Меню
Қашқадарё
ОТАМНИНГ ХАЗИНАСИ
Ҳикоялар
Отам устахонада чархдан ўт сачратиб тиғли асбобларни тоблаб ўтираркан, негадир шу жулдур чопони ва қадоқ қўллари билан болалик тасаввуримда афсонавий баҳодирларга ўхшаб гавдаланарди. У киши одатда олдига иш билан келган одамлар билан фақатгина салом-алик қилар, кимдир ёнига ўтириб гурунг бериб қолса ҳам ортиқча гап-сўзлардан тийилиб, индамайгина ишини бажараверарди. Гурунг бергувчи норози бўлиб:
- Уста, ичингизга тилла беркитганмисиз?! Қанча гапирдим, индамайсиз-а! - деса, отам кулимсираб:
- Эшитаяпман, эшитаяпман, - деб қўярди, холос.
Бу ҳолни кузатиб эса гўё у зот ҳаммадан кучли одамдек, менинг ихлосимни янада оширарди.
Аммо одам боласи йил сайин улғайиб, йил сайин ўзгарар экан. Мен ҳам улғайиб ёшимга ёш, ақлимга ақл қўшилдию, бир куни отам ҳеч қандай баҳодир эмас, оддийгина бир ишчи эканини тушуниб қолдим. У кишининг чарх олдида мук тушиб ғарибсифат ўтиришлари ҳам ўшанда кўзимга ачинарли кўриниб кетди.
Бу орада, адашмасам, мактабни битириш арафасига яқинлашган йилларимиз, таътилга чиқиб биз - уч-тўрт оғайнида мардикорчилик қилиш фикри туғилиб қолди. Уйдагиларга бу ҳақда айтар эканман, мен мисоли ишлаб топган ҳақимни отам олиб қўйиши мумкиндай, ўзим билан шерик дўстларим пулни фақат ўзлари учун йиғаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдим.
- Яхши, ҳалол меҳнатнинг айби йўқ, - деди отам ўз одатига хос босиқлик билан. - Фақат оғир ишлар қилманглар. Ўт ўриш, ариқ ковлаш бўлса, дуруст.
Ўртоқларим билан ишлаб жуда ёлчитмаган бўлсак-да, ишқилиб қўлимиз уч-тўрт сўм кўриб қолди. Мен ҳар сафар арзимаган иш ҳақимни олишим билан келтириб онамнинг қўлига топширар, худди бир дунё пул йиғиб ошиб-тошиб кетаётган одамдай ўзимда йўқ шод эдим!
Шундай қилиб, таътил ниҳоялаб дўстларим билан осон ва сердаромад иш излайвериб қилган саргузаштимиз ҳам поёнига етди. Жамғарганларимни сўраб онамга юзлансам, у берган пулнинг чўғи камроқдай эди.
- Қолгани қани?! - дедим аччиқланиб, - бу ярми ҳам эмас-ку!
- Отанг олганди, - жавоб берди у киши.
- Нега олади?! Ахир пулни фақат ўзим учун йиғишимга келишмаганмидик?!
- Ундай дема, эшитса хафа бўлади-я! Отанг ҳали ҳам сенинг ўзингга деб олди, болам. Ўғлимнинг ўз пешона теридан ўзига чарх, асбоб-ускуна олиб қўяман, мактабни битирса ёнимда ўтириб иш ўрганади, деяётган эди.
- Боринглар-э! Келиб-келиб чархчи бўламанми! - дедиму, аразлаб уйдан чиқиб кетдим.
Ҳойнаҳой бўлиб ўтган гаплардан хабар топган бўлса керак, бир неча кун ўтиб отам қўлимга бироз пул берди.
- Буни олгин, ўғлим, мактабинг ҳам очилишига оз қолди, - сир бой бермади у. - Ўзинг топган пулдан қолганига қўшгин-да, бозорга тушиб усти-бош олгин.
Ўспириннинг феъли тошбақага ўхшайди асли: терс бўлиши ҳам, ўнг бўлиши ҳам осон. Отам узатган пулни олдиму, қайтадан димоғим чоғ бўлди-қолди!
Ўн бир йиллик мактабни тамомлагандан сўнг ортиқ ўқишларимни давом эттиролмадим, камхаржлигимиз панд берди. Отам кутганидай оддий чархчи бўлгим эса йўқ эди. Бироз вақт бозорда ишладим, бир муддат тайинли иш ахтариб шаҳарга кетдим. Отам ҳам ёнига чақириб қистагани йўқ, ўз майлимга қўйиб берди. Бироқ, шу ўртада онам топган қизга уйланиб бўйнимга олахўржин тушдию, кундалик сарф-харажатларим учунгина пул ишлаб топиб такасалтанг юришларимга чек қўйиш пайти келганига ақлим етди.
- Ота, - дедим ўшанда унинг қаршисида бошимни эгиб, - менинг чархим турибдими?
- Баракалла, оилабоши бўлиб қопсан-ку ўғлим! - елкамга қоқди отам. - Келажак ҳаётингда бутун умр шу учта нарсани унутма. Биринчиси, дарахт бир жойда кўкаради, иккинчиси, тўғри тиласанг Худо ҳеч қачон ризқингни узиб қўймайди, учинчиси... Ота касби - хазина, болам, ота касбида барака бўлади! Чархингни асраб қўйганман, албатта!
Хижолат тортиб отамнинг мамнунликдан порлаб турган юзига ердан аста қараб олдиму, бу сафар у зот кўзимга донишманд авлиёдай кўриниб кетди-ей!
