Меню

Қашқадарё

27.10.2018 2158

ОТАМ АЙТГАН РИВОЯТЛАР

- Эшитинглар, бир ривоят айтиб бераман, ўзларингиз маъно ажратиб оласизлар, - дерди.

“Ривоят этишларича бир бойнинг уч ўғли бўлган экан. Бой умри давомида ҳалол яшаб, мол-мулкини оширган, боши ёстиққа етганда эса давлатидан фарзандлари қандай фойдаланишларини билиш ниятида уларни ҳузурига чорлабди:

- Ўғилларим, сизларни хор-зорлик кўрмасин деган ниятда меҳнатдан бўйин товламадим, йиққан бойлигим етар деб ҳаракатдан тўхтамадим, энди уларни тақсимлаб бериш осон бўлсин деган ниятда тиллога айлантирдим, мана, ҳар бирингизнинг улушингиз, бунинг ҳисобидан ҳар шаҳарда бир қалъа солиб келинглар. Ҳаётда қандай ўрин тутганларингизни билиб, кўнглимни ором топтириб сўнгра омонатимни топширмоқчиман, - дебди.

Фарзандлар уч томонга қараб йўл олишибди. Катта фарзанд олдидан чиққан ҳар бир манзилгоҳда моҳир усталарни ёллаб, кошона қурдириб кетаверибди. Отасидан олган улуши тугагач, кўнглини тўқ қилиб изига қайтибди. Иккинчи ўғил ҳам акасидан қолишмабди, ўнлаб кентларда сарой қурдирибди.

Кенжа фарзанд йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди, ўнлаб кентлардан ўтибди. Бир шаҳарнинг карвонсаройида ҳордиқ чиқариб ўтирганида икки йўловчининг суҳбатини эшитиб қолибди:

- Шу шаҳарда бир Ҳотамдай саховатпеша киши яшарди. Мақсад-муддаоси эзгулик қилиш, ғарибларнинг дилини чоғлаш, кийимсизнинг эгнини бутлаш, очларнинг қорнини тўқлаш эди. Яқинда ношуд хизматкорнинг айби билан бор мол-мулки ёнғинда ғорат бўлибди, - деб ҳикоя қилибди биринчи йўловчи.

- Бечора, энди нима иш қилаётган экан, - сўрабди иккинчиси.

- Меҳнатнинг айби йўқ, одамларнинг эшигида хизмат қилиб гузаронини ўтказаётган эмиш. Лекин бирни иккига айлантириш унинг учун мушкулот эмас, ҳозир ҳам топган тўрт-беш чақасини  зарурмандлардан аямаётганмиш, ҳали кўрасан, тағин унинг бойлиги ҳисобга сиғмас бўлиши шубҳасиз, уни яратган эгамнинг ўзи қўллайди.

Кенжа ўғил эртаси куни ўша саховатпеша инсонни излаб топибди, қараса бир ҳасис бойнинг деворини уриб бераётган экан. У билан дўст тутинибди, аста-секин ўз бойлиги эвазига унинг савдо-сотиқни йўлга қўйишига кўмаклашибди.

Хуллас, кенжа ўғил қайси шаҳарга бормасин, отаси берган улушни ўзига бир умрлик дўстлар орттиришга      сарфлабди.

Вақти етиб уч ўғил ота ҳузурига бош эгиб киришибди.

- Қани, мен берган улушни нималарга сарфладингизлар, эшитиб кўнглим ором олсин, - сўрабди бой.

Катта ва ўртанча ўғил қайси кентларда сарой, қалъа қурганларини бир-биридан шошиб ҳикоя қилишибди. Бой уларнинг айтганларини эшитиб узоқ сукутга кетибди-да, сўнгра кенжа фарзандига қараб:

- Сиз нима қилдингиз болам? – дебди.

Кенжа ўғил ўнлаб шаҳарлардан орттирган юзлаб дўстлари, уларнинг хайр-саховатли ишлари, бу эзгу аъмолларга ўзи қандай ҳисса қўшганлиги ҳақида завқ-шавқ билан гапириб берибди.

