Меню
Қашқадарё
ОЛИМЛАРНИНГ ЁМОНИ АМИРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛГАНИ, АМИРЛАРНИНГ ЯХШИСИ ОЛИМЛАРНИ ЗИЁРАТ ЭТГАНИДИР
Мутолаа учун тавсия
Жаҳон адабиётининг муаззам сиймоларидан бири Жалолиддин Румий (1207-1273) қаламига мансуб "Маснавийи маънавий", "Ичингдаги ичингдадир" асарлари инсон маънавий ҳаётининг қомуси сифатида Шарқ ва Ғарбда бирдек шуҳрат қозонган. Унинг ғазал ва рубоийлардан иборат "Улуғ девон", панд-насиҳатлардан иборат "Мавоизи мажолиси сабъа" ва замондошларига ёзган мактубларидан иборат "Мактубот" каби асарлари ҳам бор. Олиму фозилларнинг фикрича, Румийнинг ҳар бир фикри - бир машъала, бир чироқ, шундоққина қалбга қўйиладиган зиёдир. Шу ўринда мавлоно Жалолиддин Румийнинг отаси Баҳоуддин Валаднинг онаси Маликаи Жаҳон Хоразмшоҳ Музаффар Такешнинг қизи эканлигини эслаб ўтиш керак.
Жалолиддин Румий асарларида асосан Аллоҳ ва Ҳазрати инсон улуғлангани сабабли унинг шеъриятини илоҳий ишқ билан боғлашади. Асарларида инсоннинг буюклиги билан бирга нуқсонлари ва улардан покланиш йўллари ҳам кўрсатиб берилган. Румий бутун инсониятни бирлаштирувчи ягона илоҳий ғояларни илгари сурган. Шу сабабли барча миллат, халқ ва барча дин аҳли Румий ҳазратларини ўзиники ҳисоблайди. Зеро, адиб Радий Фишнинг "Жалолиддин Румий" романидаги аллома вафоти билан боғлиқ лавҳада шундай сўзлар битилган: "Турклар ва хуросонийлар, юнонлар ва арманлар, православлар ва яҳудийлар - ҳамма шоир билан видолашишга келган, ҳар ким ўз русумида алвидо айтарди".
Мавлоно Румийнинг асарларидан териб олинган ҳикматларга эътибор беринг: "Севгида қуёш каби бўл. Дўстлик ва қардошликда оқар сув каби бўл. Бировларнинг хатосини ёпишда кеча каби бўл. Тавозеда тупроқ каби бўл. Ғазаб онида ўлик каби бўл. Ҳар не бўлсанг бўл - ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл", "Тилингдан олдин қалбингни тарбия қил. Чунки сўз қалбдан келиб, тилдан чиқади", "Эй Мусулмон! Одоб нима деб сўрасанг, билки, одоб - ҳар беодобнинг одобсизлигига сабр қилишдир", "Чўнтаги бой, руҳи қашшоқ бўлган инсонларнинг аҳволлари жуда жирканч. Чунки улар ҳар нарсанинг нархини билишади, аммо қадрини билишмайди", "Кўнглингни покламабсан-ку, тинмай таҳорат олганинг нимаси?", "Аввал ақлли эдим, дунёни ўзгартирмоқчи бўлдим, энди бўлса дономан, ўзимни ўзим ўзгартираяпман!", "Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил".
Румийнинг икки жилддан иборат "Маснавийи маънавий" асарида ҳадис ва оятлар, ҳикоят ва фалсафий фикрлар орқали инсоннинг маънавий камолоти йўллари, иймонли, диёнатли ва маърифатли бўлишнинг муҳимлиги ёритиб берилган. Кўпчилик олим ва донишлар "Маснавийи маънавий"ни "Форсий Қуръон" деб ҳам аташган. Ушбу асар куч-таъсири Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан бойитилганидадир. Асарни ўқиган ва уққан инсон муқаррар равишда иймон ва эътиқод, диёнат ва ахлоқ, қалб поклиги ва виждон уйғоқлиги масалаларида ўз-ўзини англай бошлайди. Шу сабабли ҳам аксарият зиёлилар "Ислом ва иймонни "Маснавий-маънавий"дан ўрганиш керак" дейдилар.
