Меню

Қашқадарё

10.11.2016 2191

Остонада қиш: МАҲСУЛОТЛАРНИ ҚАНДАЙ АСРАГАН МАЪҚУЛ?

 

Бунинг учун нималарга аҳамият қаратиш лозим? Қайси маҳсулотни қай тариқа асраган маъқул? Маҳсулотлар сақланадиган омборхона қандай бўлиши керак? Бу борада тажрибада синалган усуллар, халқона йўл-йўриқлар ҳамда мутахассисларнинг тавсиялари сизу бизга асқатиши тайин. Қуйида шундай усуллар билан танишамиз. Аввало, омборхона хусусида.

ПАХСА ДЕВОРЛИ “ХОЛОДИЛЬНИК”

Ҳозирда ҳудудларда мева-чеваю сабзавотни янги узилганидай сақлаб туриш хусусиятига эга совутиш камералари ишлаб турибди ва бу ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. Кўпроқ маҳсулотни бундай камераларда шартнома асосида асраш мумкин. Лекин одамлар ўз рўзғорига етадиган маҳсулотни камерада асрагандан кўра, ўз ҳовлисида сақлашни маъқул кўради. Ҳар бир хонадонда албатта махсус омборхона ажратилиши шундан. Бу хона шундай бўлиши керакки, унда мева, сабзавот, полиз маҳсулотларини жойлаштириш ва асраш учун қулай шароит яратилиши лозим. Омборхонада махсус сўкчалар бўлиши шарт, шунингдек, бундай хоналар ёруғликдан ҳимояланган ва ҳаво тегадиган, айланиб турадиган қилиб қурилмоғи шарт.

Илгари ота-боболаримиз қурган қалин пахса деворли пастак, салқин хоналар совутиш камераси ўрнини бемалол босган. Ҳозирда ҳам қишлоқларда шундай омборхоналарни кўриш мумкин. Биргина мисол, Шаҳрисабз туманидаги афсонавий гўша – Ғилон қишлоғида яшовчилар бундай омборхоналарда тонналаб мева-чева сақлайдилар. Боғбон Абдулҳақ Қурбоновнинг айтишича, пахсаси қалин урилиб, томи оқ лойда уч қават қилиб сувалган табиий “холодильник”да то ёз бошига қадар олма-анорни бемалол асраса бўлади.

- Том сувалганида ҳаво кириб туриши учун битта кичкина туйнук қолдирамиз, - дейди боғбон. – Омборхонада дераза бўлиши унчалик шарт эмас. Сўнг меваларни тахта қутиларга солиб, омборга жойлаймиз. Эшигини маҳкам ёпиб, қоронғи қилиб қўйилади. Шунда меваларнинг ранги ўзгармайди, таъми бирдай туради.

Маҳсулотларни жойлаштиришдан олдин омборхона яхшилаб шамоллатилгани маъқул экан. Хона девори ҳар йили қиш олдидан бир марта оқлаб чиқилиши лозим. Айрим жойларда махсус ертўлалардан ҳам омбор ўрнида фойдаланилади. Сув чиқмайдиган чуқурликда қазиладиган ертўла табиий совутиш камераси вазифасини адо эта олади.

ЎРАДА, ҚОПДА, ЖЎЯКДА, ҲАТТО БАЛКОНДА

Қишга энг кўп жамғариладиган маҳсулотлар картошка, пиёз, сабзи-шолғом бўлиб, уларни турли усулларда кўнгилдагидек сақлаш мумкин. Сабзи-шолғомни сақлашнинг энг кенг тарқалган усули – ўрада асраш. Бунинг учун энг аввал даладан йиғиштириб келинган сабзавотларнинг  баргини кесиб чиқиш ва қуёшда 2-3 соатча ёйиб олиш талаб қилинади. Агар бу илдизмевалилар барги билан бир-икки кун қолдирилса, яшил барглар мевадаги бор намликни ўзига тортиб олади, натижада маҳсулотнинг яроқлилиги узоққа бормайди. Шунинг учун далада кавланган заҳоти сабзи-шолғомнинг баргини кесиб ташлаш мақсадга мувофиқ. Сабзи-шолғом кўмиладиган ўра сув тўпланмайдиган ердан кавланиши керак. Айримлар бу маҳсулотларни ҳар қаватига намланган қум сепган ҳолда сақлашади, шу тахлит маҳсулотларни бирмунча узоқроқ вақтга “етказиш” мумкин экан. Яна бир мақбул усул – сабзи-шолғомни томорқа ерининг ўзида кавламай қолдириш. Бунда илдизмевалиларнинг барги кесиб чиқилади ва жўяклар устига намланган қум сепилиб, қалин клеёнка тортилади. Қиш бўйи клеёнка четини бироз кўтариб, керагича кавлаб олиш мумкин - сабзи-шолғом янгилигича тураверади.

