Меню
Қашқадарё
ОНЛАЙН-МАКТАБ ЎЗИНИ ОҚЛАЯПТИМИ?
Бугуннинг гапи
Коронавирус боис жорий этилган карантин сабаб, мана, бир ойдан ошдики, мамлакатимиздаги умумтаълим муассасаларида дарслар "online-maktab" лойиҳаси асосида ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 30 апрель куни жорий ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда ҳам 10 мингдан зиёд таълим муассасасидаги 7 миллион ўқувчи ва 500 минг талабага онлайн дарс бериш йўлга қўйилгани, карантин туфайли ижтимоий масофа тушунчаси ҳаётимиздан муҳим ўрин эгаллагани, шундан келиб чиқиб, таълим муассасаларида, айниқса мактабларда, меъёрларни қайта кўриб чиқиш заруриятини таъкидлади.
Зерикарли маърузалар ўқиш, конспектлар ёздириш каби ўзини оқламаган усуллардан воз кечиб, таълим методикасини ривожлантириш ва педагоглар савиясини ошириш ғоят муҳим масалалиги қайд этилди.
Албатта, масофавий дарслар - давомату конспект ва яна алламбало ҳужжатлару қоғоз-қаламга ўч раҳбарларни назардан соқит қилсак, ўқувчи учун ҳам, ўқитувчи учун ҳам ҳар томонлама қулай - ҳар икки томонда интернетга уланиш имкони бўлса кифоя. Ўқитувчи мавзуси бўйича "топган-тутган"ларини ижтимоий тармоқдаги гуруҳга жойлаши, зарур топшириқларни бериши, онлайн савол-жавоб ўтказиши, фаол ўқувчиларни рағбатлантириб баҳолаши, ўқувчилар ўртасида турли мусобақалар, беллашувлар ташкил этиши, уйга вазифаларни текшириши учун ҳамма имкон бор. Қолаверса, дарсларни ўқитувчи ва болаларнинг хоҳишига қараб матнли, овозли ёки видео кўринишда ҳам ташкил этса бўлади. Хуллас, турган-битгани қулайлик. Машғулотлар қизиб турганда, текширувчи ё давоматчи, ё аллақандай комиссия келиб дарснинг белига тепмайди, гуруҳга аъзо раҳбарлар бирор керакли маълумотни тармоққа жойласа, уни дарс тугагандан кейин ҳам бемалол ўқиб олса бўлаверади.
Тўғри, барибир мактабдагидек бўлмайди, кўз кўзга тушиб турганига нима етсин. Инглиз сиёсатчиси Уинстон Черчилль "Демократия мукаммал бошқарув эмас, бироқ инсоният бундай яхшироғини ўйлаб топмаган" деганидек, онлайн-мактаб ҳам мукаммал тизим эмас, ўз навбатида карантин шароитида бундан яхшироғи ҳам таклиф этилгани йўқ.
Хўш, онлайн-мактабнинг нимаси мукаммал эмас?
Асосий муаммо шундаки, бизда интернет тезлиги ўзига яраша. Балки шаҳарларда бундай муаммо сезилмаслиги мумкин, лекин қишлоқларда, чекка ҳудудларда онлайн-мактабда асосан талаб қилинадиган сурат ё видеони "телеграм"га жойлаш ҳазилакам иш эмас.
Тўғри, телевизор орқали турли каналларда кунлик дарслар ўтиб борилаяпти, уни кўриб-эшитган бола шу 15 дақиқадаёқ керакли нарсаларни ўрганиши мумкин, бироқ ўқитувчининг ўқувчи теледарсни кўргани, қандай ўзлаштиргани, тушунган-тушунмаганини билиши учун интернет бўлмаса, фойдаси йўқ.
Боз устига ҳаммадаям модемли компьютер ё ноутбук, ё бўлмаса, андроид тизимли телефон йўқ. Борларда эса мудом тошбақани эсга соладиган интернет...
Шундай экан, онлайн давомат ҳам ўзига яраша бўлиши табиий: биров ота-онасининг, биров қўшнининг телефонидан интернетга кириб, ўз гуруҳида нима гаплар бўлаётганидан куннинг маълум қисмида хабар топишга, унда ҳам, телефон эгаларининг вақти ва хоҳишига қарашга, кўнишга мажбур. Дарсларини тайёрлаб, топшириқларни бажариб, қўшнининг телефонига умидвор кўз тикиб турган, ё бўлмаса, бажарган вазифаларини "телеграм"га ташлолмай йиғлаб хуноби чиққан болалар, ўғли ё қизининг уйга вазифаларини ўқитувчисига кўрсатай, баҳосиз қолиб кетмасин, деган ота-оналар жудаям узоқда эмас.
Интернет тезлигининг аҳволи бу, ҳамма оилалар ҳам замонавий қурилмаларга эга эмас экан, онлайн дарслар ўзини оқламай тураверади.
Замонавий техникалар билан унча чиқиша олмай, оддий "сотка" ишлатадиган ота-оналар бордию боласи учун андроид телефон топиб келганда ҳам интернет учун сарф бўладиган маблағни унча-мунча чўнтак кўтармайди. Карантин шароитида, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи юрак ўйноғидай бўлиб турган бир чоғда, турмуши ҳаминқадар оила қандайдир интернет пакет учун 40-50 минг сўм сарфлаб юрмайди: ке болам, малимларинг баҳо қўймаса қўймасин, китобдан ўқиб-ўргана қол, дейди-қўяди.
