Меню

Қашқадарё

29.11.2018 1654

ОЛТМИШДАН ЎТИБ, КРИШНАГА "ИХЛОС" ҚЎЙИБДИ

Маълумки, ҳар қандай миссионерлик ҳаракати ўзаро тотувлик, диний бағрикенглик тамойилларига таҳдид солади. Шунга мувофиқ, мамлакатимиз қонунларида эътиқод ва виждон эркинлиги кафолатлангани ҳолда бир диндаги кишиларни бошқасига киритишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат тақиқланади.

Кришначилар одамларга гўёки қадимги ҳинд маданияти, санъати, қадриятларини ўргатаётгандай тасаввур уйғотади, айрим юртдошларимиз ушбу секта асл мақсадларини билиб-билмай, уларга эргашаётгани эса ачинарли ҳолдир.

Шундайлардан бири 1955 йилда туғилган, миллати ўзбек, маълумоти ўрта, муқаддам судланган, Қарши шаҳри Оқтепа маҳалласида яшовчи Маҳмуд Тўраев бўлиб, у яшаш уйида ибодатхона очган. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтмаган, норасмий диний тузилма ҳисобланувчи "Кришнани англаш жамияти" сектасига тегишли адабиётлар, диний руҳдаги аудио ва видеоёзувларни сақлаб келган. Тегишли органлар вакиллари ва холислар иштирокида мазкур далиллар ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аслиддин НАМОЗОВ,

вилоят ИИБ масъул ходими

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!