Меню
Қашқадарё
ОРОЛ ДЕНГИЗИ ҚАЧОН ПАЙДО БЎЛГАН?
Икки-уч йил олдин Орол ва оролликлар ҳаётида янги умидбахш давр бошланди. Ана шундай, ҳаммани мамнун қилаётган дамларда Орол денгизи тарихи, кечмишини эслаш, унинг кейинги аянчли манзараси сабаблари ҳақида фикр-мулоҳазалар айтиш ўринли бўлса керак.
Хўш, Орол номи қандай келиб чиққан?
Оролбўйидаги бир овулда туғилган таниқли адибга болалигида онаси шундай эртак айтиб берган экан: "Бир бор экан, бир йўқ экан, Машриқ деган томонда Помир деган улкан, баланд тоғ бор экан. У қалин қор, музликлар билан қопланган экан. Тоғ ёнбағридаги бир қишлоқда Орол исмли бола онаси билан яшар экан. У ёшлигидан тоққа, қояларга чиқиб катта бўлади. Нияти тоғнинг музликлар билан ястаниб ётган энг юқори чўққисига чиқиш экан. Улғайиб, катта бўлгач, бу ниятига етибди, чўққига чиқишга муяссар бўлибди. Чўққи шундай баланд эканки, йигит ўша жойдан кун ботиш томонга қарабди. Кўз олдида жилваланган, тўлқинлар кўкка сапчиётган, турли-туман қушлар чарх уриб учаётган мовий денгиз намоён бўлибди. Йигит денгиз шу тоғлардан, оёғи остидаги қор музликларидан бораётган сув билан мавжланаётганини ҳис қилибди. Шу-шу тез-тез тоғ чўққисига кўтарилиб, денгизни томоша қиладиган бўлибди. Кейинчалик денгиз Орол деган ном олибди".
Оролнинг ёши ҳақида тарихий манбаларда аниқ маълумот бўлмаса-да, жуда қадим замонларда денгизнинг шарқий бўйларида массагет ва саклар, жанубий томонида эса угар қабилалари яшаб, чорвачилик, балиқчилик, деҳқончилик билан кун кечирганликлари унинг тарихи минг йилларга бориб тақалишидан далолат беради.
Милоддан олдин яшаб ўтган антик давр тарихчилари Страбон ва Варрон, хитойлик сайёҳ ва олим Жон Цян Орол ҳақида қимматли маълумотлар ёзиб қолдиришган. Абу Райҳон Беруний "Геодезия" асарида Орол денгизининг узоқ тарихига оид батафсил илмий маълумотлар келтирган. Ал-Хоразмий Орол чекка нуқталари координаталарини қуйидагича берган: узунлиги 860300-900, кенглиги 300100-420. Бу кўрсаткичлар IX асрда Орол учун биринчи картографик маълумот эди. Оролнинг катталиги ҳақида қадимда яшаб ўтган олимларда турлича фикрлар мавжуд. Агар Ал-Истахрий денгизнинг айланаси 103 фарсах (бир фарсах 6-7 км) деб ёзган бўлса, Муҳаммад ибн Нажиб Бакрон 100 фарсах, Ибн Руста эса 80 фарсах деб ҳисоблаган.
Денгиз унинг атрофларида яшовчи одамларга босқинчилар ҳужумидан сақланиш учун мустаҳкам қалъа бўлган. Ривоят қилишларича, Искандар Зулқарнайн (Александр Македонский) Хоразмга бостириб кириши олдидан у ерга ўз айғоқчиларини юборган. Айғоқчилар қайтиб келишгач, буюк фотиҳга шундай дейишган: "Хоразмни фатҳ қилиб бўлмайди, сабаби уни ҳимоя қиладиган, бало-қазолардан сақлайдиган улкан денгизи бор экан". Бу гапни эшитган Искандар Хоразмга ҳужум қилиш ниятидан қайтган.
Яна бир ривоятга кўра, Чингизхоннинг ўғиллари Чиғатой ва Жўжи Урганчни эгаллагач, Орол бўйида ёзги қароргоҳ қуришни режалаштиришади. Аммо денгиз атрофида яшовчи қабилалар мўғулларга тез-тез ҳужум қилиб, уларни безовта қилишган. Шу важдан улар ёзги қароргоҳ қуришдан воз кечган эканлар.
Орол шунча йиллардан буён барҳаёт бўлиб, атрофида яшовчи халқларга ризқу насиба бериб келганлиги икки азим дарё - Амударё ва Сирдарё билан чамбарчас боғлиқ. Чунки бу дарёлар денгиз учун асосий сув манбаи бўлган. Орол энг кўп сувни Амударёдан олган. "Авесто"да дарё "Аранг" деб тилга олинган.
"Осиёда чор атрофи тоғлар билан ўралган водий бор, - деб ёзади тарихчилар отаси Геродот... Атрофидан катта дарё оқиб ўтади. Уни Аракс деб атайдилар. Унинг 40 та тармоғи бўлган, улардан бири Хасар (Каспий денгизи)га қўйилган. Бундай фикрни Страбон ва Полибей каби қадим дунё олимлари ҳам билдиришган.
