Меню

Қашқадарё

22.11.2016 1999

ОСТОНАДА ҚИШ: ТОМОРҚА ТУПРОҒИГА ТИН БЕРАМИЗ

 

Жорий йилда томорқасида тиним билмай ишлаб, шунга яраша яхшигина даромад топганларнинг кўнглидан айни кунларда шу каби ўйлар ўтаётгани тайин. Деҳқоннинг тинмагани – тингани. Кузда ҳосилни йиғиштириб олгач, ўтириб, унинг чўғини чамалайди, келаси баҳор шунга қараб иш қилади – нимада адашди, нимада ютди – бу энди ўзига аён-ку, унга энг муҳими ерини “чарчатиб” қўймаслик. Шу боис, асл деҳқон ердан фақат олишнигина ўйламайди, балки олмоқнинг бермоғи ҳам борлигини, тўғри “муомала” қилинган ергина кўнгилдагидек ҳосил бера олишини яхши билади. Томорқа ери қишки тин олиш даврига ҳозирланаётган айни кунларда тупроқ унумдорлигини оширишга ёрдам берадиган баъзи агротехник тадбирларга эътибор қаратиш фойдадан холи бўлмайди. Қишга тўғри тайёрланиб, талаб даражасида тин берилган ер кейинги баҳорга қадар етарлича куч йиғади. Натижада нима эксангиз, гуркираб тез ривожланади ва ҳосили юқори бўлади. Хўш, бунинг учун нималарга аҳамият қаратиш зарур? Томорқа тупроғини қишга қай тариқа тўғри тайёрлаш мумкин?

- Ноябрь ойи томорқа ерини ўғитлаб, ағдариб, қишга тайёрлаб қўйишнинг айни пайти, - дейди Косон туманидаги Пудина қишлоғида истиқомат қилувчи кекса тупроқшунос Нуриддин Руҳиддинов. – Ерни ағдаришдан олдин эса тупроққа озуқа бўладиган минерал ёки органик ўғитлар солиш талаб қилинади. Тупроқ унумдорлигини оширишда фосфорли ўғитлар катта аҳамиятга эга. Бундай ўғитлар ерни кўпчитиб, тупроқдаги ҳаво муҳитини яхшилайди. Қиш бўйи ёғингарчиликлар таъсирида ўғит тупроққа чуқур сингиб, яхши ўзлаштирилади, баҳорда эса бундай ер тез етилади. Ўғитлашда мўлжални тўғри белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Масалан, 10 сотих ерга 50 килограмм фосфорли ўғит солиш кифоя қилади.

Ер унумдорлигини оширишда маҳаллий органик ўғит – гўнг ва чириндининг ҳам нафи катта. Кузнинг айни кунларида томорқа ерига солинган гўнг қиш бўйи чириб, тупроққа аралашиб кетади ва ундаги микроорганизмларнинг ривожланиши учун қулай шароит яратиб, тупроқни бойитади. Тажрибали  томорқачилар қорамол, қўй-эчки, шунингдек, парранда гўнгидан тупроқни озиқлантиришда унумли фойдаланишади.

Томорқа тупроғини қишга тайёрлашнинг яна бир самарали усули бор. Бу – ерни мульчалаш. Яъни экин экиладиган тупроқ юзасига чиринди, гўнг ёки бошқа минерал чиқиндиларни тўшаб, ёпиб чиқишдир. Мульчаланган ер тупроғи қиш бўйи етарлича озуқа тўплайди, унинг таркиби унумдорликни оширувчи минераллар билан бойийди. Бу усул тупроқ микрофлорасини яхшилайди.

Мульчалаш тадбири ёз охири ёки кузда (айрим жойларда эрта баҳорда) ўтказилгани айни муддао. Чунки бу даврда ер ёз бўйи қуёш нурларидан ютган иссиқликни ўзида сақлаб туради ва устига ётқизилган чиринди, қипиқ, гўнг, похол, хазонлар ёки дарахт пўстлоғи бу иссиқликнинг чиқиб кетишига йўл қўймайди. Натижада қишки қаттиқ совуқда тупроқ музлаб қолмайди. Бундан ташқари, мульчаланганда ишлатилган органик қатлам (чиринди, гўнг ёки ёғоч қипиғи, пайраҳа кабилар) қиш давомида чириб, тупроққа сингиб боради ва гумусга айланади. Шу билан бирга, бу усул тупроқнинг ўзига хос қайта ишловчилари саналган ёмғир чувалчангларининг совуқдан асраниб, эркин кўпайишига замин яратади. Тупроқ таркибидаги фойдали микроорганизмлар – бактерияларнинг ривожланишини таъминлайди. Шу билан бирга, айрим зарарли ҳашаротларни йўқотишда ҳам қўл келади.

Ерни мульчалашдан олдин бироз юмшатиб чиқиш лозим. Ноябрь ойида дастлабки ёмғир ёққанидан кейин мазкур тадбирни амалга ошириш яхши фойда беради. Мульчалашда чиринди, ёғоч қипиғи, хазон, гўнг, торф ёки компост кабилардан фойдаланилади. Ағдариб чиқилган ер юзасига 5-7 сантиметр қалинликда ётқизилган бундай қават ердаги иссиқликнинг намланиб, буғланиб кетишига йўл қўймайди. Боғ қатор ораси мульчаланганида тўшалаётган қават билан дарахт танаси оралиғида очиқ жой қолдирилиши лозим, шунда дарахт илдизига ҳаво ўтиб туриши таъминланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мульчалашда айрим жиҳатларга эътиборлироқ бўлиш даркор. Масалан, ёғоч қипиғи, пайраҳа ва дарахт пўстлоғидан фойдаланилганида шуни унутмаслик керакки, улар чириш жараёнида ердаги азотни ўзига тортиб олади, бу модданинг етишмаслиги эса экинларнинг ўсиб-ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Бунинг олдини олиш учун томорқани мульчалашдан олдин гўнг аралаштирилган сувда суғориш керак экан.

Баъзи жойларда томорқа ерида ўрнашиб олган шиллиққурт экинлар (айниқса, кўкат ва сабзавотлар)нинг томирини қирқиб, катта зарар етказади. Ёғоч қипиғи билан ерни мульчалаш шиллиққуртдан халос бўлишда қўл келиши тажрибалардан маълум. Бироқ бунда йирик қипиқдан фойдаланган маъқул. Майда қипиқ тез зичлашади, натижада ўсимлик томирининг моғорлаб чиришига олиб келиши мумкин. Шиллиққуртни томорқадан “кетказиш” учун буғдой ёки арпа похоли ҳам асқатади. Томорқа ери учун похол қипиқдан кўра анча фойдалироқ. Уни текис ер ёки экиндан бўшаган ва сал юмшатилган жўякларга 10-15 сантиметр қалинликда ётқизиб чиқиш мақсадга мувофиқ, кейинчалик похол қатлами 5-7 сантиметрча чўкади. Похол, ўт-ўланлар, хазон ва дарахт пўстлоғи полиз экинлари ҳамда боғ қатор ораларини мульчалаш учун энг фойдали қатлам ҳисобланади.

Хуллас, юқоридаги каби табиий усуллардан фойдаланиш томорқа ерининг баҳорга қадар етарлича куч тўплашига имкон беради. Бу эса юқори ҳосилдорликни таъминлайди.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!