Меню
Қашқадарё
Олис қишлоқ болалари учун – “Aqlvoy” автобуслари
Яқинда Кўкдала, Китоб ва Деҳқонобод туманларига топширилган махсус “Aqlvoy” автобуслари мазкур ҳудудларнинг олис ва бориш қийин бўлган тоғли қишлоқларида яшовчи юзлаб болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш имконини беради.
Бу ҳақда хабар тарқатган вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, “Aqlvoy” мобил гуруҳлар фаолияти мактабгача таълим соҳасида жаҳон эътирофига сазовор бўлаётган лойиҳа ҳисобланади. Мобил гуруҳларни ташкил этиш мақсадида қайта жиҳозланган ISUZU HC-40 русумли автобусларда болажонлар таълим олишлари учун барча шароитлар муҳайё.
- Кўкдала, Китоб, Деҳқонобод туманларида 6 та ўйин майдончаси қурилиб жиҳозланган, - дейилади ахборот хизмати хабарида. - 3 та ISUZU HC-40 автобуси орқали ушбу ҳудудларда 6 та мобил гуруҳи ташкил этилиб, 288 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинади.
Соҳа мутасаддиларининг эслатишича, ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ 2019-2021 йилларда мобил гуруҳлар негизида мактабгача таълим хизматларини йўлга қўйиш мақсадида вилоятимизнинг Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи, Муборак ва Касби туманларига замонавий талаблар асосида қайта жиҳозланган 7 та автобус берилган эди. Мазкур тажриба-синов лойиҳасини амалиётга жорий этиш натижасида 7 та маҳаллада махсус жиҳозланган майдончалар ташкил этилган ва вилоятимизнинг энг чекка ва олис ҳудудларидаги 396 нафар 3-7 ёшли бола мактабгача таълим билан қамраб олинган. 7 нафар ҳайдовчи, 14 нафар тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиси иш билан таъминланган.