Меню

Қашқадарё

09.10.2018 1737

ҚОНУНЛАРДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ХАЛҚ ҲАЁТИДА ҚАНДАЙ ЎРИН ТУТАДИ?

Ушбу қонунларни қабул қилишдан мақсад нима ва мазмун-моҳияти нималардан иборат? Бу қонунлар кучга киргач халқимиз ҳаётида қандай ўзгаришлар рўй беради?

Хусусан, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон фуқароларини мамлакатимиз ва хорижда ишга жойлаштириш имкониятларини ошириш, хорижда фуқароларни иш билан таъминлашга қаратилган дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга хусусий бандлик агентликларини жалб қилиш ҳамда фуқароларни ишга жойлаштириш соҳасидаги давлат-хусусий шериклигини ривожлантиришга қаратилган. Хусусий бандлик агентликларининг фаолияти Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тартибга солиб борилади. Қонуннинг амалиётга жорий қилиниши аҳоли бандлигини таъминлаш, иш излаётган фуқароларни чет элларга ишга юбориш ҳамда чет элларда ишлаётганларнинг ҳаёти, соғлиғи ва меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ижобий аҳамият касб этади.

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколат муддати икки ярим йилдан уч йилгача узайтирилди. Шунингдек, мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди аҳолиси сони ҳисобга олинган ҳолда уйлар ва кўчалардан фуқароларнинг энг кам вакиллик нормаси сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги белгиланди.

Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан ташкил этиладиган Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси таркибига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритилиши мумкин. Шунингдек, қонун билан фуқаролар хоҳиш-истагини бирор бир тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш учун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида яширин овоз беришни ўтказиш белгиланди.

Ушбу қонун нормаларига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар, овоз бериш якунлари тўғрисидаги ахборотни вилоятлар фуқароларнинг ўзини ўзи  бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштириш керак. Бу билан сайловларнинг очиқ, ошкора, қонуний ва адолатли ўтиши таъминланади.

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуни ва Уй-жой кодексига киритилган ўзгаришларга мувофиқ, пенсионер Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг ортиқча тўланган пенсия суммасини ушлаб қолиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган тақдирда, қарздорлик у аниқланган санадан бошлаб кўпи билан уч йил учун суд орқали ундирилиши белгиланди. Шунингдек, давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорларига, бу жойларни ижарага олувчиларга сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш хизматлари учун олдиндан 100 фоизлик ҳақ тўлаш амалга оширилмаган тақдирда, сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш тизимларидан тўлиқ узиб қўйишгача бўлган чоралар кўрилиши қонунан мустаҳкамланди.

Ялпи мажлисда “Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  Қонун ҳам кўриб чиқилди. Унга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Фуқаролик, Уй-жой ва Солиқ кодекслари ҳамда “Нотариат тўғрисида”ги ва “Адвокатура тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши маъқулланди.

“Адвокатура тўғрисида”ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, адвокатлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш, юридик хизмат ходими сифатида, судья, терговчи, прокурор лавозимида камида 3 йил иш стажига эга айрим тоифадаги шахсларга адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда адвокатлик бюросини таъсис этган адвокатларга ўзига тегишли бўлган турар жойларда ўз фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, адвокатга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни адвокатлик бюроси фаолиятида фойдаланиш мақсадида нотурар жойлар тоифасига ўтказиш талаб қилинмайдиган бўлди. Булардан ташқари, адвокатга   патент вакили ва медиатор сифатида, шартнома асосида давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида, шунингдек, ҳакамлик судларида ва халқаро тижорат арбитражларида судья сифатида фаолият олиб бориш ҳуқуқи берилди.

“Нотариат тўғрисида”ги Қонундаги ўзгаришларга биноан кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини нотариал тасдиқлашни бекор қилиш, нотариал тасдиқланиши лозим бўлган хатти-ҳаракатлар рўйхатини мақбуллаштириш, юридик шахс коллегиал органининг илтимоси билан унинг коллегиал органлари томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини нотариал тасдиқлаш, нотариус лавозимига номзодларнинг стажировка ўташ муддатини 2 йилдан 1 йилга қисқартириш назарда тутилди. Нотариус лавозимига номзодлар учун  судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёхуд нотариал фаолиятга раҳбарлик ва назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахсларга мажбурий стажировка ўташ талаблари бекор қилинди.

Мазкур қонун ҳужжатлари қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда эркинликларини самарали ҳимоя қилишга қаратилгани билан эътиборлидир.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга асосан жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги жиноий, жиноий-процессуал ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга эътибор қаратилди.

Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида бўлган шахсга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, ноқонуний аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилувчи бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ялпи мажлисда, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига одил судловни амалга ошириш самарадорлигини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди. Қонунда Ўзбекистон Республикаси Олий суд  раиси ўринбосарларининг – тегишли судлов ҳайъатлари раисларининг ҳамда вилоят суди ва унга тенглаштирилган суд раислари ва ўринбосарларининг масъулиятини кучайтириш назарда тутилган. Судлар фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилишини таъминлаш,    судьялар ўртасида ишларни тўғри ва бир хил тақсимлашга эътибор қаратилган.

Сенат ялпи мажлисида маъқулланган қонунлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач, қонунларда белгиланган вақтда кучга киради. Кейинги вазифа уларнинг ўз вақтида ижрочиларга етказилиши, ижроси ва тарғиб этилишини таъминлашдан иборат.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмат раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!