Шундай қилиб устахонада иш бошлаб юбордим. Биргалашиб секин-секин фаолиятимизни кенгайтирдик, устахона олдига раста жойлаштириб, турли асбоб-ускуна ҳам сота бошладик... Бугун отамни кўпга қўшганимизга етти-саккиз йил бўлиб қолди, Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин. Минг шукур, у киши қолдирган хазина билан бола-чақамни ҳеч нарсага зориқтирмай боқиб келаяпман.
“ЁМОН” КУТУБХОНАЧИ
Мактабимиз кутубхонасини қанчалик яхши кўрсам, кутубхоначимиз Сабо опани шу қадар ёмон кўрар эдим. Ёши қирқдан ошган Сабо опа назаримда мен ҳаётда ёмон деб ҳисоблаган инсонларнинг энг ёмони эди! Унинг биз болаларни кутубхонага киритишни истамай хонани ичидан қулфлаб олганлари, баъзан ўқиш учун танлаган китобларимизни қўлимиздан тортиб олгани кечагидай ёдимда...
Мустақиллик болалари эмасмизми, "линейка", умумий мажлисларда синфдошлар билан уюшиб директоримизга унинг устидан шикоят қилиб турардик.
- "Китоб олиш учун борсак, уришиб кутубхонадан чиқариб юборди!"
- "Ҳар хил баҳоналар билан кутубхонага киритмайди!"
- "Фалон китобни варақлаб кўраётсам, қўлимдан юлқиб олиб қўйди!"
Бундай шикоятлар азбаройи одат тусига кирганидан директоримиз кўпинча асабий бир тарзда жим туриб қолар, сўнг қовоғидан қор ёғиб Сабо опага "Яна-я?!" деган каби ўқрайиб кўз тикарди. Директорнинг нигоҳидаги саволни уққан Сабо опа ҳам шошиб ўзини оқлашга уринарди.
- Ўзлари кутубхонани бошига кўтаришади... - дерди у жиноят устида қўлга тушгандай довдираб. - Аслида ўқишмайди... Олган китобларини қайтаришмайди... Оёқ кийимларининг лойини кўрсангиз эди...
- Қўйсангиз-чи!.. Қўйсангиз-чи бўлмағур гапларни!.. - директоримиз кутубхоначини жазолаш ўрнига, гўё аразлаган гўдакдай ўрнидан туриб кетиб қоларди. Ҳаммага бош ўзи бўлса, нега директор уни қаттиқ уришмайди ё тамом ишдан бўшатиб қутулиб қўяқолмайди - шахсан мен сира тушунмас эдим.
Орадан йиллар ўтиб мактабни тамомладик, биз билан уриша-уриша эрта қариган Сабо опа нафақага чиқиб кетди...
Мактабни тугатганимиздан олти йил кейин, яъни 2013 йил май кунларида телефоним жиринглади. Кўтарсам, аёл киши, худди мени олдиндан танийдигандай сенсираб гаплашиб, рақамимни мактабдаги ўқитувчилардан олганини айтди. Мактабда ижодий тўгарак очиб, ўқувчиларнинг шеърларини матбуотда эълон қилиб турганим учун аввалига аёлни тўгарак аъзоларидан бирининг онаси бўлса керак, деб тахмин қилгандим. Ундай бўлиб чиқмади, телефон қилган Сабо опа экан - ўша ёмон кутубхоначимиз! У кутилмаганда қилган қўнғироғидан ўзи ҳам хижолат тортаётгандай талмовсираброқ соғлиғим, ижодий ишларим қандай кетаётгани билан қизиққан бўлди.
- Асли телефон қилганим... Сен эшитмадингми, - деди ниҳоят индаллога кўчиб. - Ростмикан?.. Ҳалиги... гаплар... Радиода гапиришди дейишаяпти-ку?..
Мен унинг гаплари мағзини ҳам, нимага бундай оғир кайфиятда экани боисини ҳам тушунолмай ҳалак эдим.
- Қайси гаплар? Аниқроқ гапиринг, - сўрадим охири вазиятга ойдинлик киритиш учун.
- Радиодаги гаплар... Шундай бўлибдими чиндан?.. А?.. Ўлибдиларми?
- Ким?!
- Ким бўларди... Ҳошимов-да.
Эй, ҳа-а... Эрталаб тошкентлик ижодкорлардан адиб Ўткир Ҳошимовнинг вафот этгани ҳақида эшитган эдим-а...
- Ўзи раҳматига олсин... Шундай дейишаяпти, - дедим ноқулай бир вазиятга тушган ҳолда. Сабо опа "Уҳ-ҳ!.." деди-ю, телефонни ўчириб қўйди...
Чамаси орадан икки кунча ўтиб Сабо опа ҳақида қишлоқда "Бир ёзувчи оламдан ўтганини эшитиб юраги "приступ" берибди деган масхаромуз гап тарқалди. Шу билан бирга менинг кўзим ҳам ярқ этиб очилгандай бўлди. Сабо опанинг кутубхонада салгина шовқин кўтарсак тутақиб кетиши, кутубхонага оёқ кийимларимизнинг тоза эканига ишонч ҳосил қилгандан кейингина киргизиши, баъзан биздан китобларни қаттиқ қизғаниши боисини ўзимча англаб, уни бирмунча тушунгандай бўлдим.
Ҳа, ҳаётда ҳеч бир инсон ҳақида шошиб хулоса чиқармаслик керак экан. Инсоннинг ихлоси вақт ўтиб билинаркан...
Байрам АЛИ