Меню
Қашқадарё
“Қора бозор”да ўртанган кўнгил...
Ҳеч кимга сир эмас, хорижий валюта олиш ёки сотиш истагида бўлган фуқаролар банкка мурожаат қилишса кифоя, муроди ҳосил бўлади. Ўз ўрнида аҳоли гавжум жойларда, бозорлар ёнида ҳам шу иш билан шуғулланадиган олғирлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Банкда тайёр пул, қулай шароит турганда, фуқаролар нега бундайларга мурожаат қилади – тушуниш қийин.
Бинобарин, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан чет эл валютаси ноқонуний муомаласига қарши мунтазам равишда кураш олиб борилаётганини таъкидлаш ўринли. Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Косон тумани ҳамда Қарши шаҳар бўлимлари ҳамкорлигида шу йилнинг 6 январь куни Қарши шаҳридаги “Марказий буюм бозори савдо мажмуаси” МЧЖ ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди. фуқаро Ш.Ф. 1 АҚШ долларини 10 минг 550 сўмдан ҳисоблаб, 2600 АҚШ долларини Б.Д.га 27 миллион 430 минг сўмга сотган пайтида ушланди ва 2600 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олиб қуйилди.
Шунингдек, департаментнинг Китоб ва Чироқчи тумани бўлимлари ҳамкорлигида жорий йилнинг 7 январь куни “Китоб озиқ-овқат деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Х.С. таниши Х.Р. билан бирлашиб, жиноятга қўл ургани маълум бўлди. Улар К.Б.дан билан ҳар бир АҚШ долларини 10 минг 450 сўмдан сотиб олишга келишиб, 2500 АҚШ долларини 26 миллион 125 минг сўмга сотиб олган вақтида ушланиб, мазкур пул маблағлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Эътиборга молик жиҳат шундаки, Х.С. бундан аввал валюта қимматликларини олиш ёки ўтказиш жиноятини содир этганлиги учун жавобгарликка тортилган, бундан қандай хулоса чиқарганини эса кўриб турибсиз. Ўрганган кўнгилнинг ўртаниши ёмон экан-да...
Департамент вилоят бошқармасидан хабар беришларича, ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.