Меню

Қашқадарё

07.06.2019 1567

ОРАДАН ЕТМИШ ЙИЛ ЎТИБ БУВАМ ВА ОТАМ ОҚЛАНДИ! (Очиқ хат ўрнида)

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 30 апрелдаги ажримида, жумладан, шундай дейилган: "Туркистон Ҳарбий округи Самарқанд гарнизони ҳарбий трибуналининг 1949 йил 9 декабрдаги М.Тулляев ва А.Мирзаевга нисбатан чиқарилган ҳукми бекор қилинсин. Тулляев Мирза ва Мирзаев Абдираимнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг  83-моддаси 2-бандига асосан тугатилсин. М.Тулляев ва А.Мирзаев айбсиз деб топилиб, оқлансин".

 Бу ҳақда сўз юритиш асносида, аввало, оқланган марҳумлар менинг бувам билан отам эканлиги учун қон-қариндошларимнинг тақдирига доир хушхабар бўйича мақола ёзиш одобданмикан, деган истиҳолага ҳам бордим. Ушбу битиклар очиқ хат тарзида баён этилганини шу ҳолат билан изоҳлаш мумкин. Бошқа томондан ёндашганда эса, ҳаёт ҳақиқатларини элга ошкор этиш фуқаролик, журналистлик ва фарзандлик бурчим ҳамдир.

 Гап шундаки, 1905 йили Қарши тумани Хушвақт қишлоғида туғилган ва 1985 йили шу ерда вафот этган бувам Мирза Тўлаев қишлоқ масжидида имомлик қилгани боис, шу манзилда 1928 йили туғилган ва 2008 йили вафот этган отам Абдирайим Мирзаев эса диндорнинг боласи бўлгани туфайли, 70 йил муқаддам ҳар иккисининг шаънига "халқ душмани" деган аёвсиз тамға босилган.

 Собиқ совет даврида дину эътиқодида мустаҳкам турган бувам - 10 йил, отам 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ота-бола жазони ГУЛАГ - Ахлоқ тузатиш меҳнат колониялари бош бошқармасининг Россия ҳудудидаги лагерларида ўтаб қайтишган.

 Аслида нима бўлган эди?

 Рус заминида содир этилган 1917 йилги тўнтариш кўланкаси юртимиз осмонига ҳам соя солган даврларда бувам эндигина мучал ёшига етган йигитча бўлган. Тез орада унинг отаси Тўлабой бувам катта ўғли Жўрабой амаким билан бирга "қулоқ" қилинган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ўртаҳол деҳқонлар ва ўзига тўқ тадбиркор кишилар бўлиб, тасарруфидаги ер ва от-улов, ҳовли-жойу карвонсаройлари колхоз ҳисобига ўтказилган. Бу икки бобомизнинг кейинги қисмати ҳозирча бизга номаълум.

 Орадан кўп ўтмай, бувамга диний сабоқ берган қишлоғимиз масжиди имоми Ҳосил махсум сургун қилиниб, масжид эшигига қулф урилади. Мирза бувам 20 ёшнинг нари-берисида - отамерос мол-мулксиз, янада ачинарлиси, ота, ака ва йўлбошловчи устозларисиз  навқирон ҳаётнинг аламли чорраҳасида танҳоланиб қолади. Теварак-атрофдаги мозорларда, авлиёлар зиёратгоҳларида яшаб юради. Кейинчалик қишлоғимиз яқинидаги "Патта" қабристони масжидида хизмат қилади. Масжид ёнидаги яланг ерларни ўзлаштириб, миришкорлик, бугунги давр тилида айтганда, деҳқончилик билан шуғулланади. Бувамнинг бор айби ҳам шу бўлган, назаримда.  Чунки ўша пайтларда одамларда колхоз тузумидан кўра якка деҳқончилик афзал, деган фикр мутлақо бўлмаслиги керак эди.

 Шу сабаб бувамни колхоз етиштирган ғаллани ўғирлаб, масжид ҳужрасига яширганликда айблашади. Большевиклар қишлоқ фаоллари иштирокида ўтказган текширувда бу туҳмат тасдиғини топмайди. Яъни, текшириш натижасида буғдой экилган пайкал ўлчами билан бу ердан олиниши мумкин бўлган ҳосил миқдори бир-бирига мос келади.

 Шундан сўнг колхозга омбор қуришда ғиштларидан фойдаланиш баҳонасида "Патта" қабристони масжиди бузиб юборилган. Ўша қабоҳатга гувоҳ бўлган қишлоғимиз қариялари: "Масжид ғиштларини ташиб кетишга бешта от-арава билан келишганди, лекин беш дона ҳам бутун ғишт чиқмади. Бу қилмиш ўшанда Худога ёқмаган", деб ҳозиргача эслашади.

 1949 йил июнь ойида бувам колхозчилар рўйхатидан ўчирилиб, томорқаси ва уй-жойининг бир қисми жазо сифатида колхозга тортиб олинган. Колхозга аъзолик учун топширган мол-мулки ҳам қайтарилмаган. Ўша йилнинг 3 сентябрида     ҳибсга олиниб, ЎзССР Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-қисми бўйича аксилинқилобий тарғибот ва ташвиқот олиб боришда айбланган.

 Ҳибс қилгани келганлар масжиддаги бир қоп ноёб китобларни хачирга ортиб кетишган. Жиноят иши ҳужжатларида 47 та китоб мусодара қилингани ҳақидаги маълумотлар қайд этилгани буни тасдиқлайди.

