Меню
Қашқадарё
Олимларнинг янги кашфиёти умуртқа жароҳати сабаб фалажланган беморларга умид беради
Исроиллик олимлар инсон ёғ тўқимасидан умуртқа мағзи имплантатини ҳосил қилди. Лаборатория сичқонларида йўқолган ҳаракатланиш лаёқатини тиклашга ёрдам берган ушбу кашфиёт келажакда умуртқа жароҳати боис фалажланган беморларнинг юриш қобилиятини қайтаришга имкон беради, дея хабар тарқатган Тель-Авив университети матбуот хизмати.
"Университетнинг "Саголь" регенератив биотехнологлар маркази тадқиқотчилари дунёда илк бор уч ўлчамли инсон умуртқа мағзи тўқимасини яратди ва уни сурункали фалажликка чалинган лаборатория сичқонларига имплантация қилишди. Натижалар жуда қувонарли бўлди: юриш қобилиятини тиклашда чамаси 80 фоиз муваффақият", дейилади хабарда.
Тадқиқот раҳбари, профессор Таль Двир сўзларига кўра, имплантат ишлаб чиқариш учун олимлар биопсия усули ёрдамида бемор қорин қисмидан унча кўп бўлмаган ёғ тўқимаси ажратиб олишган.
"Ҳужайралар бирлаштирувчи тўқималардан ажратиб олингач, биз генетик муҳандислик ёрдамида уларни қайта дастурладик, яъни эмбрионал илдиз ҳужайрани эслатувчи ва организмдаги исталган турдаги ҳужайрага айлана олишга мойил ҳолатга қайтарилди. Бирлаштирувчи тўқималардан имплантациядан кейинги иммун жавобни ёки рад этишни келтириб чиқармайдиган махсус гидрогел ҳосил қилдик. Кейин илдиз ҳужайраларни унга жойлаштириб, умуртқа мағзи эмбрионал ривожланиш жараёнига хос бўлган ҳаракатлантирувчи нейронлар сақловчи нейронли тармоқ уч ўлчамли имплантатига айлантирдик", дея тушунтиради Таль Двир.
Кейинроқ олимлар шу тарзда олинган умуртқа мағзи имплантатларини икки гуруҳ - яқинда фалажланган ва ҳаракатланиш қобилиятини анча илгари (бир йилдан кўпроқ вақт олдин) йўқотган лаборатория сичқонларига инплантация қилишган. Шундан сўнг яқинда фалажланган сичқонларнинг 100 фоизида, илгари ҳаракатдан қолган кемирувчиларнинг эса 80 фоизида юриш қобилияти тикланган. Тажриба ўтказилган ҳайвонларда реабилитация жараёни тез кечган.
Олимларнинг қайд этишича, бундай натижа умуртқа жароҳати сабаб фалажланган дунёдаги миллионлаб беморларга умид бахш этади. Улар яқин йиллар ичида оламшумул кашфиётнинг одамлардаги клиник синови босқичига ўтишдан умидвор.