Меню
Қашқадарё
ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ УСТУВОР МАҚСАДИМИЗ
Халқ демократик партияси қонун устуворлиги, ижтимоий тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш тамойилларига содиқлигини кўрсатиб келган. Бу йилги Сайловолди дастуримиздан ўрин олган ғоя ва ташаббуслар таг замирида ҳам электорат манфаатларига содиқликни, асосий тамойилларини ҳимоя қилиш руҳиятини англаш мумкин.
Ижтимоий тенгликка асосланган халқ ҳокимиятчилиги
Халқ демократик партиясининг давлат бошқаруви соҳасидаги ғояларида ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган очиқ, шаффоф, халқчил ва демократик давлат бошқаруви тизимини жорий этиш устувор аҳамият касб этади.
Ушбу йўналишда биз аввало давлат бошқарувида юқори профессионализмни таъминлаш мақсадида қонун даражасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбари лавозимига фақатгина шу соҳада камида ўн йиллик иш стажига эга бўлган малакали мутахассисларни тавсия этиш бўйича талабни белгилаш ташаббуси билан чиқмоқдамиз.
Бу таклиф очиқ, шаффоф, халқчил ва демократик давлат бошқаруви тизимини жорий этиш каби тамойилларга мос келади. Мазкур ғоя давлат идораларини професcионал ва малакали кадрлар билан таъминлаш, раҳбарлик лавозимларига номзодларни танлашда адолатли ва шаффоф тизимни яратишга хизмат қилади.
Давлат бошқарувида профессионаллик ва юксак малакани таъминлаш бўйича ташаббусимиз Сайловолди дастуримизда белгиланган устувор вазифа - ижтимоий тенглик ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган адолатли давлат бошқарувига эришиш мақсадига тўла мос келади. Бу таклифнинг қонун даражасида мустаҳкамланиши мамлакатда демократик бошқарув тамойилларининг ривожланишига ва фуқаролар фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.
Сиёсий қарорларни қабул қилишда аёлларнинг иштироки муҳим
Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида гендер тенглигининг институционал механизмларини ривожлантириш, аёлларнинг сайловларда, сиёсий партиялар фаолиятида иштирокини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Хусусан, партия давлат органларидаги раҳбарлик лавозимларида аёллар учун 50 фоизлик мажбурий квота жорий этишни таклиф қилмоқда.
Ушбу ташаббус мамлакатимизда демократик жамият қуриш ва барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга хизмат қилади.
Раҳбарлик лавозимларида аёллар вакиллигининг ошиши жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, барча соҳаларда аёлларнинг салоҳияти ва қобилиятларини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини беради.
Аёл раҳбарлар ижтимоий соҳалардаги муаммоларга, хотин-қизлар ва болалар манфаатларига алоҳида эътибор қаратадилар. Бу эса ижтимоий сиёсат самарадорлигини оширади, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилайди.
Давлат ҳокимиятида гендер мувозанатнинг таъминланиши аёллар сиёсий фаоллигини оширади, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ташаббусларни илгари суришга ундайди.
Маслаҳатлашувлар ўтказиш институти
Партиямиз Сайловолди дастурида ижро ҳокимияти томонидан муҳим ижтимоий қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари ва жойлардаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш институтини жорий этиш таклифи илгари сурилган. Ушбу ташаббусимиз жамиятда ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлаш, сиёсий қарорлар сифатини ошириш ва аҳоли муаммоларини самарали ҳал этиш каби ижобий натижаларга олиб келади.
Давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим қарорлар қабул қилишда жамоатчилик фикри ва партиялар позициясини ҳисобга олиш демократик тартиб-таомилларни мустаҳкамлайди, очиқ ва шаффоф бошқарув тизимини шакллантиради.
Умуман олганда, мазкур таклифимиз Ўзбекистонда кенг жамоатчилик иштирокига асосланган демократик бошқарув тизимини шакллантириш, фуқаролар ва давлат ўртасида ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш вазифаларига хизмат қилади ҳамда мамлакат тараққиётининг устувор йўналишларини белгилашда халқ иштирокини таъминлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Вакиллик органларида махсус квота
Сайловолди дастуримизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини таъминлаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Партия парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда ҳамда давлат фуқаролик хизматида ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус квота жорий этишни таклиф қилмоқда.
Ушбу ташаббус партиянинг ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларига содиқлигини кўрсатади ҳамда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига мос келади. Квота тизими ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш, меҳнат бозорида тенг имкониятлар яратиш, жамиятда бағрикенглик ва инклюзив муҳитни шакллантириш каби ижобий ўзгаришларга хизмат қилади.
Суд жараёнида очиқлик
Суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш жамиятда адолатни таъминлаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир. Ушбу жараёнда илғор хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда уни қўллаш орқали суд қарорларининг қонунийлиги ва адолатлилигини таъминлаш йўналишида муайян натижаларга эришилмоқда.