Александр Македонскийнинг Ўрта Осиёга ҳарбий юришлари иштирокчиси Аристобул шундай ёзади: "Мен кўрган дарёларнинг энг каттаси Окс (Амударё) эди. Бу дарёда кемалар қатнаб турарди, ҳинд савдогарлари Каспий денгизига шу дарё орқали кемаларда сузиб боришган".
Абу Райҳон Беруний қадимги геологик даврда Амударё Заим (Керки, Туркманистон) ёнидан Қорақум орқали Каспий денгизига оққан деб ҳисоблайди. Кейинчалик у шимолга бурилган ва бу ердан бир қисми Қиз денгизи (Сариқамиш) томонга, яна бир қисми Хоразм (Орол) денгизига оққан.
XV асрда яшаган тарихчи олим Ҳофизи Абру "Жуғрофия" ва "Зубат ут-таворих" асарларида Амударё ва Сирдарё ўз сувини Каспий денгизига элтганлиги сабабли Оролнинг суви қуриб қолганлигини ёзади. Бу Амударёнинг ўз узанини ўзгартириб, Ўзбой орқали оққанлиги билан боғлиқ бўлган. Испания қироли номидан Соҳибқирон Амир Темур ҳузурига элчи бўлиб келган Клавихо, шунингдек, араб муаррихи Ибн Арабшоҳ ҳам Амударёнинг Каспий денгизига қуйилганлигини қайд этганлар. 1558 йилда Антоний Женкинсон Англиядан сайёҳ ва элчи сифатида Хоразмга келади. У бу вақтда Амударёнинг Каспийга эмас, Орол денгизига оққанлигига гувоҳлик беради.
Абулғози Баҳодирхон ўзи туғилишидан (1603 йил) ўттиз йил олдин Амударё Қораайғир тўқайидан сув олиб, Орол денгизига оқа бошлаганини ёзади. Шу сабабли Урганч атрофлари деярли чўлга айланган. Бу Женкинсон Хоразмга келиб кетганидан ўн беш йил ўтиб юз берган. 1625 йилда Урганч ўзбеклари сув йўқлигидан Бухоро, шунингдек, қозоқлар, манғитлар яшайдиган ўлкаларга кўчиб кетишга мажбур бўлишган.
Демак, Орол дарё узани ўзгарганлиги боис қуриб қолган, аммо йиллар, замонлар ўтиши билан Аму ва Сирдарёдан сув олиб, яна денгизга айланган, ўз ҳолига қайтган.
Шермуҳаммад Мунис (1778-1829) ва Муҳаммадризо Огаҳий (1809-1874) қаламига мансуб "Фирдавс ул-иқбол" ("Бахтлар боғи") асарида ҳам Орол ҳақида қизиқарли маълумотлар бор. Асарда Оролнинг бундан қарийб икки аср аввалги ҳолати - тўлиб, мавжланиб турган кўм-кўк денгиз, мусаффо сув остида ғужғон ўйнаган турфа балиқлар, улар устида чарх уриб учаётган қушлар манзараси жуда чиройли тасвирланган. Денгизда одамлар катта-катта тижорат кемаларида сайру саёҳат қилиб юрган. Баъзан шу улкан кемалар сув қаттиқ музлаши оқибатида тўхтаб қолган. Кема токи баҳор келиб, муз эригунига қадар ўша жойда тураверган.
Мазкур икки тарихчи, шоир, таржимондан сўнг ХХ аср 60-йиллари бошида филология фанлари доктори, йирик адабиётшунос олим ва адиб Пирмат Шермуҳаммедов тасвирлаган Орол манзараси ҳам кишини қувонтиради: "Кўз олдингизда уфқ билан туташиб кетган баҳри азим. Унинг шифобахш, ўркач-ўркач тўлқинлари, мовий кенгликларда ўйнаб юрган балиқлари руҳни кўтаради. Турна қатор тизилган параходлар, узун-қисқа баржалар, енгил тебранадиган қайиқлар эътиборни тортади".
Энди йигирма йил ўтгач ёзилган унинг қаламига мансуб қуйидаги сатрларни ўқинг: "Мўйноқнинг қоқ ўртасида туриб ўз қирғоқларини ташлаб кетаётган маъсум Орол томон тикиламан. Рўпарамда қовжираб ётган тепаликлар, уларнинг ортида қуруқ темирга айланган кемалар, параходлар, баржалар, ярим тупроқ остида қолиб кетган қайиқлар..."
Ҳа, бир вақтлар ҳамма ҳавас қилиб, кўришни орзу қиладиган шундай кўркам, мовий денгиз қуриб бораётган, майдони тобора кичраяётган, ортида шу диёрда яшаётган одамлар учун зарарли оқибатлар қолдираётган эди.
Агар статистикага мурожаат қилсак, Орол суви кейинги 50 йил ичида 8 марта камайиб, унинг қуриган ҳудудида 5 миллион гектардан зиёд қумли-тузли саҳро пайдо бўлганлигини билиб оламиз. Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, денгизнинг қуриган ҳудудидан ҳар йили 75 миллион тоннадан ортиқ чанг ва туз ҳавога кўтарилмоқда. Бунинг оқибатида Орол бўйидаги экин ерларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашди. Аҳоли ўртасида камқонлик, онкологик касалликлар кўпаймоқда.
