Меню

Қашқадарё

27.08.2019 2296

ОНА ҚЎЗИҚОРИН ЕТИШТИРСА, ҚИЗИ ТЎЯҚУШ БОҚМОҚДА

Туяқуш гўштида холестерин жуда кам. Қон-томир, ошқозон-ичак касалликларида, инфаркт, инсультнинг олдини олишда жуда фойдали. У иммунитетни мустаҳкамлашда, қон босими кўтарилиши ва тушиши, аллергия, астма каби қатор касалликларни даволашда қўл келади.

Шунингдек, туяқуш терисидан қимматбаҳо кийимлар, қўлқоп, пойабзал, ҳамён ва сумкалар тикилса, тирноғидан бриллиант ва олмосни қайта ишлашда қўлланиладиган кукун, патидан эса пар ёстиқлар, аёллар учун шарф ва бошқа кийим-кечаклар тайёрланади.

Мана шу жиҳатлар кишиларда туяқуш боқиш фаолияти билан шуғулланишга бўлган қизиқишни оширмоқда. Бугун вилоятимизда ҳам ушбу парранда турини парваришлаётган оилалар, тадбиркорлик субъектлари кўп.

- Ўз хонадонимизда Африка қора туяқушларини парваришлаяпмиз. Бу ишга қизиқишимга ота-онам сабабчи бўлди, - дейди Миришкор туманилик Руқия Эгамова. - Уларнинг маслаҳати ва бевосита кўмаги билан шу фаолиятни бошладик. Сармоя учун "Ёшлар - келажагимиз" жамғармасининг туман филиалидан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олганмиз. Бу маблағ ҳисобидан керакли шарт-шароитларни ҳозирладик ва    8 та туяқуш олиб келдик.

Тадбиркор қизнинг таъкидлашича, Африка қора туяқушлари 50 йил яшайди ва камида 30-35 йил тухум беради. Бир ойда битта туяқуш 10-15 та тухум қўяди. Лаборатория шароитида барча тухумларини очириш мумкин. Инкубаторда 40, табиий шароитда 60 кунда жўжа тухумни ёриб чиқади. Атиги икки ҳафтада маҳаллий шароитга мослашади.

Эътиборли жиҳати, ушбу оилада янги, ноодатий соҳаларга бўлган қизиқиш кучли. Мисол учун, оила бекаси Ҳусния    Равшанова бир неча йилдан буён қўзиқорин етиштириш билан шуғулланиб келмоқда.

- Қўзиқоринни хонадон шароитида ҳамма вақт етиштириш мумкин, - дейди у. - Аммо бизда бу маҳсулот асосан қиш ва баҳор ойлари харидоргир бўлади. Шунга кўра, сентябрь-апрель ойлари оралиғида шу иш билан шуғулланамиз. Бу иш кўпроқ эътибор талаб қилади, аммо унчалик қийин эмас. Тупроқ тўлдирилган халталарга қўзиқорин уруғини ташлаб, нам-ликни таъминлаган ҳолда керакли ҳароратда парваришласангиз бўлгани. Шу усул билан бир мавсум давомида ўртача 3 тоннагача қўзиқорин етиштириб, 40-45 миллион сўм атрофида даромад олаяпмиз.

Ҳа, изланиш, интилиш, меҳнат қилиш оила фаровонлигини таъминловчи энг муҳим омиллардан биридир. Буни миришкорлик ушбу оила ҳаёти мисолида ҳам кўрдик. Шунчаки уларга ҳавас қилиш, уддабуронлигини ўрганиш керак, холос. Ана шунисидан манфаат бўлади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!