Меню
Қашқадарё
"ОРИГИНАЛ" ОЛДИДАГИ ОРИГИНАЛ КЎЛМАК УНИНГ ЭРТАЛАБ ВА КЕЧҚУРУН КАТТАЛАШИШИ СИРИ НИМАДА?
Сўнгги вақтларда Қарши шаҳри кўлмаклару "булоқ"лар шаҳрига айланиб бораётгандек. Тез-тез шаҳарнинг гоҳ у, гоҳ бу жойида қувур ёрилиб, ундан қиймати тиллога тенг бўлган ичимлик суви оқиб ётиши, ҳосил бўлган катта-катта кўлмаклар шу ердан ўтиб қайтувчи йўловчиларга ҳам, атрофда яшаётган, ишлаётган кишиларга ҳам турли ноқулайликлар туғдириши одатга айланиб қолди.
Бу сафар фотокамерамиз объективини шаҳарнинг яна бир гавжум жойи - "Оригинал" супермаркети яқинида ҳосил бўлган кўлмакка қаратдик. Атрофнинг балчиққа айланиб, сувнинг ҳидланиб кетганига қараганда, у яқинда пайдо бўлиб қолгани йўқ.
Бу ердан ўтиб қайтаётганлар-ку қўланса ҳидга юз буриб, тезгина ўтиб кетишаяпти. Аммо шу ҳудуддаги савдо, хизмат кўрсатиш ва овқатланиш шохобчаларида ишлаётган тадбиркорлар учун кўлмакча чинданам бошоғриқ бўлмоқда.
- Шуни деб мижозларимизни ҳам йўқотаяпмиз, - дейди улардан бири. - Сабаби, сув жуда ҳидланиб кетган, ҳамма бу ердан тезгина ўтиб кетсам дейди. Биз маҳаллага, масъул ташкилотларга шу масалада бир неча маротаба мурожаат қилдик, лекин фойдаси бўлмаяпти.
Тадбиркорларнинг айтишича, кўлмакча шу ердан ўтган ичимлик суви қувури ёрилишидан ҳосил бўлган. Шу боис, аҳолига ичимлик суви бериладиган эрталаб ва кечки пайтда у жуда кенгайиб, сўнг яна тортилиб кетади. Суви тортилиб, балчиққа айланиб қолган майдон эса қўланса ҳид тарата бошлайди.
Буни қарангки, ҳолатни фотога муҳрлаётганимизни кўрган аҳоли вакиллари сал нарида ушбу кўлмакнинг "эгизаги" ҳам борлигини айтишди. Чин экан, йўл бўйлаб озгина юрганимиздан сўнг, Истиқлол маҳалласига бурилиш жойида яна худди шундай кўлмакка дуч келдик.
Ажабланарлиси, буниси ҳам эрталаб ва кечқурун катталашиб, сўнг яна кичрайиб қолар эмиш...
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.