Меню

Қашқадарё

22.06.2021 1498

ҚОНУН БОРУ, ИЖРО ЙЎҚ. ШУ САБАБДИР, ТИЛАНЧИЛАР ИСТАЛГАН ЖОЙНИ МАКОН ТУТГАН...

Муаммо ва муносабат

Тунов куни иш билан кўчада юргандим. Туш вақти, ҳаво иссиқ, қилт этган шабада йўқ, одамнинг жизғанагини чиқараман, дейди. Терлаб-пишиб келаётсам, дарахтлар соясида, ўтнинг устида думалаб ётган лўли бола йўлни тўсса денг: "Садақа қилинг..."

Тўғриси, ўша аснода ўзим шу ёшда қилиб юрган ишлар бир қур кўз ўнгимдан ўтди: сомон ташишми, ғишт қуйишми, томсувоқми, далада молларни ўтлатишу ўт ўришми, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай бажариб кетаверардик. Ҳайбати отни бўлмаса ҳам унча-мунча тойни ҳуркитадиган бу бўзбола эса сурбетлик билан йўл тўсишдан ҳаё қилмаётгани жаҳлимни чиқарди.

- Ука, ўзинг, ўйлаб кўр, мен пул топаман деб иссиқда юрибман. Сен соя-салқинда маза қилиб ётибсан. Нимага энди сенга пул беришим керак?

Бу гапдан кейин бояги бўзбола бир зум анграйиб турди-да, чамаси бундан пул сўраб вақтни кетказиш бефойда, деган тўхтамга келди чоғи нари бориб яна ўзини ўтпояга чалқанчасига ташлади.

Аслида бу ҳаммага кўзтаниш бўлиб кетган ҳодиса. Майли деймизу, лекин борган сари кўпайиб кетаяпти-да. Аҳоли гавжум нуқталар, чорраҳалар, жума кунлари масжидлар атрофи тиланчилар билан тўлиб-тошаётгани одатий ҳолга айланиб қолди. Четдан келган киши бу манзараларни кўрса, нега бунча тиланчи кўп экан бу ерда, демак, одамларнинг топиш-тутиши яхши эмас, давлат, ҳукумат одамларни иш билан таъминлашга қодир эмас экан-да, деган фикрга бориши тайин.

Хўш, аслида ҳам шундайми? Тиланчилик қилаётганлар иш йўқлигидан, ё бўлмаса, рўзғор юритишга лойиқ касб бўлмаганидан кўчага чиқиб қўл чўзиб турибдими? Бундай эмаслигини биз биламиз, лекин четдан келганларга қандай тушунтирамиз, уларнинг ҳар бири айтганларимизни тўғри қабул қилармикан?

Буниси-ку майли - четдан келганлар фикри ўз йўлига, аммо тиланчилар сабаб йўллардаги қатновга жиддий хавф туғилаётганига нима дейсиз?! Одаму машина гавжум чорраҳаларда бола кўтарган, ногиронлик аравачасини сурган ва ҳоказо тиланчиларга кўп дуч келамиз. Уларга қўйиб берса, йўлнинг исталган "полоса"сида пул терсам дейди. Уларни деб тепа устундаги камерага тушиб, қоида бузган ким нечтаю, жаримани қурутдай санаган қанча?

Тўғри, ногирон, бева-бечора, қийналган кишилар ҳам тирикчилик қилиши, кун кўриши керак. Лекин бу тарзда эмас-да. Ҳамманинг имконию қобилиятига яраша иш доим топилади. Буни амалда исботлаётган одамлар ҳам кам эмас. Қолаверса, муқаддас динимиз таълимотида тиланчилик қаттиқ қораланган, шу йўл билан пул топишга қарор қилганларнинг ҳеч қачон косаси оқармаслиги таъкидланган.

Ўз ўрнида қонунларимизда ҳам бу бўйича жавобгарлик борлигини айтиш ўринли. Жумладан, аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва   бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраш тиланчилик билан шуғулланиш дея малакаланади. Бу эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-3-моддасига мувофиқ, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга асос бўлади.

Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек, шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш эса базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 127-1-моддасига кўра, тиланчилик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Кўриниб турибдики, қонунларимизда тиланчиликка йўл қўймаслик бўйича қатъий чоралар белгиланган. Хўш, унда нега тиланчилар бунча кўп? Сабаби оддий: назорат йўқ. Бу бўйича масъул ички ишлар ходимларини ҳам қайсидир маънода тушунса бўлади: ўзи тиланчиликка чиққан одамни жаримага тортгандан наф йўқлигини яхши билишади.

Аммо бу тиланчиларни назоратсиз қолдириш керак дегани эмас. Дейлик, кимдир тиланчилик йўлига кирди. Уни бунга ундаган сабабларни ўрганиш ва шу бўйича чора белгилаш имкони бор-ку. Ҳолбуки имконига яраша юмуш топилса, тиланчиликдан тийиладиганлар ҳам кўп топилади. Шу маънода биз тиланчиларнинг ҳаммасини жаримага тортиш ёки 15 суткага тиқиб ташлаш керак, деган фикрдан йироқмиз.

Тиланчилик қилаётганларни жамиятга, тўғри турмуш тарзига қайтариш учун уларнинг ҳар бири билан индивидуал тарзда ишлашни йўлга қўйиш керак. Маҳалла билмайдими буни? Барибир, бировдан нарса тиланаётган кимсада ҳам бирор қобилият сақланиб қолади, қайсидир фаолиятда у иш бериши аниқ.

Қолаверса, барча жабҳада ривожланган давлатлар сафига киришни истаб, зўр бериб ҳаракат қилсагу, буёқда тиланчилар ҳам кўпайиб бораверса, парадоксал ушбу ҳолат бизга ёқадими, ярашадими?..

НАСРИДДИН

БОБУРБЕК олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!