Хасталик тўшагида ётган бойнинг юзига нур энибди:

- Баракалло ўғлим, ҳақиқий, мен истаган қалъани сен бунёд этибсан. Саройлар бузилади, қалъалар емирилади, аммо дунёда инсон учун сирини ишонадиган, дардини бўлишадиган дўстдан улуғроқ, азизроқ қалъа топилмайди, - деб кенжа ўғлини олқишлабди”.

Шу хусусда халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган ҳикматли нақли ҳам бор: “Дўстинг мингта бўлса-да оз, ғаниминг битта бўлсаям кўп”.

2

Падаримиз ёлғиз фарзанд эди, туғишганлари йўқлигидан кўнглига камлик оларди. Бир гал акам билан опам ғижиллашиб қолди. Ҳаммаси арзимаган тортишувдан чиқди. Акам ўқиётган китобни опам дугонасига бериб қўйибди. Гап талашишнинг ниҳояси калтак еган опамнинг кўз ёш тўкиши билан ниҳояланди. Олис яйловлардаги чўпон-чўлиқлардан хабар олиб   қайтган отам опамнинг қизарган кўзини кўриб сўради:

- Кўзингга нима қилди?

Опам ҳиқиллашга тушди.

- Буларингиз бир китобнинг устида ёқа бўғишди, - воқеани гапириб берди онам.

Отам чуқур хўрсинди, акамга норози нигоҳ ташлади:

- Йигит киши бўлиб қиз болага, тағин синглингга қўл кўтаришга уялмадингми?

- Ўзи-да, мақтанчоқлик қилиб ҳали ўқиб тугатмаган китобимни дугонасига бериб юборибди, ким билади йиртиб келадими.

- Қизиққан одам китобни йиртмайди, бир-икки кун кечикиб ўқиганингда нима қиларди?

- Қачон қараманг шу бижилдоқ қизингизнинг ёнини оласиз-да.

- Эҳ-ҳ, болам, ҳали ёшсан, ака-ука, опа-сингилнинг қадрига етармидинг, ҳали уларнинг ўрни қариганингда билинади. Қани эди менинг ҳам ака-укам, опа-синглим бўлса. Майли, икки оёғи шол, кўзлари сўқир бўлса ҳам уйимнинг тўрига ўтказиб, атрофида парвона бўлардим. Айниқса туғишганинг аёл бўлса, унга эътиборли бўлиш керак. У сендан меҳр кутади, уларни Гўрўғлибек бежиз ночор атамаган:

Отни таблага боғлаган,

Кесиб жигарин доғлаган,

Ўлганда зорин йиғлаган,

Ночор керакдир йигитга...

Кейин отамиз куйидаги ривоятни мисол келтирдилар:

“Бир ночор аёлнинг укаси, эри, ёлғизгина ўғли ўғрилик устида қўлга тушиб, элнинг хони уларни қатл этиш тўғрисида фармони олий чиқарибди.

Орага оқсоқоллар тушибди, хон амридан қайтмабди. Шунда аёл:

- Ҳукмдорнинг ҳузурига ўзим борай, зора кўз ёшларим таъсир қилиб, яқинларимни жазодан озод этса, - дебди.

У айтганидай бўлиб чиқибди. Хон онаизорнинг нолаларига бепарво қаролмабди.

- Эй, муштипар аёл, яқинларинг катта жиноятга қўл урган, ҳар учаласини бирданига жазодан озод этолмайман, аммо оналигинг ҳаққи-ҳурмати, улардан бирини танла, жаллод қўлидан қутқариб қолай, - дебди.

Аёл йиғилганларни лол қолдириб, укасининг афв этилишини сўрабди. Хон бу синоатдан ҳайрон бўлибди:

- Яқинларингдан бирини афв этишга ваъда бердим, нега сен орзу-умид билан бир ёстиққа бош қўйган эрингни ёки ёлғизгина дилбандингни танламадинг?

- Мен аёл кишиман, яратганнинг иродаси, хоҳласам яна турмуш қуришим, бўлғуси эримдан бола кўришим мумкин, онамнинг дунёдан ўтганларига эса анча йил бўлди, энди менга укани ким туғиб берарди…

Хон аёлнинг донолигига тан бериб, унинг эри ва ўғлини ҳам дор остидан қайтарган экан...”

