Меню
Қашқадарё
ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?
Маълумки, Оила кодексининг 61-моддасида боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланиши кўрсатилган. Она вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда, онанинг қаердалигини аниқлаш имконияти бўлмаганда ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, оталик васийлик ва ҳомийлик органи билан келишилган ҳолда ўзини боланинг отаси деб тан олаётган шахснинг аризасига биноан белгиланади.
Боланинг отаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, оталикни белгилаш тўғрисидаги аризани унинг номидан васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан ҳомийси бериши мумкин. Оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганини қайд этиш вақтида, шунингдек, бола туғилганлиги қайд этилгандан кейин ҳам берилиши мумкин. Агар оталикни белгилаш тўғрисида бола туғилгандан сўнг эр-хотин биргаликда ариза беришининг имкони бўлмай қолиши ёки мушкул бўлишини кўрсатувчи асослар мавжуд бўлса, туғилажак боланинг ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онаси шундай аризани она ҳомиладорлик вақтида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига беришга ҳақли. Оталикни белгилаш рад этилганда, ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс суд тартибида шикоят қилиши мумкин.
Хўш, суд тартибида оталикни белгилаш тушунчаси нима?
Оила кодексининг 62-моддасига кўра ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, ушбу кодекснинг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.
Қайд этиш лозим, Олий суд пленумининг 2011 йил 25 ноябрдаги "Судлар томонидан оталикни белгилашга оид ишларни кўришда қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисида"ги қарорида давлат томонидан оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши, болалар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг, ота-онанинг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, ҳимояланиши каби конституциявий принципни таъминлаш судларнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланиши, шу муносабат билан, судлар оталикни белгилаш хусусидаги ишларни тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этишга нисбатан эътиборни оширишлари, мазкур тоифадаги ишларни судда кўришга пухта тайёрлашлари, ишнинг ҳақиқий ҳолатлари ва тарафларнинг ўзаро муносабатларини тўла аниқлаш юзасидан чоралар кўриши, оталик, агар боланинг ота-онаси қандайдир сабабларга кўра фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига унинг келиб чиқиши (насл-насаби) тўғрисида биргаликда ариза бермаган бўлсалар, суд томонидан белгиланиши қайд этилиб, суд амалиётида оталикни белгилаш билан боғлиқ низоларни қонуний ва адолатли ҳал этиш учун вужудга келадиган барча масалаларга ойдинлик киритилган.
Яна бир эътиборли жиҳати, Президентнинг 2018 йил 12 июндаги "Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан 2018 йил 1 июлдан бошлаб судлар томонидан оталикни тан олиш (белгилаш) тўғрисидаги аризаларни кўрганлик учун давлат божи ундирилиши бекор қилингани оналик ва болалик давлат муҳофазасида эканининг бир тасдиғидир.
Хотин-қизлар томонидан оталикни белгилаш ҳақида судга даъво аризаси тақдим этишда бир қатор ҳужжатлар, жумладан, шахсини тасдиқловчи паспорти, боланинг туғилганлик гувоҳномаси асли, фуқаронинг боланинг онаси билан биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари, оилавий муносабатларга хос бўлган ҳолатлар (ҳомила пайдо бўлган вақтда ва бола туғилгунга қадар битта турар жойда яшаш, умумий бюджет юритиш, биргаликда овқатланиш, ўзаро ғамхўрлик, умумий фойдаланиш учун мол-мулк сотиб олиш ва ҳоказолар), шунингдек, фуқаро томонидан оталик тан олинганини тасдиқловчи бошқа далиллар сифатида суд ишончли деб топган ҳар қандай фактик маълумотлар (хатлар, телеграммалар, фотосуратлар, анкеталар, турли инстанцияларга ёзилган аризалар), у боланинг отаси экани тан олинганини тасдиқловчи бошқа ҳаракатлар, шунингдек, гувоҳларнинг кўрсатувлари талаб этилади. Мазкур тоифа ишлар судлар томонидан ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Фуқаронинг ота сифатида иқрорлиги онанинг ҳомиладорлиги даврида ҳам (масалан, болали бўлишни хоҳлаш, бўлажак боланинг онаси ҳақида ғамхўрлик), бола туғилганидан сўнг ҳам ифода этилиши мумкин.
Маълумотларга қараганда, фуқаролик ишлари бўйича вилоят судида жорий йилнинг 9 ойи давомида оталикни белгилаш билан боғлиқ 285 та иш кўрилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2017 йил 9 ойи давомида 334 тани ташкил этган. Бу борадаги рақам ўтган йилгига нисбатан камайгани кўп хотин-қизларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаб етаётганини тасдиқлаши баробарида кўплаб болалар етарли шароитда вояга етиши учун замин яралаётганини ҳам кўрсатади.
А.МИРХОДЖАЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди судьяси