Меню
Қашқадарё
ОР-НОМУС УЧУН КУРАШ БОЛАЛИКДАН БОШЛАНАДИ
Қишлоқ одамлари олчин, тоғчи, паритўп, қовчин, гўрхов, юз... дея аталмиш уруғ-аймоқларга бўлиниб олишади. Борди-ю, четдан полвонлар келган бўлса-чи? Унда, қишлоқ полвонлари бирлашиб, меҳмон полвонлар билан курашади.
Одамлар киндик қонлари томмиш ер шон-шарафи, орияти учун олишади.
Ватан - киндик қон томмиш ердан бошланади!
***
Бўри полвон давра айланди. Даврага мурожаат этди:
- Халойиқ! - деди. - Даврада ҳалол олишиб, элга томоша кўрсатайлик! Ҳақ-ноҳақни мен - ўзим ажрим қиламан! Айтганим айтган, деганим деган! Даврадаги Бўри полвон сўзим: тарафкашлик, ғирромлик, ошна-оғайнигарчиликка йўл қўймайман!
***
Болалар давра айланди. Аммо... чаппа тарафдан айланди!
Давра гурр этиб кулиб юборди. Бўри полвон болаларни ушлади.
- Эб-эй, эб-эй! - деди. - Манови тарафдан айланинглар! Кулманг, халойиқ, полвонлар ғайратига чидай олмай, шошиб қолди, ҳа! Полвон шуйтиб-шуйтиб полвон бўлади-да!
***
Бўри полвон Шукурнинг елкасига қўлини қўйди.
- Полвон, йиқитолмадингиз, бошқатдан олишинг! - деди. - Елкангизни кўп силтаманг. Ё, отангизга ишоняпсизми? Отангиз идорага раис! Даврага Бўри полвон раис! Туринг!
***
Шукурга тарафкаш болалар бир-бирига сўз бермай талашди, баковулга эланди:
- Бова, Эрмат полвон билан мени олиштиринг, у қалин ошнамни йиқитди!
- Йўқ, Эрмат полвон билан мен олишаман. Шукур холамнинг ули!
- Бова, Эрмат полвонга мени чиқаринг, Шукур бизнинг ҳамсоямиз!
Даврага тағин бир бола - Холёр келди. Холёр Шукурнинг бир ёш катта акаси бўлди.
Ҳаяллаши боиси, у тут шохида ўтириб эди. Ерга тушиб, даврага киргунча вақт ўтди.
Масалани Бўри полвон ҳал этди.
- Раис бова, Холёр полвонга дуо беринг, укасининг ори учун олишсин! Минг қилсаям эмчакдош-да! - деди.
***
Зўрдан зўр чиқди. Олиш катталашди.
Гал мактаб ёши болаларга етди. Ундан ўсмирларга етди.
Бир полвон йиқилса, орига ошнаси ё оғайниси даврага чиқди. Қони тортди...
Ор-номус учун кураш болаликдан бошланади!
***
- Халойиқ, - деди Бўри полвон, - манави икки полвон даврага гаплашиб чиқибди экан! Бировимиз астагина йиқилиб, олган қўйни сўйиб еймиз, деб келишибдилар. А? Буни менга айғоқчилар етказди! Қолаберса, олишлариям кўрсатиб турибди! Халойиқ, мен буларниям даврадан бадарға қиламан!
***
- Бали, полвон, бали! Менинг қўлим эмас, отамнинг қўли, деб олиш, ҳа!
- Полвон, пирингни ҳамиша ёд эт, мадад беради!
***
Фақат, фақат ғалаба учун курашилса, ғалабага етиш жуда-жуда мушкул бўлади! Баъзан, етиб бўлмайди!
Йўқ, полвон зафарни эмас, зафар полвонни қидирсин! Зафар полвонни топсин! Полвон хоҳиш-ирода билан олишса, ўзининг нималарга қодирлигини намойиш этса, санъатини намойиш этса, зафар ўз-ўзидан келади!
Полвон ўз курашидан ўзи завқланса, зафар ўз-ўзидан ёр бўлади!
***
Темир полвон Берди полвонни ит чилга олиб йиқитди.
Берди полвон орига ўрта ёшлардаги бир полвон чиқди.
Темир полвон талабгор юз-кўзига қаради. Кейин ўзига-ўзи фотиҳа ўқиди. Гап йўқ, сўз йўқ, даврадан чиқди-кетди.
Давра ҳайрон бўлди.
Бўри полвон бориб, гапиришиб келди.
Юзларида табассум ўйнади. Овози тўла фахр бўлди, овози тўла ғурур бўлди:
- Халойиқ! - деди. - Мен Темир полвон билан гапиришдим, ҳа! Уккағар, қойилман деяпти! Нимага дейсизми? Манави талабгор Чори полвон ўз вақтида Темир полвонга бош-қош бўп, тўйларга олиб борган, ўзининг ҳунарларидан унга-да ўргатган экан! Шунга, Темир полвон айтяптики, у киши менга устоз бўладилар, мен устозимнинг ёқасидан ушламайман, деяпти! Сиз нима дейсиз, халойиқ!
- Отасига раҳмат ўша полвоннинг!
- Асл полвон экан!
- Шундай фарзандларнинг умри узоқ бўлсин!
***
- Шу, французларгаям қойилман, ўзининг олишини бутун жаҳонга ёйган.
- Мўмин муаллим, мана, сиз ўқимишли одамсиз, уйингизда китобингиз кўп, деб эшитаман. Сиз айтинг, нега энди бир ланж классик кураш бутун жаҳон спорти бўлади-ю, ўзимизнинг олишни фақат тўйда ё “Ҳосил байрами”да кўрамиз? Ё, олишимиз спорт эмасми?
- Спорт ҳам гапми, санъат! Кўряпсизми, Тиловбердининг ўйнаб олишувини. Буни ҳеч қайси тренер, секция ҳам ўргатолмайди.
- Бали! Узоқларга қараб яшаймизу, оё-ғимиз остидаги гавҳарни кўрмаймиз.
ЖАҲОНГИР тайёрлади.