Меню
Қашқадарё
ОТА-БОБОЛАРДАН ҚОЛГАН МИЛТИҚНИ СУВЕНИР СИФАТИДА УЙДА САҚЛАСА БЎЛАДИМИ?
Тарғибот ва натижа
Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ, тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Албатта, бундан мақсад жамоат хавфсизлигини таъминлашдир. Мисол учун, икки киши ўртасидан ола мушук ўтди. Уларнинг бирида эса ота-бувасидан қолиб кетган милтиқ бор. Бордию, бояги жанжал алангаси авж олаверса, ўша милтиқ орага кирмайди, деб ким кафолат бера олади? Шундай экан, яхшиси, совуқ қуролни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга топширган ҳолда киши ўзиниям жавобгарликдан холи этиб, бошқаларни-да хавф остига қўймаслиги даркор.
Қамаши туманидаги Савсан қишлоғида яшовчи, 1958 йилда туғилган Н.Омоновда ҳам марҳум отасидан қолган 1 нилли, 16 калибрли, ўқотар ов қуроли сақланиб қолган экан. Фуқаро қонунга мувофиқ иш тутишни афзал билиб, қуролни ўз ихтиёри билан ички ишлар идорасига келтириб берди.
Қарши тумани Кожор маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган Ш.Қурбонов эса марҳум бобосидан қолган 5,6 калибрли ўқотар ов қуролининг 5 дона патронини ички ишлар ходимларига топшириб, келгусида юз бериши мумкин бўлган бошоғриқлардан ўзини муҳофазалади.
Тумандаги Чўлибўстон маҳалласида яшовчи М.Яхшиевнинг уйида эса марҳум бобосидан қолган 5,6 калибрли ўқотар ов қуролининг 44 дона патрони бўлиб, мазкур фуқаро ҳам қонуний йўл тутишни афзал билди.
Шаҳрисабз тумани Ғелон маҳалласида яшовчи, 1982 йилда туғилган Н.Рўзиқулов марҳум отасига тегишли бўлган, 2 нилли, 20 калибрли, К-8402 рақамли ўқотар ов қуролини уйда сақлаб ўтиришдан наф йўқлигини англади.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Ижодкорлар ёзувчи Антон Чеховнинг бир иборасини кўп ишлатади: асарда милтиқ кўриндими, у албатта отилиши керак. Бу бадиий адабиётга хос хусусият. Ҳаётда эса, уйнинг қай бурчида милтиқ кўринган бўлса, уни албатта, ҳуқуқ-тартибот идораларига топшириш фойдадан холи бўлмайди.
Н.ХЎЖАЕВ