Меню

Қашқадарё

18.05.2017 2031

ОРОМГОҲЛАР МАВСУМГА ТАЙЁРЛАНАЯПТИ

Хўш оромгоҳлар мавсумга тайёрми?

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасидан олинган маълумотларга кўра, бу борадаги ишларни назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш мақсадида фаолият кўрсатаётган мувофиқлаштирувчи гуруҳ томонидан оромгоҳларда болажонларнинг билимларини мустаҳкамлаш, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

- Бу мавсумда фарзандларимизни дам олдириш ва соғломлаштириш бўйича вилоятдаги 19 та стационар оромгоҳда хизмат кўрсатилади, - дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Баҳром Сатторов. – Уларда 26 минг 440 нафар ўқувчини қабул қилиш режалаштирилган. Шунга кўра, вилоятимизда жорий ёзги мавсум 4 навбатда ташкил этилади.

Қайд этиш жоиз, 26 минг 440 нафар боладан 16 минг 180 нафари учун оромгоҳга йўлланмалар давлат ижтимоий суғуртаси фондидан, қолганларга шаҳар ва туман ҳокимликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, ҳомий ташкилот, корхона, муассаса ҳамда тадбиркорлик субъектлари ҳисобидан олиниши режалаштирилган.

Жорий йил вилоятимиздаги иккита оромгоҳ - вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига қарашли “Зиё чашмалари” ва “Талимаржон ИЭС” УКнинг “Соҳибқирон” оромгоҳини таъмирлаш манзилий дастурга киритилган бўлса, қолган барча оромгоҳларда мавсумга тайёргарлик ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

- Болажонлар ёзги таътилни мароқли ўтказишини таъминлаш масъулиятли вазифадир, - дейди Шаҳрисабз туманидаги “Беруний” номли болалар оромгоҳи директори Лутфулло Каримов. – Барча хизмат бинолари таъмирланди, ётоқхоналар тайёрланди, оромгоҳ бўйлаб гул кўчатлари ўтказилди, иссиқхонамизда турли кўкатлар, полиз маҳсулотлари экилди. Шунингдек, оромгоҳимизда 80 ўринга мўлжалланган янги ётоқхона корпуси қурилмоқда ва ёзги мавсумга қадар битказилади.

Шунингдек, ёзги мавсум давомида оромгоҳлар фаолиятини ташкил этиш ва уни ўтказиш ишларини доимий тарзда ўрганиб бориш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашида тезкор ишчи гуруҳи ташкил этилган ва мазкур ишчи гуруҳ аъзолари томонидан оромгоҳлар аҳволи ўрганилиб, маълумотлар вилоят мувофиқлаштирувчи гуруҳига тақдим этиб борилмоқда.

Таъкидлаш ўринли, ёзги дам олиш оромгоҳларига педагог кадрларни жалб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунга мувофиқ вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ва халқ таълими бошқармаси, Қарши давлат университети ҳамда “Камолот” ЁИҲ вилоят бўлими ҳамкорлигида педагог кадрларни қайта тайёрлаш институти ҳузурида бош тарбиячилар, гуруҳ етакчилари, тўгарак раҳбарлари ва кутубхоначиларнинг ўқув курслари ташкил этилади.

Оромгоҳларга кам таъминланган оилалар фарзандлари ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини имтиёзли равишда йўлланмалар билан таъминлаш кўзда тузилгани эътиборга молик. Бундан ташқари,  вилоятимиздаги оромгоҳларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятидан келадиган ўқувчилар ҳам ёз мавсумини мароқли ўтказиши кўзда тутилган. 

Азизбек НОРОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!