиқинди контейнерлари (249 минг доллар), мобиль лаборатория (330 минг доллар), экскаватор (120 минг доллар), тиркамали шатакка олувчи ва бошқа транспорт воситалари (220 минг доллар), техник ёрдам автомобили (70 минг доллар) харид қилинади. Шунингдек, сервис маркази қуришга 1 миллион 200 минг доллар ажратилади.

Вилоят "Тоза ҳудуд" ДУК бошлиғи Улуғбек Бўриевнинг айтишича, махсус техника ва транспорт воситаларига хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган бу сервис маркази ва маъмурий бино қуриш учун  корхонага Қарши шаҳри янги айланма йўли ёқасида 50 сотих атрофида жой ажратилган.

Қарор билан тасдиқланган "йўл харитаси"да белгиланганидек, республиканинг барча ҳудудларида сервис марказлари қуриш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш 2021 йилнинг март ойигача якунланиши лозим. Лойиҳа доирасида  чиқинди ташиш машиналари ва чиқинди контейнерлари, мобиль лабораториялар, бошқа транспорт воситаларини харид қилиш бўйича тендер савдолари келгуси йилнинг январь ойида эълон қилиниб, март ойида ўтказилади. Экскаваторлар, тиркамали шатакка олувчи транспорт воситалари, техник ёрдам автомашиналарини сотиб олиш учун ташкил этиладиган тендер савдоларининг ғолиблари эса 2021 йилнинг июнь ойида аниқланади. Харид қилинган техника ва воситаларни тақсимлаш келгуси йил давомида амалга оширилади.

Ҳужжатда келтирилган мақсадли кўрсаткичларга қараганда, "Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш" лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида вилоятимизда санитар тозалаш хизматлари билан қамров даражаси маҳалла фуқаролар йиғинлари бўйича 65 фоиздан 75 фоизгача, аҳоли сони бўйича эса 49 фоиздан 58 фоизгача оширилади.

Ваҳоланки, мамлакат Президентининг шу йил 29 сентябрдаги қарори талабига кўра, вилоятимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинларини маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш кўрсаткичи шу йилнинг охиридаёқ 90 фоизга етказилиши шарт эди.

Темур НИЗОМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!