Меню

Қашқадарё

12.06.2018 2152

ОРЗУМАНД ОТА

- Тавба, кечагина ҳиндча кинони кўриб, Ражив қўймоқчи эдингиз, бир кунда айнидингизми? - деди қорни қаппайиб қолган хотин лаб буриб. - Мени исми нима бўлиши қизиқтирмайди, асосийси, ишқилиб буниси ўғил бўлсин-да, - мунгли овоз билан гапида давом этди Ойниса.

Уларнинг бундан олдинги беш фарзанди қиз туғилган, қишлоқда “Отин ая” номи билан донг таратган Гулнисо момо бунисини “гарантия ўғил туғилади” деганди.

-  Эй, жаврашни бошлама, хотин. Отин ая айтдими, буниси ўғил. Кўнглим ҳам сезиб турибди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, телевизорда бир фермер ҳақида кўрсатув берилди. Ишнинг кўзини биладиган бу фермерга бошловчи қиз шундай таърифлар бердики, Абдимуталнинг юраги орзиқиб кетди:

- Хотин, қара, манави фермер акамизнинг исми Абдуманнон экан, менга айқаш. Ўзиям тадбиркормисан тадбиркор. Бутун бир қишлоқни иш билан таъминлаб қўйибди?

- Тушундим, тушундим, Амирхондан буниси зўр демоқчисиз, - киноя қилиб кулди хотини.

- Эй, қўйсанг-чи ўша туркларни, - қўл силтади Абдимутал. - Улар кинода шундай кўринган билан, ҳаётда умуман бошқача бўлишади. Ким билади, биз ҳавас қилган ўша Амирхонинг чин ҳаётда қандай киши?..  Гарантия йўқ-ку, а?.. Лекин мана бу фермер ҳақиқий инсон экан.

- Эй, билганингизни қилинг, - қўл силтаб ўз иши билан кетди хотини.

Вақти соати етгач, хотинининг ҳам “оғриғи” бошланди. Абдимутал уни Муҳсиддиннинг машинасини кира қилиб, тезда туман марказидаги туғруқхонага етказиб борди. Шифокорлар ўзини ташқарида қолдириб, хотинини ичкарига олиб кириб кетишди. Абдимутал эшик олдида хабар пойлаб турди.

Ниҳоят, орадан икки соатга яқин вақт ўтиб, навбатчи қиз Абдимутални бош врач чақираётганини айтди. Миясига ҳар хил фикрлар келган Абдимутал ҳовлиқа-ҳовлиқа унинг хонасига кириб борди.

- Ассалому алайкум, дўхтир бова.

- Ваалайкум ассалом, бой ота, - хона тўрида савлат тўкиб ўтирган бош врач Абдимутални кўриши билан чеҳраси ёришиб, юз йиллик қадрдонини кўргандек ўрнидан туриб, қучоқ очди.

- Табриклаймиз, оғагинам, табриклаймиз… Ўғил муборак. Маладес, оғагинам, маладес. Ўзиям қўчқордай ўғил туғилди-да… Лекин суюнчисиям шунга яраша бўлиши керак, оғагинам…  Ваҳ-ҳаҳ-ҳа-ҳа… 

Бош врачнинг бу қадар яқин муомаласидан Абдимуталнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Врач чақалоқни таърифлаб, икки гапириб бир кулар, Абдимутал эса ўғли туғилганидан ҳам кўпроқ врачнинг ширин муомаласидан ҳаяжонланарди.

- Қани энди, оғагинам, бизга суюнчисини ташлаб, полвонбойни бир бориб кўринг.

Абдимутал ҳаяжон ичида костюмининг ички чўнтагидан олдиндан атаб юрган пулини чиқарди ва дўхтирнинг кистасига тиқди. Унга қайта-қайта раҳмат айтар экан, хонадан чиқиши билан эшик тепасидаги ёзувга қаради: “Бош врач Алишер …”

Бўлди, исми Алишер экан. У хурсанд кайфиятда хотини ётган палатага оёқ босиши билан биринчи айтган гапи шу бўлди:

- Хотин, Алишербой учун сенга катта раҳмат. Буниси ўғил бўлишини билардим.

- Вой, Алишербойингиз ким? - каравотда ҳолсизгина ётган хотини Абдимуталга қараб жилмайди. Чақалоқ эса онасининг кўксига бош қўйиб ухларди. Абдимутал бирпас чақалоққа меҳр билан тикилиб тургач, хотинининг саволига жавоб берди:

- Алишерми?... Мана Алишербой, менинг ўғлим! Биласанми, хотин, мен ўғлимга кимнинг исмини қўяяпман?

