Меню
Қашқадарё
ОНА ТИЛИМ - ҒУРУРИМ
Шу йилнинг 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз йил тўлади. Айтиш ўринли, ушбу санани кенг нишонлаш бўйича Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 4 октябрь куни қабул қилинган қарор, ҳозирги кунда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида - давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилаётган, халқаро минбарлардан баралла янграётган тилимизнинг мақому мартабасини яна бир қадар юксалтирди.
Сана муносабати билан она тилимизнинг давлатимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини аҳоли, айниқса ёшлар онгига сингдиришга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ҳам Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси мутахассислари билан ҳамкорликда маҳорат дарслари, шунингдек, тўгарак машғулотлари, очиқ дарслар, "Она тилим - ғурурим" мавзусида иншолар танлови, "Тил - миллатнинг бебаҳо мулки" йўналишида ижодий ишлар танлови ва бошқа адабий-бадиий тадбирлар ўтказилмоқда.
- Президентимиз ташаббуси билан мактаб-интернатимиз ташкил қилинаркан, бунда халқимизнинг ардоқли шоири хотирасини абадийлаштириш билан бирга, она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини юксалтириш, илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш каби мақсадлар ҳам кўзланган эди, - дейди муассаса директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ёқутой Жамолова. - Тилга эътибор - элга эътибор, дейдилар. Бу ҳақиқатни биринчи навбатда ижодкорлар теран англаши зарурлигини ҳисобга олиб, ўқувчиларимиз онгига тилимизнинг виқор ва жозибасини сингдиришга ҳаракат қилаяпмиз.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар