Меню
Қашқадарё
ҚОНУНЛАР, ИЖРО ИНТИЗОМИ ВА ОАВ УЛАРНИ НИМА БИРЛАШТИРИБ ТУРАДИ?
Кун тартибидаги мавзу юзасидан вилоят ҳокимлиги юридик хизмати бошлиғи Абдишукур Омонов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Давлат Имомов, вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Венера Бобоева сўзга чиқишди.
Маълумот берилганидек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатимизда 30 дан ортиқ қонун қабул қилиниб, ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Президентнинг 130 дан ортиқ фармони, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг 700 га яқин қарорлари қабул қилинди. Вилоят ҳокимлигида эса шу йилнинг 6 ойида 640 дан ортиқ қарор ва 80 дан зиёд фармойиш чиқарилди.
Мурожаатларга тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига 1-ярим йилликда 123 минг 321 та мурожаат йўлланган бўлса, шунинг 14 минг 935 таси вилоятимиз аҳолисига тегишли. Такрорий мурожаатлар ва кўп ҳолларда мутасаддиларнинг ижро интизомига бефарқлиги виртуал қабулхонага мурожаатлар бўйича “биринчилик”да турганимизга асосий сабабдир.
Бевосита вилоят ҳокимлигига ярим йилда жисмоний ва юридик шахслардан 4340 та мурожаат келиб тушган бўлса, бу рақам ўтган йилнинг шу даврида 5159 га тенг бўлган. Таҳлиллар энг кўп мурожаатлар Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Ғузор, Қарши, Чироқчи ва Яккабоғ туманларидан бўлганини кўрсатмоқда.
- Ўтган йили 385 нафар мансабдор шахс айнан мурожаатларга эътиборсиз қарагани учун жавобгарликка тортилди, - дейди вилоят Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Давлат Имомов. – Жорий йилнинг 6 ойида эса 123 нафар мансабдорга турли чоралар кўрилди. Мазкур ҳолатда ОАВ имкониятларидан унумли фойдаланиб, мутасаддиларнинг мурожаатларга муносабатини ўзгартириш, ўз навбатида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш кутилган самарани беради.
Тадбирда қонун ҳужжатларини амалиётда қўллаш ва ижросини таъминлаш, мурожаатлар билан ишлашда оммавий ахборот воситалари имкониятлари, шу асосда қилинадиган ишлар муҳокама қилинди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
Н.ХЎЖАЕВ