Меню

Қашқадарё

20.10.2020 1432

Қонундан қўрқмаганларга... қамоқ!

Хабарингиз бор, Республика махсус комиссиясининг тегишли қарорлари билан карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилди. Аммо бу карантин бутунлай йўқ бўлди, дегани эмас. Ҳар бир киши жамоат жойларида ниқоб тақиш, оралиқ масофани сақлаш каби умумий санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишга мажбур.

Бироқ айрим кишилар буни унутиб қўяётгани ёки билса-да, амал қилмаётгани ачинарли. Хусусан, Ғузорда карантин қоидаларини қўпол равишда бузгани учун бир қатор шахсларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланганини айтиш ўринли.

Туман ҳокимлигининг ички ишлар бўлимига таяниб маълумот беришича,  жазоланган шахслар қонун талабларини менсимасдан, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатишган.

Хусусан, Чақар маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган А.О. ўзига тегишли “Нексия-2” русумли автомашинада карантин қоидаларига амал қилмай йўловчи ташигани етмагандай, ички ишлар ходимлари талабига бўйсунмаган, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаган. Шунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 54-моддаси 2-қисми, 183-модда ва 194-модда 1-қисмига асосан унга нисбатан ўн сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Тошгузар маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган Б.Х. эса жамоат жойида тиббий ниқоб тақмасдан ички ишлар ходимларининг огоҳлантиришига лоқайд қараган ҳамда жамоат тартибини бузган. Шунинг учун етти сутка маъмурий қамоқ жазосини олди.

Шунингдек, Жарариқ маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган Қ.У. ўзига тегишли “Малибу турбо” автомашинасида майда безорилик ҳаракатларини содир қилган, тунги вақтда фуқаролар осойишталигини бузган ҳамда ички ишлар ходимларининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган.

У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тегишли моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбли деб топилиб, туман маъмурий суди томонидан етти сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Унутмаслик керакки, карантин қоидаларига риоя этиш орқали ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини муҳофаза қилган бўламиз!

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!