Энг кўп истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулоти – картошкани асрашнинг бирмунча талаблари бор. Аввало, картошка қуёш нури тушмайдиган жойда сақланиши шарт: офтоб нури таъсирида унинг таркибида соланин моддаси кўпайиб кетади ва истеъмолга яроқсиз бўлиб қолади. Бироқ янги кавланганини худди сабзи-шолғом сингари қуёшда бироз ёйиб олган маъқул. Шундай қилинганида маҳсулот узоқ вақт яхши сақланади. Ультрабинафша нурлар таъсирида унинг таркибидаги турли касаллик қўзғатувчилар йўқолади. Лекин қуёшда 2-3 соатдан кўп туриб қолгани ҳам зарарлилигини унутмаслик шарт.

Картошка сақланадиган жойда ҳарорат плюс 2 даражадан плюс 4 даражагача бўлиши керак, шунда маҳсулот музлаб ҳам қолмайди, тугунак ҳам чиқармайди. Ҳарорат плюс 7 дан юқори бўлганида эса картошкада тугунаклар ҳосил бўлиб, тез ўса бошлайди. Ҳаво намлиги   75-85 фоиздан ошмаслиги керак. Акс ҳолда картошка моғорлаб, замбуруғ пайдо бўлади. Намликни бирдай тутиб туриш учун омборхонага майда шағал ётқизилиши керак. Омборхонада картошкани тахта қутиларда, тагига похол ёки ёғоч қипиғи тўшалган махсус бўлмаларда, ҳаво ўтказадиган матодан тикилган қопларда сақласа бўлади. Тахта қутиларни шундай жойлаштириш керакки, полдан бир қаричча юқорида, девордан эса 30 сантиметр узоқликда туриши, қутилар орасидаги масофа эса камида 10 сантиметр бўлиши шарт. Устма-уст жойлаштирилган қутиларнинг энг юқоридагиси билан шифт орасидаги масофа камида 60 сантиметрни ташкил қилгани мақсадга мувофиқ.

Картошкани 1,5-1,7 метр чуқурликда қазилган ўрада ҳам сақлаш мумкин. Бунда картошкани ўрага жойлагач, устига похол тўшалиши, шунингдек, ўранинг тепасида ярим метрча жой қолдирилиши керак. Шунда ярим метр пастдаги картошка “кўкламайди”. Шаҳар шароитида – кўп қаватли уйлар балконида картошкани қоп ёки қоғоз қутида асраса бўлади. Бунда қути тагига ёғоч қипиғи солинади, маҳсулот усти эса похол ёки мато билан ўраб қўйилади. Албатта, ҳар қайси ҳолатда ҳам картошкани тез-тез кўздан кечириб туриш лозим.

Қишда кўп ишлатиладиган маҳсулотлардан яна бири лавлагидир. Омборхонада лавлаги ёғоч қутиларда яхши сақланади. Қуритилиб, илдизи кесиб олинган лавлагини қутиларга жойлашдан олдин остига плёнка тўшалади. Лавлагиларнинг орасига кул, ёғоч қипиғи сепиб қўйилса ё бўлмаса, пастки учи лойга ботириб олинса, лавлаги узоқ сақланар экан. Бу маҳсулотни кам муддатга сақламоқчи бўлсангиз, ҳар жой-ҳар жойидан игна билан тешиб қўйилган ва оғзи боғланмаган полиэтилен қопда ҳам асраш мумкин. Бу усул кўп қаватли уйларда қўл келади.

