Меню

Қашқадарё

07.08.2018 2806

ОНА – БИТТА, ВАТАН - ЯГОНА

Ватан туйғуси

Қайси юртда нон арзонроқ бўлса, ўша ерга кўчиб юрадиган одамда Ватан туйғуси бўлмайди.

Бардош

Кексаларни, узоқ умр кўргани учунгина эмас, ҳаёт синовларига узоқ бардош бергани учун ҳам ҳурмат қилмоқ керак.

Туш

Бошимга ташвиш тушса, бир нарсадан қаттиқ сиқилсам, онам тушимга киради. Қувончли дамларда эса, хоҳласам ҳам на онамни, на отамни тушимда кўроламан... Қизиқ...

Яхшилик ва ёмонлик

Ўз фурсатида қилинмаган яхшилик – ёмонликка йўл очиши мумкин.

Йўқчилик ва тўқчилик

Бир нарсани ҳеч тушунмайман: китоб ўқийдиганларда пул йўқ. Пули кўплар китоб ўқимайди...

Мангу ҳақиқат

Она – битта! Ватан – ягона!

Ўжар

Ҳақиқатни майиб қилиш мумкин, аммо ўлдириб бўлмайди!

Она тили

Қанча кўп тилни билсангиз, шунча яхши. Бироқ одам она тилида тафаккур қилади, она тилида туш кўради, она тилида йиғлайди... Ўлим олдидан онасини она тилида йўқлайди...

Зулм

Одамларни қўрқиб яшашга мажбур қиладиган жамият – энг омонат жамиятдир.

Тўла ва чала

Ярим ҳақиқат чин билан ёлғоннинг ўртасида туради, деган одам янглишади. Ярим ҳақиқат ҳамиша чиндан кўра ёлғонга яқинроқ туради.

Тош ва қум

Тошни майдалаб, қумга айлантириш учун бир дақиқа кифоя. Аммо қумнинг тошга айланиши учун минг йил камлик қилади. Дўстлик ҳам шунга ўхшайди.

Бош айбдор

Турмуш синовларига биз – катталар дош беролмасак, болада нима гуноҳ? Нега бизнинг айбимиз учун гўдаклар етим қолиб, азият чекиши керак?

Баҳо

Одам боласи электр сими эмаски, бирини мусбат, бирини манфий десанг...

Кулги ва йиғи

Кулишни билмайдиган одам – бахтсиз одам. Йиғлашни билмайдиган одам икки ҳисса бахтсиз!

Камол ва завол

Одам ўз фарзандларининг йил сайин ўсиб, камол сари кетаётганини биладию, ўз ота-онасининг йил сайин чўкиб, завол сари кетаётганини билмайди...

Ошкоралик

Ошкоралик шундай дарахтки, унинг мевасини энг аввал чинқироқ маймунлар ейди.

Юк кўтарган

“Юк кўтарган одам юзага чиқади”, дейдилар... Чиқади. Албатта чиқади! Фақат юк кўтарганни кўтариб юборадиган Қўл бўлса бас!

Гўдак иси

Аёл гўдак исини биринчи фарзанди туғилганидаёқ ҳис этади. Эркак эса гўдак иси нималигини неварали бўлганидан кейин англайди!.. Биз – эркаклар доим кечикиб юрамиз...

Гумроҳ бандалар

Одамларга ҳайронсан. Ота-онаси тириклигида икки оғиз ширин сўзни текинга айтмайди-да, улар ўлганидан кейин минг-минг пул сарфлаб, ўша сўзларни қабртошга ёздириб қўяди...

Аёл қалби

Аёл қалби тескари магнитга ўхшайди: яқинлашсанг – узоқлашади, узоқлашсанг – яқинлашади.

Худонинг қудрати

Тангри шунақанги қудратлики, хоҳласа, гулшаннинг қоқ ўртасида сассиқ алаф ўстиради. Хоҳласа, ботқоқнинг қоқ ўртасида нилуфарни гуллатиб қўяди...

“Даҳо” экансиз!

“Аёл қавмини ипидан игнасигача биламан”, дейсизми? О-о-о, сиз даҳо экансиз!

Айтинг-чи, шарқдан секундига беш-етти метр тезликда эсаётган шамол ўн дақиқадан кейин    шимолга буриладими, жанубгами? Ярим соатдан кейин изғиринга айланадими, бўронгами?..

Дил ва тил

Дили ва тили муттасил бир кўчадан юрадиган одамга осон тутманг...

ДИЛФУЗА тўплади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!