 Яқинда бобомнинг шахсий кутубхонасидан қолган энг охирги китобни арабча имлодан ўзбекчага ўгириб, ўқишга муваффақ бўлдим. Қозонда 1904 йили чоп этилган ушбу китоб "Ахлоқ рисоласи" деб номланиб, татар маърифатпарвар уламоси Қаюм Носирий (Абдулқайюм мулла Абдуносир ўғли) қаламига мансуб экан. Китоб болаларга ёвуз хулқдан сақланиб, эзгу хулқ эгаси бўлиш учун ота-она насиҳати сифатида ёзилган. Бу китоб, аслида, собиқ совет тузуми учун ҳеч қандай зиёнли бўлмаган, ҳатто бугун ҳам мактабларимиз учун жуда зарур мавзудаги дарсликдир. Китоб муаллифи Қаюм Носирий ислом дини моҳиятини ҳам, халқлар бирдамлигининг аҳамиятини ҳам баробар улуғлаган йирик зиёлилардан ҳисобланади.

 Тарих китобларида Қаюм Носирийнинг номи Ўзбекистондаги кўплаб маърифатпарвар аждодларимизнинг устози сифатида алоҳида қайд этилган. Ҳозирги кунда Россияда, Қозон шаҳрида Қаюм Носирийнинг муҳташам уй-музейи ишлаб турибди. Татар маърифатпарварининг айнан Татаристонда чоп этилган китобларини ўқиган бобом эса миллатчиликда айбланганига нима дейсиз?

 Бувам қарийб бир ойлик шафқатсиз терговлар давомида айбни бўйнига олмагандан сўнг янада бешафқат йўл тутилади. 1949 йил 1 октябрда отам ҳибсга олинади. Ўрта табақага мансуб мусулмон пешвосининг ўғли сифатида қўлга олинган отамга ва бувамга ЎзССР Жиноят кодексининг 125-моддаси "г" банди билан "дезертирлик" айби ҳам қўйилади.

 Бунга қадар ота-боланинг иккиси ҳам армияга чақирилмаган. Бувам одатдагидек масжидда, отам эса колхоз даласида ҳибсга олинган. Демакки, ўзлари юборилмаган ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетишлари, дезертирлик қилишлари учун уларда имкониятнинг ўзи мавжуд бўлмаган.

 Аксинча, шўролар тузуми отамерос ер-мулкини тортиб олиб, ўзини "қулоқ" қилганидан кейин ҳам бувам ва отамга "ишончсиз унсур" сифатида қарашда давом этган. Бувам ҳатто урушга чақирилмаган. Бу ҳолат унинг диний уламо бўлгани билан ҳам боғлиқдир, балки. Масжид имомининг ёлғиз ўғли совет мактабида тўлақонли таълим олишига атайин панжа орасидан қаралган. Оқибатда отам 7 синф маълумоти билан қолиб кетган.

 Ваҳоланки у совет армияси чақирувидан ҳеч қачон, тергов ҳужжатларида қайд этилганидек, "фаол беркинмаган". Унинг ҳибсга олиниши тўғрисидаги қарор чиққан ва қўлга олинган сана айнан бир хил. Бу ҳам унинг ҳеч қачон, ҳеч кимдан ва ҳеч қаерга қочмаганини кўрсатади. Отамда, одатда, ўша даврда дезертирлик қилган одамларда кузатилган ўз танасига жароҳат етказиш ҳолати аниқланмаган. Бу ҳам унинг совет армиясига чақирилишдан қочмаганини тасдиқлайди.

 Ана шу соғлом қўл-оёқлар билан қанчадан-қанча совет даври қурилишларига ҳисса қўшилган, каналлар қазилган, пахта ва ғалла етиштирилган. Отам ғўза кўсагидан чивиб олинган нам пахтани толага зиён етказмай қуритадиган ускуна ихтиро қилган. Колхознинг янги ўзлаштирилган ерларида пахта етиштирадиган илғор деҳқонларнинг олдинги сафида турган. Бунинг учун кейинчалик совет ҳукуматининг медали билан тақдирланган.

 Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилиниши билан советларнинг ғайриинсонийлик, динсизлик ва мустамлакачиликка таянган, инсон ҳуқуқларига зид сиёсат олиб боргани фош бўлди. Истиқлол туфайли эски тузум қурбонларига нисбатан муносабат тубдан ўзгарди.

 Энг муҳими, Президент Шавкат Мирзиёевнинг инсонпарвар сиёсати туфайли Ўзбекистонда инсон, жамият, давлат ҳаётида адолат тантанаси тобора устувор аҳамият касб этмоқда. Маърифатпарвар, имон-эътиқодли инсонлар бўлгани учун бундан 70 йил олдин номлари қорага чиқарилган бувам ва отам бугунги ислоҳотлар самарасида оқланди. Оқилона ва одилона сиёсат туфайли мамлакатимизда инсон қадр-қиммати олий даражага кўтарилганига ота-бувамнинг тақдирига нисбатан бугунги эзгу муносабат мисолида яна бир бор амин бўлдим. Бу ҳаётий ҳақиқат - адолат тантанаси ҳар қанча ташаккуру таҳсинларга муносибдир.

 Яратганга минг бора шукурлар бўлсин!

 Ғулом МИРЗО,

 Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!