Хотини йўқ маъносида бош ирғади.

- Билмасанг билиб қўй. Мана шу ернинг бош врачи номини. Ҳозир бош врач билан роса гурунг қилдим. Йигит бўлса ана шундай бўлса-да. Менинг ўғлим ҳам насиб бўлса, Алишер акасидек врач бўлади…

Абдимутал роса бир соат бош врачнинг фазилатларини мақтагач, хотини билан хайрлашиб, уйга жўнади. Эртасига қизларига овқат пиширтириб, яна хотинининг ёнига йўл олди. 

Катта йўлда туман марказига бориш учун такси кутиб турганди, ёнига яп-янги қора “ЖИП” келиб тўхтади.

- Ҳа, бой ака, шаҳаргами?

- Ҳа, районга борётувдим, - деди Абдимутал бу машина эгаси ўзини олиб кетишига ишонқирамай.

- Эй, бой ака, чиқинг, йўлимиз бир экан, маза қилиб гурунглашиб кетамиз.

Абдимутал ийманибгина машинанинг олди ўриндиғига ўтиргач, ҳайдовчи йигит газни босди.

- Бу дейман, бой ака, шаҳарга тухум-пухум сотиб келаркансиз-да, а? - деди ҳайдовчи Абдимуталнинг қўлидаги сумкага ишора қилиб.

- Йўғ-е, - қизарди Абдимутал. - Хотин баннесада эди, шунинг олдига…

- Нима, янганинг мазасини қочирдингизми?

- Йўқ, “роддом”га тушиб қолувди.

Ҳайдовчи йигитнинг юзи бирдан ёришиб, Абдимуталга кулиб қаради.

- Бўшаниб олдими?

- Ҳа, кеча ўғилли бўлдик.

- Эй, акагинам, гап буёқда денг, - бир қўлини рулдан узиб, Абдимуталнинг елкасига қоқди шофёр. - Табриклаймиз, бой ака, умри билан берган бўлсин, юзларга кириб, роҳатини кўриб юринг.

- Раҳмат, ака, раҳмат, -  кўнгли юмшаб кетди Абдимуталнинг.

Ҳайдовчи йигит туман марказига етгунча оғзи тинмай гурунг бериб, кулдириб борди. Етиб келгач ҳам машинани нақ туғруқхона дарвозасининг тагига келтириб тўхтади. Абдимутал раҳмат айтар экан, қанча узатиш кераклигига боши қотиб, чўнтагини ковлади.

- Эй, бой ака, нима қиляпсиз, - кулди ҳайдовчи йигит. - Агар пул бермоқчи бўлаётган бўлсангиз, мени хафа қиласиз.

- Йўғ-е, қуруқ бўлмасин, ҳеч бўлмаса… - каловланиб қолди Абдимутал.

- Бой ака, - кулди ҳайдовчи йигит. - Атаган экансиз, майли, фақат ўша пулга ҳув анави дўкондан битта яхши ўйинчоқ олиб, бизнинг жиянга оборасиз, шарт шу, янгага салом айтинг.

Шофёр машинани ғизиллатиб буриб олгач, бир сигнал бериб, ҳайдаб кетди. Абдимутал анча вақтгача унинг орқасидан сеҳрлангандек қараб қолди. У дунёда шундай инсонларнинг борлигига ишонгиси келмасди.

- Воҳ, - деди бир неча дақиқадан сўнг чуқур уҳ тортиб. - Шу машиналар бизнинг Жовли шофёрларга бўлсами, отаси тугул, Худони ҳам танимай қолар эди. Эски “Москвич”ига-ку бир чиқиб қолсак, бир йил миннатидан қутулмаймиз…

Абдимутал бошини сарак-сарак қилганча хотини ётган палата томонга юраётиб, бир нарса эсига тушиб севиниб кетди. Боя шофёр йигитнинг исмини сўрашни унутмаган экан. Исмим Нодирбек деганди…

- Хотин, ўғлимизга Нодирбек деб исм қўядиган бўлдик. Биласанми, Нодирбек ким?...

- Нима қўйсангиз қўйинг, дадаси, - қўл силтади хотини. - Бугун гувоҳнома олиб келишингиз керак. Эрта-индин дам олиш куни, загсхона ишламас экан.

- Ҳозир олиб келаман, хотин. Ўғлимизнинг исмини сенга айтиб қўяй дегандим-да. Аммо, лекин бизнинг паҳлавонимиз ҳам Нодирбек акасидай йигит бўлса…

- Бўлди, қолганини кейин таърифлаб берасиз, кеч қолмай гувоҳномага боринг.

