Меню
Қашқадарё
“OPEN AIR. SAHRO SIMFONIYASI" ҚАРШИ ВА ШАҲРИСАБЗДА
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Ўзбекистон давлат филармонияси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида амалга оширилган мусиқий дастурни томоша қилиш учун нафақат санъат шинавандалари, балки кенг жамоатчилик вакиллари ҳам йиғилди.
Концерт дастури ўтказилган майдонда ўриндиқлар ўрнатилиб, саҳна мусиқий чироқ ускуналари билан безатилди, шаҳар манзараларини акс эттирувчи визуал экранлар қурилди. Шунингдек, вилоятимиз ўзига хослигини намойиш этувчи ўтовлар ўрнатилиб, ҳунармандлар кўргазмаси ташкил этилди.
- Концерт дастурида мумтоз асарлар, машҳур романтик куйлар ва опера мусиқалари, фильмлардан мусиқа ижро этилди, - дейди Қарши шаҳрилик мухлис Наргиза Жабборова. - Дастур давомидаги рақслар ҳам жуда қизиқарли бўлди. Томошабинлар учун кутилмаган ва шоу тарзида намойиш этилган кўплаб совғалар санъатсеварларни хурсанд қилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ушбу лойиҳа икки йилдан буён ўтказилиб келинмоқда. Жорий йилги дастур доирасида 18-27 июнь кунлари Ўзбекистоннинг бешта шаҳри - Нукус, Хива, Термиз, Қарши ва Шаҳрисабзда очиқ осмон остида концертлар уюштирилди. "OPEN AIR. SAHRO SIMFONIYASI" лойиҳасининг кўҳна Кешдаги қисми кеча Оқсарой мажмуаси олдидаги муҳташам майдонда ўтказилди.
Сожида АЛЛАЁРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.