Энди тадбирини қилиб интернетдан фойдаланаётганларни олайлик. Телевизорда дарс бўлди, телеграмда ўқитувчи топшириқларни берди. Шартта китобни очади-да, шариллатиб конспектни, жавобларни ёзади, жуда қизишиб кетса, аудио шаклида ўқиб беради. Қунтлироқлари ўқиб-ёдлаганини видеога олиб, гуруҳга йўллайди.
Тўғри, китобдан кўчирса ҳам, жавобни китобга қараб айтса ҳам ёдида қолгани, кўрган-билгани фойда, бироқ ушбу жараёнда мактабда кўпинча 2, 3 баҳо олиб юрганлар фаол экани, карантин пайтида бирданига "билимдон" бўлиб қолгани кишини жиддий ўйлантиради. Агар ўқитувчи унга паст баҳо қўяй деса, фаол қатнашаяпти, зеҳнига яраша мезонласа, шундоғам кам давоматини янада камайтириб қўйиши мумкин. Имкони ва шароити йўқ, аммо мактабда доим аълога ўқиган ўқувчиларни онда-сонда бўлса-да, рағбатлантириб, қўлбола журналига баҳолаб қўяй деса, телеграмда йўқ ўқувчини қандай баҳоладинг, деб қилич қайрайдиганлар бисёр.
Аммо бу телеграмдаги дарс дегани қаловини топганлар учун айни муддао экан. Яқинда бир танишим шаҳар мактабида ўқийдиган фарзандининг устози математикадан масала берганини, боласи эса қишлоққа кетганини айтиб қолди. Боғланай деса, қишлоқда антенна йўқ, тўхта, бош оғриқни кўпайтириб ўтираманми, деб шартта масалани ўзи ишлаб, боласининг устозига ташлаб қўйибди. Шу билан муаммо ҳал, устоз ҳам хурсанд (ёзувнинг фарқига бормаганига қараганда, ўқувчи билан қандай ишлагани ҳам кўрга ҳассадай аён).
Айтмоқчи бўлганимиз шуки, онлайн дарслар ўқувчи билан индивидуал ишлаш имконини бермаяпти, ёки ўқитувчиларнинг ўзи масаланинг шу жиҳатини ҳисобга олишмаяпти.
Бир неча кун аввал ўзим кузатиб юрадиган шундай гуруҳлардан бирига мактабларда имтиҳонлар бекор қилингани ҳақида маълумот жойлашди. Халқ таълими вазирлиги эса бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, 5-11-синф ўқувчилари учун босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонларини ўтказиш ёки бекор қилиш масаласи муҳокама этилаётганини маълум қилди. Умуман, тармоқда ўқувчи ва ўқитувчини чалғитадиган бундай хабарларга кўплаб дуч келиш мумкин, энг ёмони, асосланмаган хабарларни ўқитувчиларнинг ўзи тарқатаётганида.
Ўқувчилар билан ишланадиган гуруҳми, бу ерда фақат дарслар ҳақида гап бориши керак, муаллимларнинг ўзаро фикр алмашадиган гуруҳи алоҳида бўлгани маъқул. Ҳеч бир изоҳсиз тармоққа жойланган, фақат ўқитувчига тааллуқли масалани болаларга ҳавола этиб, уларни чалғитишнинг, вақтини олишнинг нима зарурати бор? Мисол учун, директорнинг муаллимларга солиқларни кечиктирмай тўлаши ҳақидаги ахборотидан ўқувчига нима наф? Ўзлари учун алоҳида гуруҳ очиб, ўша ерда тегишли масалаларни ҳал қилишаверсин.
Яна бир жиҳат, бир мактабдаги ҳамма синфларнинг телеграмда ўз гуруҳи бор, раҳбарлар эса уларнинг ҳаммасига аъзо. Аммо гуруҳ ишини мувофиқлаштириб борадиган масъул йўқ, ким қандай хоҳласа, билгани-тушунганича дарс ўтиб ётибди. Муҳими, онлайн дарслар ва уларнинг натижалари қоғозда бинойи акс этса бўлди. Менимча, намунали, фаол қатнашаётган ўқитувчи ва ўқувчилар иши оммалаштириб бориладиган алоҳида канал бўлиши, шу каналга жойлаштириладиган маълумот, лавҳаларни кўриб, бошқалар хулоса чиқариши, ўрганиши, ўрнак олиши керак.
30 апрель куни вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида "Малака ошириш тизимида ўқитувчиларни таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро лойиҳаларни амалга оширишга йўналтириш: стратегиялар, инновациялар ва илғор тажрибалар" мавзусида республика миқёсида онлайн конференция ўтказилди. Тадбир Zoom дастури орқали ташкил этилиши айтилди ва шу ерда айрим устозларнинг компьютер саводхонлиги ҳам кўриниб қолди. Кўпларда эса чинданам интернет жуда ёмон ишлади ва хуллас, ўзаро ёзишмалардан англаш мумкинки, анча-мунча муаллимлар конференциядан бебаҳра қолди.
Умуман олганда, онлайн-мактаб тизими ҳақида айтиладиган гаплар кўп. Бу борада асосий масъулият муаллимлар гарданига тушаяпти. Ўқувчилар фаолмасми, демак, қизиқмаяпти, интернетга киришга шароити йўқми, ўқувчиси билан телефон орқали боғланиши, бунинг ҳам имкони топилмаса, мактаб раҳбариятига унинг аввалги баҳоларидан, хулқидан келиб чиқиб баҳо қўйилаётганини тушунтириши зарур.
Аслида, мактабдан, қандайдир тартиб-қоидалардан вақтинча мосуволик ўқувчига эркин, ўзи қизиққан нарсасини ўқиб-ўрганишига муҳим имкон. Балки шуниси ҳам яхши бўлгандир...
НАСРИДДИН