Пиёзни сақлаш учун ҳам ёғоч қутилардан фойдаланган маъқулроқ. Бир нечта қутига оз-оздан жойланган пиёз ерга тўкилганидан кўра яхшироқ сақланади. Агар қопда сақлашга тўғри келса, уни лавлаги каби полиэтилен халталарда сақлаб бўлмайди, чунки бу ҳолатда пиёз тезда димланиб, бузила бошлайди. Пиёз турган хона ҳавосида намлик меъёрдагидан ортиқча бўлса, идишда намни тез тортиб оладиган оҳак, кул, пайраҳа кабиларни қўйиб қўйсангиз кўнгилдагидек иш бўлади. Карам ҳам пиёз каби совуқ ва қуруқ шароитни “хоҳлайдиган” маҳсулот бўлиб, уни бир-бирига тегмайдиган тарзда қоғоз устига ётқизиб чиқиш мумкин. Шунингдек, карам сақланадиган хона ёки омборхона бўлмаси тагига бир қарич қалинликдаги бироз намланган қум тўшаб қўйиш ҳам яхши натижа беради.

Қовоқни қуруқ ва салқин жойда асраш кераклигига эътибор қаратиш зарур. Яхши пишган, “мезон шамолини еган”, яъни очиқ ҳавода етарли муддат турган қовоқни баҳорнинг ўртасига қадар яхши сақласа бўлади. Уни похол ёки ёғоч қириндиси тўшалган ерда бир-бирига теккизмасдан жойлаштириш керак. Қишлоқ жойларда кўпчилик қовоқ, қовун ва тарвузни пичан, сомон ғарами орасида сақлайди. Бу ҳолатда мазкур маҳсулотлар музламаганидек, иссиқдан айнимайди ҳам.

ДУККАКЛИЛАР-ЧИ?

Дуккаклилар – нўхат, ловия, мош сингарилар қишда танани оқсил билан таъминлаб турадиган маҳсулотлардир. Шунинг учун кўпчилик хонадонларда қиш олди жамғариладиган асосий озиқ-овқат маҳсулоти дуккаклилар саналади. Уларнинг ҳамма турини сақлашда энг осон ва самарали усул – шиша банка ёки “баклашка”ларга солиб қўйишдир. Шу йўл билан мош-ловияга қурт тушишининг олдини олиш мумкин. Шунингдек, дуккаклиларни кастрюлька, бидон каби каттароқ идишда орасига шивит уруғи ёки саримсоқпиёз бўлакларини солиб сақласа ҳам бўлади. Айрим уй бекалари дуккаклиларни қишга олиб қўйишдан аввал ўртача оловда бироз қиздириб олишади. Бундай усул ҳам уларга қурт тушишининг олдини олади. Шуни таъкидлаш ўринлики, озгина қиздирилган дуккаклилар овқатга ишлатишдан олдин сувга ивитиб қўйилганида тезроқ етилади, яъни тез “шишади”.

ЯНА НИМАЛАРНИ БИЛИШ ЗАРУР?

Мевалар ва сабзавотларни бир хонада асраманг! Бундай ҳолатда ҳар икки турдаги маҳсулот тез айнийди. Бундан ташқари, ҳар бир маҳсулотнинг пишиш вақтини аниқ билиш, шу фурсатдан кечиктирмай ҳосилни йиғиштириб олиш шарт. Шундай қилинганидагина, маҳсулотлар баҳор ўрталарига қадар яхши сақланади.

Айрим мева-сабзавотлар банди билан яхши сақланса, айримларида бу усулни қўллаб бўлмайди. Масалан, сабзи-шолғомнинг баргларини тезроқ кесиб ташланиши лозимлиги юқорида айтилди. Узум, олма, анор каби мевалар эса банди, барглари билан қўшиб узилганида яхшироқ туради. Нўхат, мош-ловия сингарилар экиш учун асралаётган бўлса, уларни банка ёки “баклашка”да эмас, ҳаво тегиб турадиган қуруқ хонада, шивит уруғи ёки зира, райҳон аралаштириб асраганингиз маъқул. Олмани қоғозга ўраб қўйгандан кўра сомон ёхуд ёғоч қириндиси солинган қутига жойлаштириш кўпроқ самара беради.

Хуллас, юқорида келтирилган усуллар воситасида қиш бўйи омборхонани тўла, маҳсулотларни эса сифатли сақлаш мумкин. Бунинг учун кишидан бироз қунт ва эътибор талаб қилинади, холос.

Манбалар асосида Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!