Меню

Қашқадарё

20.10.2016 1966

ҚОНУНГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР МОҲИЯТИ

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган семинар соҳа вакилларини мазкур янги тартиблардан батафсил хабардор этишга бағишланди. Шунингдек, тадбирда вилоятимиздаги акциядорлик жамиятлари бошқаруви раислари, бош ҳисобчилари, қимматли қоғозлар бўйича мутахассислар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ва тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳияти кенгроқ тушунтирилди.

Таъкидланганидек, юртимизда хусусий мулкни муҳофаза қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қўвватлаш, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларга чек қўйиш, бунинг учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларига хорижий сармоя киритилишини рағбатлантириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар бажарилаяпти. Тегишли фармонга кўра, 2017 йилнинг 1 январидан хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилгани бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди, десак хато бўлмайди.

Шунингдек, семинарда тадбиркорлик субъектларига берилган солиқ имтиёзлари, тадбиркорлик фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисида маърузалар тингланди.

Мутахассислар тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтаришди.

М.ШУҲРАТОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!