Меню

Қашқадарё

30.07.2019 1525

ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ҚАНДАЙ ВАКОЛАТЛАРГА ЭГА?

Хўш, Қонунчилик палатасининг мақоми ва фаолияти қайси қонунлар билан тартибга солинади? Унинг ҳуқуқ ва ваколатлари нималардан иборат? Ҳокимиятнинг бўлинишидан мақсад - уларнинг бир-бирини тийиб туриш тамойилини амалга оширишда Олий Мажлис ва депутатларнинг роли борми? Қонун ости ҳужжатлари қонунлардан устун бўлишининг олдини олиш учун нималар қилиш керак?

Қонунчилик палатасининг мақоми ва фаолияти Конституция, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги конституциявий қонун, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида"ги Қонун ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Қонунчилик палатасининг мақомини белгилаш, фаолиятини ташкил этиш, Сенат ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигига оид муносабатлар қонунларимизда ўз ифодасини топган. Қонунчилик палатаси фаолиятининг ташкилий шакли унинг сессиялари даврида ўтказиладиган мажлисларидир. Бу мажлислар очиқ ва ошкора ўтказилади.

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси сайловдан кейин икки ойдан кечиктирилмай Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади. Марказий сайлов комиссияси раиси Спикер сайлангунча Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисига раислик қилади. Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини сайлаш учун депутатлар орасидан ҳар бир сиёсий партиядан камида уч нафар депутатдан иборат Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши тузилади. Спикер лавозимига номзод Қонунчилик палатаси мажлисида раислик қилувчи ёки Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг мажлисига раислик қилувчи томонидан тақдим этилади. Спикер яширин овоз бериш йўли билан сайланади, у депутатлар умумий сонининг ярмидан кўпи овозини олса, сайланган ҳисобланади. Спикер депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.

Cпикер ўринбосарлари ҳам яширин овоз бериш йўли билан, депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланади. Қонунчилик палатасининг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида тузиладиган Қонунчилик палатаси кенгаши таркибига Спикер, унинг ўринбосарлари, фракциялар раҳбарлари ҳамда қўмиталар раислари киради. Қонунчилик палатаси қўмиталари раис, унинг ўринбосари ва аъзоларидан иборат таркибда сайланади.

Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган фракция парламентдаги кўпчиликни ташкил қилади. Янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади. Президент номзодни кўриб чиқиб, ўн кун ичида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисига тасдиқлаш учун тақдим этади. Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Президент номига Бош вазирга ишончсизлик борасида таклиф киритилиши мумкин. Бунда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади ва иштирокчиларининг учдан икки қисми овоз берган тақдирда Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига Конституция ва қонунларни қабул қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, референдум ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиш, ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилаш, бож, валюта ва кредит ишларини тартибга солиш, туман (шаҳар)лар ва вилоятларни ташкил этиш, тугатиш ва чегараларини ўзгартириш, давлат мукофотлари ва унвонларини таъсис этиш, Бош вазир ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш каби масалалар киради.

Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари, қўмиталар раислари ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш, Бош прокурорнинг тақдимига биноан Қонунчилик палатаси депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини ҳал этиш, Бош вазир тақдимига биноан Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни    кейинчалик уларни Президент томонидан лавозимларга тасдиқлаш учун кўриб чиқиш каби масалалар Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатидир.

Маълумки, Қонунчилик палатасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд ва Бош прокурор эга. Улар Қонунчилик палатасига қонун лойиҳасини "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилган ҳолда киритиши керак.

Қонун лойиҳасини тайёрлаш унинг концепциясини ишлаб чиқишдан бошланади. Қонун лойиҳасини тайёрлаш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан ишчи гуруҳи тузилиши мумкин. Қонун лойиҳасини тайёрлашда жамоатчилик фикрини ўрганиш зарур бўлади. Қонун лойиҳасининг молиявий-иқтисодий асослари Молия вазирлиги томонидан ўрганилади. Лойиҳа ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт. Сўнгра қонун лойиҳаси тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда Қонунчилик палатасига юборилади.

Қонунлар Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий нашрларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунлар ўн кун ичида Сенатга юборилиши, Сенатда маъқулланган қонунлар ўн кун ичида Президентга юборилиши лозим. Бу қонунлар Президент томонидан ўттиз кун ичида кўриб чиқилиши белгиланган.

Қонунчилик палатаси парламент сўрови юборишга ҳақли. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига ёзма жавобни, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориш лозим. Оғзаки жавоб белгиланган муддатда юборилади. Худди шунингдек, депутат сўровига жавоб бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ўн кун ичида юборилиши керак. Олий суд, Бош прокурор, суриштирув ва тергов органлари раҳбарлари номига юборилган Парламент ва депутатлик сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишларга тааллуқли бўлмаслиги керак.

Қонунчилик палатаси депутатининг ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади: у ёзма ариза берган, депутатлик ваколатларини амалга оширишига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган, унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган, чақириб олинган, суд уни муомалага лаёқатсиз деб топган, суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган, вафот этган, палата тарқатиб юборилган тақдирда. Алоҳида ҳолларда депутатнинг ваколатлари тегишинча Қонунчилик палатасининг қарорига биноан муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Президент қонуний асослар бўлган тақдирда Конституциявий суд билан маслаҳатлашган ҳолда Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли. Бундай ҳолда янги сайлов уч ой ичида ўтказилиши керак.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!