Меню
Қашқадарё
Омбор мудири 80 тонна кўмирни хусусий корхонага сотиб юборди
Совуқ кунлар эшик қоқаркан, ёқилғига бўлган талаб ошади. Нафақат қишлоқ хонадонлари, балки кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, мактаб, боғча, шифохоналарни қишки мавсумда иситишда кўмирдан кенг фойдаланилади. Тўғри, кўмир камёб нарса эмас, аммо айрим нафси ўпқон кимсалар ҳам борки, улар сабаб маҳсулот ё эгалари қўлига етиб бормайди, ё нархи ошиб кетади. Айни шундай ҳолат ҳақида ЎзА ёзмоқда.
ДХХ вилоят бошқармаси бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда “Ўзбеккўмир” АЖ “Қашқадарё кўмир етказувчи” филиалига қарашли Шаҳрисабз кўмир омборида ўтказган тезкор тадбир натижасида, Шаҳрисабз кўмир омбори мудири Т.Ҳ. бюджет маблағлари ҳисобидан ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилиши учун Ангрен шаҳридан келтирилган кўмир маҳсулотининг салкам 80 тоннасини ҳеч қандай ҳужжатсиз шаҳардаги “Land zaytun” хусусий корхонаси омборхонасига етказиб бергани аниқланди. Шу йўл билан 23 миллион сўмдан ошиқ кўмир талон-торож қилинган.
Бундан ташқари, текширув давомида “Ўзбеккўмир” АЖ “Қашқадарё кўмир етказувчи” филиалига қарашли кўмир омборидан, ижтимоий соҳа объектлари учун жорий йилнинг сентябрь ойи мобайнида етказиб берилган кўмир маҳсулотларининг тарқатилиши ва ҳақиқатда мавжудлиги ўрганилганда, Шаҳрисабз кўмир омбори мудири Т.Ҳ.нинг жавобгарлигида 1286,6 тонна кўмир қолдиғи мавжуд бўлиб, ушбу ҳисоботдаги қолдиқ билан ўлчовдаги қолдиқ таққосланганда 24,1 тонна, жами 30 миллион 984 минг сўмлик кўмир маҳсулоти талон-торож қилингани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Т.Ҳ.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.