Меню

Қашқадарё

15.09.2018 1565

ОРОМГОҲЛАР ФАОЛИЯТИ ҚОНИҚАРЛИМИ?

 - Жорий йилги мавсумда вилоятимиздаги 17 та стационар оромгоҳда 24 минг 340 нафар 7-14 ёшгача бўлган ўғил-қизларни дам олдириш кўзда тутилган эди, - дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсон Ражабов. - Болалар ва уларнинг ота-оналари билдирган таклифларга биноан ушбу кўрсаткич 28 минг 428 нафарни ташкил этиб, белгиланган режа 116,8 фоизга бажарилди. Бунинг учун оромгоҳларда қўшимча ўринлар, қолаверса 5-навбат ташкил қилинди, "Истиқлол", "Зебунисо", "Нурафшон" оромгоҳларида қўшимча бинолар қурилди. Болаларнинг 5 минг 536 нафари эҳтиёжманд, серфарзанд оилалардан, 240 нафари Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари. Шунингдек, Оролбўйи минтақасидан ҳам 500 нафар ўғил-қиз имтиёзли дам олдирилди.

 Дам олиш мавсумида барча оромгоҳларда маданий-маърифий тадбирлар, ижодий лойиҳалар, турли кўрик-танловлар, санъат байрамлари, табиат қўйнига, тарихий масканларга экскурсиялар, спорт мусобақалари ўтказилди. Бунинг учун 2 минг 180 педагог, 140 нафар тиббиёт ходими жалб қилинди. Ҳудудлар хавфсизлигини ички ишлар ходимлари таъминлади.

 Анжуманда мавсумни кўнгилдагидек ўтказишга ҳисса қўшган ходимлар "Энг ғамхўр тарбиячи", "Энг фаол етакчи", "Энг яхши спорт мураббийи", "Энг яхши тиббиёт ходими", "Энг яхши пазанда", "Энг фаол ички ишлар ходими", "Энг намунали оромгоҳ", "Энг яхши оромгоҳ бошлиғи", "Энг яхши ҳамкор" каби ўнлаб номинациялар бўйича диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 - "Соҳибқирон" оромгоҳида мавсум давомида мингга яқин ўғил-қиз дам олдирилди, - дейди "Энг яхши спорт мураббийи" номинацияси ғолиби Соҳиб Ибодуллаев. - Сўлим табиат қўйнида ҳордиқ чиқарган болажонларнинг аксарияти футбол, волейбол, шахмат-шашка тўгаракларига мунтазам қатнашди. Ўтказилган спорт мусобақалари уларда катта таассурот қолдиргани шубҳасиз.

 С.АЛЛАЁРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!