Абдимутал гувоҳнома ёзиб берадиган идорага борганида анчагина одам кўп экан. Навбати келгунча деворга суяниб, гувоҳнома ёзиб бераётган йигитнинг ҳаракатларини кузатиб туриб, хаёлга толди.

Ёшгина йигит, шунча одам тилидан бол томиб, акажон, укажон, деб мурожаат қилишади. Бу бола ҳам ўз ишига жуда уста экан: қоғозларни эпчиллик билан тўлдириб, мижозларнинг саволларига қўлини кўксига кўйиб жавоб бераяпти.

Абдимутал бирпас кўзини юмиб, унинг ўрнида ўз ўғлини тасаввур қилди: Ўғли бундан ҳам катта бинода, бундан ҳам кўп одамларга хизмат кўрсатар, минглаб одамлар акажон, укажон деб мурожаат қилишарди. Ўз ишининг устаси эмасми, ҳамманинг қўлидаги қоғозларни йиғиб олиб, зум ўтмасдан бирма-бир тўлдириб ташлар, одамлар хурсанд бўлиб, қайта-қайта раҳмат айтар, қариялар узундан-узоқ дуо қилишарди.

- Ҳа, ака, ухлаб қолдингизми дейман, кўзингизни юмиб, бунча жилмаясиз, - деди ёнида ўтирган шопмўйловли йигит. Абдимутал унинг нимани орзу қилганини ҳамма билиб қолгандек, қизариб кетди. Индамай ўрнидан туриб, нариги қатордаги кишиларнинг ёнига бориб ўтирди. Бир  аёлдан қоғоз ёзиб бераётган йигитнинг исмини сўради.

- Исми-ми?... Нозимжон, бизнинг қўшни қишлоқдан. Яқинда университетни тамомлаб, шу ерга ишга келди.

Ҳалиги аёл зерикиб ўтирган эканми, яна анча вақт тилидан бол томиб, Нозимжоннинг таърифини келтирди. Аммо Абдимуталнинг калласига “Нозимжон” деган исмдан бошқаси кирмади. У шу паллада ўғлининг исмини Нозимжон қўйишни миясида пишитиб олган эди.

Навбати келгач, секин ўрнидан туриб, Нозимжон ўтирган столнинг ёнига борди. Йигит қўлидаги  яшил жилдли китобчани эпчиллик билан тўлдирар экан, “Ўғилчангизнинг исмини нима қўймоқчисиз?” дея Абдимуталга қаради.

- Нозимжон, деб ёзинг.

- Эй, адаш бўларканмиз-да, - кулди йигит.

- Ҳа, шундай, - жилмайди Абдимутал.

Йигит қоғозни тезда тўлдириб, Абдимуталнинг қўлига тутди.

- Мана ака, табриклаймиз. Катта йигит бўлсин. Энди бу ердан чиқиб, ёнбошдаги эшикка кирсангиз, бошлиғимизнинг хонаси. У киши муҳр босиб берадилар, кейин кетаверасиз.

- Раҳмат, ука, раҳмат.

Абдимутал йигит айтган хонанинг эшигини тақиллатар экан, ичкаридан “кираверинг” деган ширали овоз эшитилди.

У эшикдан бош суққанида, кенг ва ёруғ хона кўзини яшнатиб юборди. Дид билан терилган қип-қизил столнинг тўрида чиройли кийинган, кўркам киши ўтирарди. Бу киши Абдимуталнинг нима масалада келганини билди чоғи, аввал бир пиёла чой қўйиб бериб, қўлидаги гувоҳномани олди ва муҳр босди.     Кейин ҳақиқий раҳбарларга хос вазминлик билан уни табриклаб, эшиккача кузатиб қўйди. Абдимутал эшикдан чиқар экан, астойдил бурилиб, эшик тепасидаги ёзувни ўқиди: “Шерали Шермуродов”. Бирданига хаёлига ўзининг отасининг исми ҳам Шермурод эканлиги келди. Агар ўғлининг исмини Шерали қўйганида, у ҳам “Шерали Шермуродов” бўларди.  Қанийди, мана шундай катта лавозимларда ишласа...

У шу хаёлда қўлидаги гувоҳномани очиб қаради ва Нозимжон деган ёзувни ўқиб, беихтиёр “воҳ” тортиб юборди.

Шу тобда ўғлининг исми “Шерали Шермуродов” бўлишини жуда-жуда истаган Абдимутал аламдан қўлидаги қоғозга қарагиси ҳам келмас, бошига биров гурзи билан ургандек карахт аҳволда борар экан, оёқлари чалишиб-чалишиб кетарди...

 

ЖАҲОНГИР

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!