Халқ демократик партияси ҳам мазкур йўналишда жаҳон тажрибасига таянган ҳолда суд жараёнларида ҳакамлар ҳайъати (jury system) институтини жорий қилиш лозим, деб ҳисоблайди.
Партиямиз қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, аҳоли орасида судлар фаолиятига ишончни ошириш учун кўплаб муҳим ташаббусларни илгари суради. Хусусан, ҳакамлар ҳайъати одил судловни амалга оширишнинг муҳим институти бўла олади, деган ғоянинг Сайловолди дастуримизда илгари сурилиши одил судловни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Биз ҳакамлар ҳайъати институти одил судловни янги поғонага кўтаради, деб ҳисоблаймиз.
Таъкидлаш жоизки, ҳакамлар ҳайъати суд жараёнида иштирок этувчи мустақил орган бўлиб, унинг аъзолари жамоатчилик вакилларидан иборат. Улар суд жараёнида иштирок этиб, ишни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилишда судьяларга ёрдам беради. Бу институтнинг асосий мақсади суд жараёнининг шаффофлигини таъминлаш ва суд қарорларининг адолатли бўлишини кафолатлашдир.
Ҳозирги амалиётда халқ маслаҳатчиларининг роли суд қарорига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмайди. Одатда, халқ маслаҳатчилари фақат маслаҳат бериш ҳуқуқига эга бўлиб, якуний қарор судья томонидан қабул қилинади. Ҳакамлар ҳайъати институти эса суд жараёнида ўзларининг фаол иштироки ва суд қарорини қабул қилишда бевосита иштирок этишларини таъминлайди. Бу тизимда ҳайъат аъзолари суд қарорига бевосита таъсир ўтказади, яъни суд ишида айбдорлик ёки айбсизликни аниқлаш бўйича мустақил қарор қабул ққилишда ўз ўрнига эга бўлади.
Халқ маслаҳатчилари муайян муддатга сайлангани ва тажриба орттириши сабабли судда ишлашга яхшироқ тайёрланган бўлиши мумкин. Бироқ бу ҳам судьялар ва тизимга қарамликка олиб келиши мумкин. Ҳакамлар ҳайъати эса аксинча, муайян иш учун тасодифий танланади. Бу тизимнинг уларга таъсир ўтказиш имкониятини минималлаштиради.
Ҳакамлар ҳайъати институти тараққий этган давлатлар суд тизимида катта муваффақият қозониб келмоқда. Жумладан, Буюк Британия ва АҚШ шундай мамлакатларнинг ёрқин намунаси бўлиб, фуқаролик ва жиноий ишларни кўриб чиқишда мазкур институтдан кенг фойдаланиб келинади. Германияда эса ҳакамлар ҳайъати институтидан фақат жиноий ишларда фойдаланилса, Японияда ҳакамлар ҳайъати институти 2009 йили жорий этилган.
Жорий сайловда бизнинг партияга рақобатчи бўлган Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясининг Сайловолди дастурида суд ҳокимиятининг мустақиллигига эришиш, унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловни таъминлашга бўлган ҳуқуқий асосларни кучайтириб бориш ҳақидаги таклифи аслида бугунги кунда ўзининг долзарблигини йўқотган деб хисоблаймиз. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва очиқлиги қонун доирасида таъминланган бир вақтда рақобатчи партиянинг ушбу ғояси қанчалар зарур ва асосли, деган табиий савол туғилади.
Бепул маслаҳат берувчи "юридик клиника"
Партиянинг Сайловолди дастурида илгари сурилган адвокатура ва юридик хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади. Адвокатура институтининг ривожланиши фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда энг муҳим омиллардан биридир.
Бу фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан боғлиқ жараёнларида эмас, балки кундалик ҳаётимизда киришадиган ҳар қандай муносабатда малакали юридик хизматдан фойдаланиш имкониятининг яратилиши билан бевосита боғлиқдир. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда адвокатура институти фаолиятини такомиллаштириш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Партия томонидан ҳам кам даромадли фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатура ва юридик хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, уларга ҳуқуқий ёрдам ва хизмат кўрсатиш бўйича мақбул тизим яратиш, бепул маслаҳат берадиган "юридик клиника"лар тармоғини ривожлантириш таклиф этилмоқда.
Мамлакатимизда бепул маслаҳат берадиган "юридик клиника"лар тармоғини ривожлантириш фуқароларга ҳуқуқий малакали ёрдамлар кўрсатиш ва бу орқали одил судловга эришиш даражасини оширади.
Бир-бирига узвий боғлиқ бўлган таклифлар пировардида қонун устуворлиги ҳамда ижтимоий тенгликни таъминлашга хизмат қилади. Ҳуқуқи бузилган ҳар бир шахс фақат суд орқали ҳимояланиши ва уларнинг одил судловга бўлган ишончни сўзсиз таъминлашга эришиш партиямизнинг асосий мақсадларидан ҳисобланади.
Гулноза САТТОРОВА,
Махсуд ҚУРБОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар