Меню
Қашқадарё
“ҲОСИЛДОР ЗАМИН” МАЖМУАСИ
замонавий усулда кўчат етиштириш баробарида шу соҳага қизиқувчи ёшларда зарур билим ва кўникмаларни шакллантиришга ҳам урғу беради
Ривожланиш стратегияси
Қарши туманидаги Боғобод маҳалласида фаолият бошлаган “Ҳосилдор замин” мажмуаси очиқ ва ёпиқ кўчатхоналар, “in-vitro” лабораторияси ва ўқув марказидан иборат бўлиб, бу ерда бир йилда 200 минг дона мевали дарахт ва 100 минг дона ток кўчатлари, 200 минг дона мавсумий гуллар етиштириш ҳамда юзлаб ёшларга замонавий кўчатчилик сир-асрорларини ўргатиш имконияти яратилган.
Маълумотларга кўра, мазкур мажмуа “Замин” халқаро жамоат фонди, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўртасидаги битимга асосан Европа Иттифоқи ва Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ташкил этилган. Бундан кўзланган мақсад мевали дарахтлар ва узумнинг маҳаллий навларини асраш, уларни ўзгариб бораётган иқлим шароитларига мослаштириш ва “in-vitro” лаборатория усулида кўпайтиришдан иборатдир.
-Қурғоқчил минтақаларда мавжуд бўлган мева турларини сақлаб қолиш ва уларни янги технологиялар асосида етиштиришни кенгайтириш лойиҳаси бу ерда намуна сифатида жорий қилинмоқда, - дейди қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Алишер Шукуров. – Унинг доирасида маҳаллий навлар “in-vitro” шароитида кўпайтирилиб, пайвандланади ва дала шароитида етиштирилган кўчатлар аҳоли ҳамда деҳқон ва фермерларга етказиб берилади.
Мажмуадаги кўчатхоналарнинг умумий майдони 5 гектарга тенг бўлиб, бир гектарида ёпиқ кўчатхона – иссиқхона жойлашган ва унда айнан ҳудудимизга хос бўлган, ноёб, йўқолиб кетиш хавфи мавжуд навли мевали дарахтлар ва токларни пайванд қилиш, кўчатлар етиштириш бошлаб юборилган. Яна 4 гектар ер очиқ дала кўчатхонаси учун мўлжалланган бўлиб, у ерда томчилатиб суғориш технологияси асосида оби ҳаёт билан таъминланадиган кўчат экиш майдонлари ҳозирлаб қўйилган. Кўчатларни сақлаш учун махсус совуткичли омбор бунёд этилган.
-“In-vitro” шароити, деганда ўсимликнинг ҳужайра ва тўқималарини сунъий муҳитда, шиша идишларда, яъни пробиркаларда ўстириш назарда тутилади, - дея тушунтиради мажмуанинг биотехнология лабораторияси мудири Абдураҳмон Аллаев. – Бунда клоник микрокўпайтириш усулида битта ҳосилдор ва мевасининг таъми яхши ўсимликдан мингта ва ҳатто миллионта кўчат учун генетик жиҳатдан бир хил материал олиш мумкин. Эътиборлиси, ушбу жараён мавсум танламайди, уни исталган вақтда лаборатория шароитида амалга ошириш мумкин. Кўпайтириш коэффициенти жуда юқори бўлади. Яъни анъанавий усулда қаламча ёки данакдан фақат битта ўсимлик пайдо бўлса, лаборатория шароитида микроқаламчалардан минглаб кўчатлар олиш имкони мавжуд. Бундан ташқари, кўчатчиликнинг замонавий усулида анъанавийга қараганда камроқ ер майдонидан фойдаланилади, шунингдек, ишчи кучи ҳам анча кам жалб қилинади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим таркибий қисми ёшларга замонавий кўчатчикни ўргатишдан иборат экан, бунинг учун мажмуа ҳудудида 20 ўринли ўқув маркази барпо этилиб, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) экспертлари, Тошкентдаги Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ва академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти мутахассислари иштирокида махсус ўқув дастури ишлаб чиқилган. Пайвандтагни етиштиришдан тортиб кўчатчиликни тижоратлаштиришгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган бу дастур асосида бир мавсумда 80 нафаргача ёшни ўқитиш назарда тутилган. Ўқишни муваффақиятли тамомлаганлар битирувчиларга бепул кўчатлар ҳамда зарур асбоб-анжомлар тарқатилади ва улар билан доимий ҳамкорлик ўрнатилади. Айни пайтда ўқув марказининг энг фаол тингловчилари “Ҳосилдор замин” мажмуасига ишга қабул қилинади, меҳнат кўникмалари шакллангач эса уларга олий таълим муассасаларига йўлланма асосида имтиҳонсиз қабул қилиш бўйича тавсияномалар берилади.
Ўтган ҳафтада “Ҳосилдор замин” мажмуасида олимлар ва соҳа мутахассислари, донор ташкилотларининг вакиллари, боғбонлар ва ушбу фаолият турига қизиқувчи ёшлар иштирокида тақдимот ўтказилиб, кўчат етиштириш технологияси батафсил таърифлаб берилди ва муқобил энергия манбалари ҳамда сув тежовчи технологиялардан фойдаланишнинг самараси ҳақида сўз юритилди.
Шу ўринда эслатиш жоизки, жорий йил февраль ойида мамлакатимиз ҳукумати томонидан 2023-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида уруғчилик ва кўчат етиштиришни ривожлантириш Миллий дастури тасдиқланган эди. Уни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари қаторида, жумладан, “in-vitro” лабораториялари сонини кўпайтириш ҳамда маҳаллий, хорижий мева ва узум навларининг вирусдан холи кўчатларини тайёрлаш кўламини кенгайтириш ҳамда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва экспертларни жалб қилиш белгиланган эди. “Ҳосилдор замин” мажмуасининг фаолияти мазкур устувор йўналишларга тўла мослиги билан ҳам аҳамиятлидир.