3

Яқинларимиздан бири яхшигина пул топарди. Ўша даврда ҳалол йўл билан бунча пул топиш осон эмаслигини ҳаммамиз билардик. Аммо топарманлиги ошгани сайин, унинг кибр-ҳавоси ортиб борарди.

- Эришган озгина ютуғинг билан қаноатланиб, манманлик ботқоғига ботсанг асло яхши ном қозонолмайсан, - деди бир куни отам унга маслаҳатомуз оҳангда. – Мақсадга эришишнинг калити  меҳнат, ҳалолга ҳавас, ҳаромдан ҳазар қилишдир.

Сўнгра қуйидаги ривоятни айтиб берди:

“Қадим замонда чол ва кампирнинг ягона ўғли бўлиб, уни еру кўкка ишонишмас, қўлини совуқ сувга урдиришмас экан. Бунинг оқибатида ўғил довдир ва такасалтанг бўлиб ўсибди. Йиллар ўтиб чол мадорсиз қолибди. Ўғлини ёнига чорлаб:

- Энди мен оғир меҳнатга ярамайман, рўзғорни тебратиш юки сенга қолди, ишлаб бир кунимизга етадиган пул топиб кел, - дебди.

Ўғил ҳайрон, “ишлаш, пул топиш дегани нима”, “қаерга бошимни урсам бўларкин”. Шу ўй-хаёлда кўчага чиқса, бир гала одам қимор ўйнаб ўтирган экан, у ҳам тўдага қўшилибди, омади юришибдими, ҳар қалай кечга томон бир даста пул кўтариб уйига қайтибди.

- Мана ота, шу пул бир кунимизга етадими?

Чол индамайгина пулни олибди-да, дастаси билан ёниб турган ўчоққа ташлабди. Йигит пинагини бузмабди:

- Истасам, бундан ҳам кўпроқ топаман, - дебди у.

Ота ўғлидан ранжибди:

- Бу пулинг чойни ҳам қайнатолмади, бошқа топиб кел.

Эртасига ўғил саёқ дўстлари билан кўча кезиб, йўлтўсарлик қилиб олдингисидан ҳам кўп пул топиб келса-да, отасини қувонтиролмабди. Учинчи куни хомуш юриб, тегирмон олдига келиб қолибди.

- Эй йигит, - мурожаат этибди унга тегирмончи. – Нега паришонсан?

Йигит хўрсиниб, ҳасрат қилибди:

- Отам “энди эр етиб қолдинг, оиламиз қора қозонини қайнатадиган пул топиб келиш сенинг байингга тушади” деганди. Икки кун мобайнида қанча пул топиб борсам ҳам у кишининг кўнглини тополмаяпман.

- Иш топмаётган бўлсанг бугун менга ёрдам берақол, ҳақингни ортиғи билан тўлайман.

Йигит ноилож рози бўлибди. Куни билан тегирмонга келганларнинг донини тушириб, унини уловига юклаб берибди. Оғир меҳнатга ўрганмаган йигитнинг қўллари қавариб, елкаси яғир бўлибди. Кечқурун тегирмончи берган иш ҳақини олиб уйига қайтибди. Чол тағин пулни беписанд қўлига олиб, оловга ташлабди. Кун бўйи ҳалол меҳнати эвазига топган сармояси ёнаётганига чидолмаган йигит ўчоққа ташланибди. Ўғлидаги бу ўзгаришни кўрган чол хурсанд бўлиб:

- Ана шундай пул топсанг, хонадонингда доим илиқлик бўлади, - дебди.

Чол шундай қилиб ўғлининг қалбида урчиган манманлик, кибр, дангасалик каби иллатларни ўлдирган экан...”

...Отам вафот этганига чорак асрдан ошди. Ҳали-ҳануз у киши билан боғлиқ хотиралар қатига кўп назар ташлайман ва ёдимда сақланиб қолган ҳар бир сўзи, хатти-ҳаракатларидан янгидан-янги ҳикматлар кашф этавераман.

Абдунаби АБДИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!