Меню

Қашқадарё

28.03.2022 1077

Қон топшир – ҳаёт инъом эт!

Акция

Қашқадарёда “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” акциясида биринчи кундаёқ 1500 нафардан ортиқ тиббиёт ходими – орастабондан тортиб ҳамшираю бош шифокоргача фаол иштирок этишди.

Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, республика соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан болалар ва катта ёшдаги беморлар учун беғараз ёрдам сифатида ташкил этилган мазкур акция нафақат вилоят марказидаги йирик тиббиёт муассасалари, балки воҳамизнинг олис шаҳар ва туманлари бўйлаб кенг қулоч ёйди.

- Бугун техника ва саноат ривожланиши билан бахтсиз ҳодисалар сабабли кўпайиб бораётган шикастланиш ҳолатлари, шунингдек,  юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари, трансплантация операциялари, гемотологик касалликлар – буларнинг барчаси қон ва унинг компонентлари захиралари билан бевосита боғлиқдир, - деди Равшан Тўлаков. – Бу захираларни кўпайтиришга ҳисса қўшиш – шарафли иш. Эндиликда хайрли акцияга бошқа кўплаб соҳалар вакиллари ҳам қўшилади, деган умиддамиз.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, воҳада акция тадбирларини энг аввало мазкур бошқарма, республика ихтисослаштирилган кардиология ва эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказларининг филиаллари, вилоят қон хизмати маркази ва бошқа бир қатор муассасалар раҳбарлари ҳамда ходимлари бошлаб беришди.

Кўплаб тиббиёт ходимларини бу хайрли ишга бевосита Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевнинг ўзи донор сифатида қон топшириши ундади, дейилади ахборот хизмати хабарида.

Вилоят қон хизмати маркази бош шифокори Малик Нуриевнинг таъкидлашича, қон топшириш донорнинг ўзининг саломатлиги учун ҳам жуда фойдали жараён ҳисобланади. Хусусан, донор организми қон йўқотишга мослашган бўлади, у оғир асоратларни ҳам нисбатан енгилроқ ўтказади. Унда инфаркт ва бошқа юрак-қон томир касалликлари, ўпка, тўғри ичак, ошқозон ва ҳиқилдоқ саратонига учраш хавфи камаяди. Шунингдек, доимий равишда қон ва унинг компонентларини топшириш ҳужайраларнинг табиий янгиланишига ва организм ёшаришига олиб келади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!