Меню

Қашқадарё

25.06.2019 1543

ҚОНУНЛАР - ИСЛОҲОТЛАР ЙЎНАЛИШИНИ БЕЛГИЛАЙДИ

Сенаторлар томонидан дастлаб Ўзбекистон Республикаси "Туризм тўғрисида"ги  Қонуни кўриб чиқилди. Ҳужжат мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини қамраб олган. Хусусан, туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш,  тизимда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, солиқ ва божхона имтиёзларини белгилаш, янги иш ўринлари ташкил этиш, туристик зоналар ва туристик кластерларнинг ривожлантирилишини рағбатлантириш каби йўналишлар белгилаб берилган. Шунингдек, қонун билан туризм соҳаси субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш устуворлиги, туризмни барқарор ривожлантириш ва бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиш, соҳада тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рақобатни ривожлантириш, ошкоралик ва очиқлик каби асосий принциплар ўрнатилган.

Қонунда халқаро ва ички туризм шакллари, шунингдек, маданий-тарихий, зиёрат, экологик, маърифий,  ишбилармонлик, ижтимоий, спорт, тиббий, ёшлар туризми, агротуризм каби саёҳат турлари мустаҳкамланмоқда. Ҳужжат туристик фаолиятни давлат томонидан тартибга солишнинг ҳуқуқий ва институционал базасини шакллантириш, миллий туристик маҳсулотни ички ва жаҳон бозорларида танитишга кўмаклашиш, саёҳат индустриясини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган. Ушбу қонун мамлакатимизда  туризмни ривожлантиришга, пировардида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга кўмаклашиши қайд этилди.

 Ўзбекистон Республикасининг "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонуни  шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ва фуқароларнинг шахсий ҳаётга доир ҳуқуқини ҳимоя қилиш  билан боғлиқ. У шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш чоғида қўлланиладиган воситалардан, шу жумладан, ахборот технологияларидан қатъи назар, юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Мазкур қонунда фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадлари ва усулларининг қонунийлиги, маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги, махфийлиги ва ҳимоя қилинганлигига оид асосий принциплар мустаҳкамланган.

 Қонун билан давлат органларининг бу соҳадаги ваколатлари ҳам белгилаб берилган.  Шунингдек, унда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш механизмлари мустаҳкамланмоқда, у шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий, ташкилий ва техник чоралар кўришни назарда тутади. Бу субъектнинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқи амалга оширилишини, шахсга доир маълумотларнинг яхлитлиги ва бутун сақланишини, махфийлигига риоя этилишини, шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини таъминлайди.

Ҳужжат асосида шахсга оид маълумотларнинг махфийлиги, уларнинг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбаларга киритиш учун субъектнинг ёзма розилигини олиш, шунингдек субъектнинг шахсга доир маълумотларини ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбалардан унинг мурожаатига кўра чиқариб ташлаш белгиланмоқда.

"Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида"ги  Қонуни билан Ҳисоб палатасининг давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органи сифатидаги ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланмоқда. Ҳужжат асосида ушбу органнинг асосий вазифалари давлат бюджети лойиҳаси параметрларини шакллантиришни тизимли таҳлил қилиш, қабул қилинаётган давлат дастурларининг ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлиги аудитини амалга ошириш, шунингдек бюджет маблағлари тушумларининг тўлиқлигини ўрганиш ҳамда назорат қилиш, амалга оширилаётган бюджет харажатлари самарадорлиги ҳамда қонунийлигини аудитдан ўтказиш, бу харажатларни камайтириш имкониятларини аниқлаш эканлиги белгилаб берилди.

Шунингдек, Ҳисоб палатаси бюджет маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини баҳолайди, солиқ, божхона ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, бюджетни режалаштиришнинг замонавий усулларини жорий этишга доир таклифлар киритади.  Президент ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилади. Пул-кредит ва валюта сиёсатини, мамлакат активлари ҳамда мажбуриятлари ҳолатини, олтин-валюта захираларининг бошқарилишини ташқи аудитдан ўтказади.

Булардан ташқари, қонунда Ҳисоб палатасининг давлат органлари ва  бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги механизмлари ҳам белгиланди. Яна, ҳужжат асосида унинг фаолиятини ташкил этиш, мансабдор шахсларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикасининг "Қурол тўғрисида"ги Қонуни давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар қонуний асосда эгалик қилаётган ва фойдаланаётган қурол муомаласини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилди. Унда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш устуворлиги таъкидланган. Қурол турлари  фуқаровий қурол, хизмат қуроли ҳамда жанговар қуролдан иборат эканлиги кўрсатилди:

фуқаровий қурол ов қуроли, спорт қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролига бўлинади;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, табиатни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус хат-хабарларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг ходимлари томонидан, шунингдек мансабдор шахслар томонидан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол хизмат қуроли жумласига киради;

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа тузилмалар томонидан қўлланиладиган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган қурол жанговар қурол ҳисобланади;

Қонунда қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхати кўрсатилган.

"Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги  қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик жорий этишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Шунингдек, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга меҳнат қилиш ҳуқуқини, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Ҳусусан, меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги талабларни бузганлик, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаганлик, вақтинчалик ишга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар тўлаш мажбуриятидан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда. 

Шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, меҳнат қилишга маъмурий йўллар билан мажбурлаганлик ва бўш иш ўринларини бекитганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилади.

Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги  Қонуни билан амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига "Қурол тўғрисида"ги Қонун талабларидан келиб чиқиб, "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги ҳамда "Медиация тўғрисида"ги қонунларга суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнида медиация институти жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Бу ўзгаришларга биноан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомиллари ундирувчининг аризаси бўйича 15 кундан кўп бўлмаган муддатга ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланади. Ундирувчи ва қарздор ўртасида ижро предмети юзасидан битимга эришилмаганда, шунингдек томонлардан бири  медиацияни давом эттиришдан воз кечганда ёки уни амалга ошириш муддати тугаганда ижро ишини юритиш давлат ижрочиси томонидан қайтадан йўлга қўйилади.

Ялпи мажлисда, шунингдек "Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани (Женева, 2014 йил 11 июнь) ратификация қилиш ҳақида"ги    Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам кўриб чиқилди. 

Ушбу қонунлар сенаторлар томонидан маъқулланди. Улар давлатимиз раҳбари томонидан имзолангач, белгиланган тартибда кучга киради.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!