Меню
Қашқадарё
"Қора археологлар"гуруҳи қўлга олинди
Миср бош прокуратураси мамлакат парламентининг собиқ депутати Али Ҳассанин бошчилигидаги яширин археологлар гуруҳи ноқонуний қазиб олинган тарихий артефактлар (санъат намуналари) савдоси ва уларни хорижга контрабанда қилишда гумонланиб қўлга олинганини хабар қилди.
РИА Новости манбасининг ёзишича, гуруҳ раҳбарини қўлга олиш пайтида қадимий тангалар, ҳайкалчалар, қимматбаҳо тош ва бошқа тарихий буюмлар аниқланган. Дастлабки тергов жараёнида ушланган 19 нафар гуруҳ аъзосидан 17 нафари айбига иқрорлик кўрсатмасини берган. Уларнинг айримлари ноқонуний қазишма олиб бораётган жойда иш қуроллари ва қазиб олинган артефактлар билан жиноят устида қўлга олинган.
Миср қадимий обидалар бўйича олий кенгаши қўлга олинган "қора археологлар"да аниқланган 227 та артефактнинг барчаси мамлакат маданий мероси объектлари эканлиги ва тарихдан илгариги даврдан то исломгача бўлган оралиқдаги турли замонларга оидлигини тасдиқлади.
Мамлакат қонунчилигига мувофиқ, энди яширин археологлар гуруҳи аъзоларига камида уч йил қаттиқ режимли қамоқ жазоси хавф солаяпти. Агар уларнинг артефактларни хорижий мамлакатларга контрабанда қилгани айби тасдиқланса, бундай ҳолатда ҳуқуқбузарларга умрбод қамоқ жазоси ва 10 миллион миср фунтигача (640 минг АҚШ доллари атрофида) жарима қўлланиши мумкин.