Меню
Қашқадарё
ҚОРОВУЛНИНГ ЎЗИ ЎҒРИЛАРГА ШЕРИК ЧИҚДИ
Омборхонада косметика воситаларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи уч ака-ука тадбиркорнинг жуда кўп миқдордаги товар-моддий бойликлари сақланган. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш эса Х.Жумаевга ишониб топширилган.
2018 йилнинг декабрь ойи охирларида аввал шу омборхонада ишлаган Қарши шаҳрилик А.Бобомуродов унинг ёнига келиб, биргаликда товар ўғирлашни таклиф қилади. Қарангки, шу ерда ишлаб маош олаётган Х.Жумаев текин даромад ҳақида эшитгач, виждонни унутиб, унинг таклифига рози бўлади. Шундан сўнг А.Бобомуродов бу ишга аввал шу ерда ишлаб кетган яна бир собиқ ҳамкасби - А.Остоновни ҳам жалб этади. Уч шерик биргаликда вазифаларни тақсимлаб олишади.
Режага кўра, омборхона раҳбарлари кечга уйига кетганидан сўнг, Х.Жумаев чироқни ўчириши ва дарвозани очиб бериши, А.Бобомуродов эса ўзининг "Спарк" русумли машинасида ичкарига кириб, маҳсулотни олиб чиқиб кетиши, бу вақтда атрофни кузатиб турган А.Остонов ундан юкларни қабул қилиб олиб, кейин пуллаши керак эди.
Биринчи иш 2019 йилнинг январь ойи бошларида амалга оширилди. Омборхонадан катта миқдордаги косметика воситалари олиб чиқилиб, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги савдо дўконларига тарқатилди. Пулини эса уч шерик тенг тақсимлаб олиб, бир неча кун давомида кайф-сафо қилиб яшашди.
Жиноятни ҳеч ким сезмагани, ҳатто бирор кишини шубҳалантирмагани учовлонга жуда ёқиб тушганди. Шу боис орадан кўп ўтмай яна омбордаги моллар уларнинг кўзини ўйната бошлади. Хуллас ўғриликни аввалги услубда иккинчи бор такрорлашди, кейин яна ва яна давом эттираверишди. Улар бу ишга шунчалик берилиб кетишгандики, уч ой ичида нақ 462 миллион сўмликдан зиёд маҳсулотни ўғирлаб, сотиб юборишди.
Хўп, омбордан шунча маҳсулот ўғирланар экан, тадбиркорлар наҳотки сезишмаган, деб ўйлаган бўлишингиз мумкин. Ҳақиқатан ҳам, аввалига сезишмаган. Чунки, омборда бу турдаги маҳсулотлар кўп бўлгани боис, қисқа вақт ичида камомад кўзга ташланиши қийин эди. Аммо уларни бошқа нарса шубҳалантиради.
Бир неча хил бренддаги косметика воситаларини вилоят бўйича фақат ушбу тадбиркорлар тарқатишар ва улар ўз маҳсулотлари қайси савдо шохобчалари орқали сотилишини билар эди. Аммо бошқа савдо шохобчаларида ҳам шу турдаги косметика воситалари кўпая бошлаганини кўриб, унинг қандай тарқалаётганидан шубҳага тушишади. Сўнг омборхонага келиб, бу ерга ўрнатилган кузатув камералари хотирасидаги ёзувларни бирма-бир кўриб чиқишади. Ана шунда калаванинг учи топилади, аммо бу ҳали ўғрилар қўлга тушди, дегани эмасди.
Кузатув камерасидаги ёзувлардан бирига кўра, омборхона раҳбари тунги соат 0:30 ларда уйига кетган. Шундан сўнг 15 дақиқа ўтиб, чироқ ўчиб қолган. Табиийки, бу пайтда камералар ҳам ишламайди. Аммо шу атрофда яшовчи кишилар ўша куни тунда чироқ ўчмаганини айтишди. Кейин бу ёзув янада синчиклаб текширилди. Эътиборни тортган жиҳатлардан бири, чироқ ўчишидан олдин қоровул Х.Жумаев ҳожатхона томон кетаётган бўлган. Чироқ ёнганида эса у ердан қайтиб келаётгани тасвирларга муҳрланган. Кейин бошқа бир неча ёзувларда ҳам худди шундай ҳолат акс этгани аниқланди. Ҳар сафар қоровул ҳожатхона томон кетган вақтда чироқ ўчади, ёнганида эса у ердан қайтиб келаётган бўлади.
Омборхонага тортилган электр линиясини узиб қўйиш учун мўлжалланган мослама, яъни шчитнинг ҳожатхона ёнида ўрнатилгани тадбиркорларда бу ишда қоровулнинг қўли борлигига шубҳа қолдирмади. Бироқ уни ўғриликда айблаш учун фақат шу далилнинг ўзи етарли эмасди.
Тадбиркорлар бу ҳақда ҳеч кимга лом-мим демайди, аммо ҳар бир вазиятни зимдан кузатишга ўтади. Омборхона ичидаги хоналардан бирига яширин равишда яна бир кишини қўяди. У ҳеч кимга билдирмай шу ерда яшай бошлайди. Аммо орадан икки ҳафтадан кўпроқ вақт ўтади ҳамки ўғрилар жим эди.
Шундан сўнг, тадбиркорлар бошқа режа тузади. Қоровулнинг олдида икки кунга оилавий Самарқанд вилоятига меҳмонга кетишларини айтишади. Буни эшитган қоровул дарҳол шерикларига хабар беради. Биргаликда галдаги ўғрилик сценарийсини тузишади.
Шу куни тадбиркорлар худди Самарқандга кетаётгандек, машинада Қарши шаҳридан чиқиб кетишади. Бу вақтда уч шерикдан бири - А.Остонов танишининг "Дамас" русумли машинасида уларни ортидан кузатмоқда эди. Буни тадбиркорлар ҳам пайқайди ва шаҳардан чиққач, "Дамас"ни ортда қолдириб, бошқа йўлдан яна уйга қайтишади. Бир вақтнинг ўзида яширин тарзда омборхона ичида яшаб келаётган иккинчи қоровул билан ҳам воқеалар ривожи ҳақида гаплашиб туришади.
Улар тўғри тахмин қилишган эди. Омборхона эгаларининг ҳақиқатан ҳам Самарқанд йўлига чиқиб кетганини кўрган А.Остонов дарҳол шерикларига телефон қилади. Ҳар галгидек, Х.Жумаев дарвозани очиб қўйиб, чироқни ўчиради ва А.Бобомуродов ўз "Спарк"ида келиб, юкларни машинага жойлай бошлайди.
Бу ҳақда ичкаридаги иккинчи қоровулдан маълумот олган тадбиркорлар зудлик билан омборхонага етиб келадилар ва ўғрилар жиноят устида қўлга олинади.
Халқимизда қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади, деган мақол бор. Жиноий гуруҳ аъзолари ҳам бу гапнинг қанчалик ҳақиқат эканлигини англаган, афсус чеккан бўлсалар ажаб эмас. Аммо, кейинги пушаймондан фойда йўқ, жиноятга эса жазо муқаррар. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан очилган жиноят иши тегишли судга юборилган ва ўғрилар қилмишларига қонуний баҳони суд беради.
Бобир АБДУЛЛАЕВ,
вилоят ИИБ тергов бошқармаси катта терговчиси, капитан