Меню

Қашқадарё

08.01.2019 1995

Қорқизнинг минг сўми

Шаҳар марказидаги катта арча. Етти яшар қизалоғимнинг "талабларига биноан" Қорбобо ва Қорқиз билан суратга тушиш учун навбатда турибмиз.

Ўн чоғли йигит-қиз билан расмга тушганидан сўнг Қорбобо ва Қорқизнинг овозлари баландроқ ва дағалроқ чиқа бошлади. Анча пайт нима бўлаётганини тушунмай тургандим, бир пайт қулоғимга Қорқизнинг чийиллаган товуши аниқ-тиниқ эшитилди:

- Ўл-е, "мошенник", беш панжангни оғзингга тиқиб... Ўн кишининг пули ўн минг бўлади. Нимага менга тўрт минг бераяпсан? Тенг бўлишамиз девдинг-ку...

Ҳайратдан қотиб қолдим.

- Кетдик, - деди қизалоғим қўлимдан тортқилаб. - Расмга тушгим келмаяпти...

"Ксеро-ҳаёт"

Боғчадаёқ Унга таассуб қилди. У нима кийим кийса, нима ўйинчоқ ўйнаса, ота-онасидан ўшандайини талаб қилди.

Мактабда У билан бир партада ўтирди. Иншони ҳам, диктантни ҳам Ундан кўчирди. Фақат математикадан ёзма иш пайтида иш мураккаблашарди. Чунки партадошларнинг бири "А", иккинчиси "Б" вариантда бўларди. Ғамхўр партадош бунинг ҳам йўлини топди. Аввал ўзининг вариантини ишлаб, топширмай туриб, буникини ҳам ишлаб берди.

Улғайишди. Нимагадир У севган қизни севиб қолди...

У ўқиган университетда ўқиди... 

Йиқилиб-сурилиб зўрға У ишлаётган идорага ишга кирди...

У уй олган кўчадан ҳовли сотиб олди... 

У минган машинадан минди...

Бир куни...

Ортига қараса...

Ҳаёти ўзиникига ўхшамайди...

Конверт

"Завхоз"нинг хуноби ошди:

- Қизиқсиз-а, бухгалтир бува, ана, интернет, ана, электрон почта, идорага "пачка"лаб конверт сотиб олишнинг нима кераги бор? Кимгаям хат ёзасиз?

- Керак, - деди "бухгалтир бува" "файласуфона" сўлиш олиб. - Керак ҳам гапми, зарур! Ҳеч ким бир-бирига хат ёзмай қўйса ҳам, почта деган ташкилот бутунлай тугаб кетса ҳам, конвертга "иш" топилади...

"Мих"

- Боядан бери кузатиб ўтирибман. Нега "Дамас"чилар Сизни чиқаришмаяпти, ака?

- Чунки мен "мих"ман.

- "Мих"? Бу нима деганингиз?

- Охиригача бораман-да...

"Отам обберган..."

- Олтмишга кириб, нима қилдим ўзи - билмайман...  Одамлар қўша-қўша диплом олди, қўша-қўша уй қурди, қўша-қўша мошин олди... Мен-чи?! Ана, отам обберган диплом, отам обберган уй, отам обберган мошин, отам обберган хотин...

Сотилмайдиган уй

- Ака, кечирасиз. Бир минутга қараворинг... Манави уй сотиладими?

- Йўқ. Ким айтди сизга? Эгаси билан йигирма йилдан бери қадрдон қўшнимиз. Сотса, биринчи бўлиб мен эшитардим-да...

- Унда нега дарвозасига телефон рақами ёзилган?

- Э, шуни ҳам билмайсизми? Сизга ўхшаганларнинг чақириши учун-да... Ҳозир телевизорларнинг овози баланд...

"Фишт" нима?

-"Лотин", дедик, "кирилл" дедик, болаларни ҳам гаранг қилдик-да, домла...

- Нимага хуноб бўлаяпсиз, қўшни?

- Кеча ўғилчам "Дада, "фишт" нима?", деб сўради. "Кишт", деб товуқ, "пишт" деб пишак ҳайдалади. Шахматда ҳам "кишт" берилади. "Фишт"ни эшитмаган эканман, десам, эртаси куни қурилиш моллари дўкони ёнидаги ёзувни кўрсатди - "мана" деб. Қарасам, аралаш-қуралаш қилиб "ҒISHT СОТИЛАДИ", деб ёзиб қўйишибди. Э, "фишт"-е, девордим...

"Дақиқа"

- Ярим соатдан бери телефонда ким билан эзмаланиб гаплашдинг?

- Онам билан! Анчадан бери йўқламаган эканман. Бир хурсанд бўлдилар, бир хурсанд бўлдилар...

- Қойил! Ғамхўр ўғил экансан! Оналар ғанимат, йўқлаб туриш керак...

- Нимасини айтасиз. Барибир телефондаги "дақиқа"ларим эртага куйиб кетарди. Бекорга кетмасин, дедим...

Нуриддин ЭГАМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!