"Бир афсонада айтилишича, Орол Нуҳ пайғамбарнинг қайиғи, Амударё ва Сирдарё эса шу қайиқнинг эшкаклари ўрнида пайдо бўлган экан, - деган эди машҳур қорақалпоқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов. - Хаёлимда доим бир ўй юради: Орол фожиаси аслида етмиш йил мобайнида бошимизга тушган кўргуликларнинг бир тимсоли, холос. Зотан, денгизимиз қуригани каби, маънавиятимиз ҳам ғариблашди, ахлоқимизга путур етди, иқтисодиётимиз хароб бўлди.
Оролга қилинган тажовуз, башариятга қилинган тажовуз эди. Етмиш йиллик тузум, инсон табиат устидан ҳукмрон, деган қараш асосида бу тажовузни қонунлаштирди. Бу шафқатсиз қонун охир-оқибатда ўзининг ҳам бошига етди".
Таниқли қирғиз абиди Чингиз Айтматов денгизнинг аччиқ қисмати ҳақида шундай деган эди: "Орол денгизи муаммоси фожиавий муаммога айланиб улгурди. Орол денгизи фожиасига асосан инсон айбдордир. Катта экологик ҳалокат рўй берди".
Шўролар замонида, Оролнинг келажак тақдирига бефарқ қаралди. Амударё ва Сирдарёдан сув ичадиган Марказий Осиёда жойлашган республикаларда пахта етиштириш режаси йилдан-йилга ошириб борилди. Ўзбекистон собиқ иттифоқда энг кўп пахта етказиб берадиган республика эди. Ғўза сувга ниҳоятда талабчанлиги учун ёз ойлари икки дарёнинг суви асосан экин суғоришга сарфланди. Бу эса Оролга ушбу дарёлардан борадиган сувнинг камайишига олиб келиб, денгизда сув сатҳи тобора пасайиб борди. Оролнинг қуриб бораётганидан ҳеч ким ташвишга тушмади. Орол фожиаси яққол кўзга ташланаётганда эса бу ҳақда шов-шувли гаплар кўп бўлдию, денгиз билан боғлиқ бўҳронни тўхтатиш учун амалий ишлар қилинмади.
Мамлакатимиз давлат мустақиллигига эришгач, Орол муаммоларига ҳам жиддий эътибор берилди. Истиқлол йилларида денгиз қуриши билан боғлиқ зарарли оқибатларни камайтириш, Оролбўйи минтақасида яшовчи одамларнинг сиҳат-саломатлигини сақлаш, турмуш шароитларини яхшилаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Унинг қуриган жойларига саксовулзорлар, яшил ўрмонлар яратишга қаратилган тадбирлар кўрилди. Айниқса кейинги икки йилда бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди, шиддатли, кенг қамровли тус олди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Орол фожиаси ҳақида куюнчаклик билан гапириб, дунё ҳамжамияти эътиборини ушбу ҳалокатли вазиятга қаратди. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда, дея таъкидлади.
2018 йил 27 ноябрда БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди ташкил этилди. Бу ташаббусни Президентимиз таклиф қилган эди, уни халқаро ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш қўллаб-қувватлади. 2018 йил 5 июнда Орол муаммоларига бағишланган Тошкент халқаро конференциясида иштирок этган бутунжаҳон сув кенгаши президенти Бенедито Брага (Франция) "Орол муаммоси фақат Ўзбекистонга ёки Марказий Осиё минтақасига тегишли эмаслигини барчамиз яхши англаймиз", деди. Бу эса Орол фожиаси яқин ва узоқ минтақаларга тегишли глобал муаммо эканлигининг эътироф этилишидир.
Ҳозир Оролбўйи қайта уйғониб, поёнсиз, кўз илғамас саҳрога янгидан ҳаёт бахш этиш учун мисли кўрилмаган ишлар олиб борилмоқда. Қиш ойларида 500 минг гектар майдонда саксовулзорлар ташкил этилди. Ниҳоятда шўрхок ерларнинг 100 минг гектарига тамаринд ўсимлиги экилди. Унинг гулидан нектар олишни асаларилар жуда хуш кўради, бинобарин бу ерда асаларичиликни ривожлантириш имкониятлари туғилади.
Орол фожиаси бизни кўп нарсаларга ўргатди. Сувни ҳисоб-китобсиз сарф қилиш, табиат мувозанатини бузиш нималарга олиб келишини кўрсатди. Энди бу масалада эҳтиёт бўлишимиз шарт. Зеро, экологик тарбияни кучайтириш, ёш авлоднинг она табиатга бўлган меҳр-муҳаббатини ошириш, атроф-муҳитни тоза, покиза сақлаш, сувни тежаш жаннатмонанд диёримизнинг янада кўркам, обод, қудратли бўлишининг гаровидир.
Мўмин АЗИЗОВ, тарихчи-журналист