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг 61 фаслдан иборат "Ичингдаги ичингдадир" фалсафий асари турли мажлисларда айтган сўзларидан таркиб топган. Асар "Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадики: Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир. Фақирнинг эшигига келган амир нақадар хуш ва амирнинг эшигига борган фақир нақадар нохушдир" деб бошланган. Қуръон суралари ва ҳадисдан мисоллар келтирилиб, уларни ўрганиш ва барча дин вакиллари учун Аллоҳнинг бирлиги таъкидланган.
"Ичингдаги ичингдадир" асарида Пайғамбарларнинг қилган ишлари, одатлари ва фикру мулоҳазаларидан мисоллар келтирилган. Румий "Севилган киши гўзалдир" деб, ҳадисдаги "Мусулмонликда бўйдоқлик йўқдир" деган фикрни эслатиб ўтган. Пайғамбаримиздан олдин биров салом беришга улгурмагани таъкидланганида, бугунги кунда кўпчилигимиз виқор билан бошқаларнинг салом беришини кутишимиз ёдга тушади. Асарда инсон ҳамиша ўзи кўрмаган, эшитмаган ва ўйламаган нарсага ошиқ бўлиши ҳамда унга интилиши таъкидланган. Қаердаки қулфу тақиқ қўйилган бўлса, у ерда нафису қимматли нарса бўлишлиги билан якунланган.
Улуғ рус шоири Александр Сергеевич Пушкин (1799-1837)нинг "Евгений Онегин", "Кавказ асири", "Боқчасарой фонтани", "Фалсафий мактублар" каби асарлари ва кўплаб шеърлари машҳур. Пушкиннинг онаси Надежда Осиповна Пётр I нинг қўлида тарбия топган Иброҳим ибн Ҳанбалнинг набираси бўлган. Иброҳим ҳабаш амири Ҳанбалнинг ўғли бўлиб, турклар уни асир олиб Пётр I га совға қилган. Шу сабабли Пушкин ислом дини, Шарқ тарихи ва адабиётига қизиққан бўлса ажаб эмас. Унинг асарларида шарқона нафосат жилоланиб туради. У "Наталяга" номли шеърида шундай ёзади: "Ҳарам хожасимасман, Араб ҳам, турк ҳам эмасман, Назокатли чинликдек гўё, Орсиз америкаликдек ё, Эҳтиромга арзимасман". Эрксеварлик, зулм ва крепостной ҳуқуқига қарши шеърлар ёзгани учун сургунларда бўлган Пушкин рус шеърияти тараққиёти учун янги бадиий уфқларни очиб берган.
Пушкин шеърларида "Шоҳ амри-ла, дўстлар хору зор тутқун. Халқни кўраманми озод ва бардам, Ватаним устида балқирми бир кун, Маърифатли эркнинг тонготари ҳам?", "Эй, сиз севги оловида ёнмаганлар, Унга боқинг, англагайсиз муҳаббатни. Эй, сиз севиб, кўнгли совиб, тўнмаганлар, Унга боқинг: ҳис этгайсиз яна бахтни", "Агар сени алдаса ҳаёт, Сен ноумид бўлма ҳеч қачон. Ғамли кунга қилгин итоат, Хушнуд кунлар келади, ишон!", "Йўқ, мен ўлиб кетмагайман - қалбим шеъримда яшар, Хоки таним барбод ўлмас, фоний умр менга ёт" каби бебаҳо сатрлар учрайди.
"Евгений Онегин" шеърий романини кўпчилик Пушкиннинг шоҳ асари ҳисоблашади. Асарда рус халқининг шу вақтдаги ижтимоий, маданий ва маиший ҳаётининг нозик қирралари Онегин ва Татьяна, Ленский ва Ольга образлари орқали тасвирлаб берилган. Шоир енгил ҳаётга ўрганган, лоқайд ва ўзини бошқалардан маданиятли ҳисобловчи замондошлари ҳаётига киноя билан қарайди.
"Кавказ асири" поэмасида Кавказ ўлкаси билан боғлиқ воқеалар, шу ерлик мусулмонлар ҳаёти ва уларнинг урф-одатлари чиройли тарзда баён қилинган. У замонасининг дарди эркка ташналик эканлигини тараннум этган. Асарда ана шу эркка ташна қалб изтироблари романтик кўринишда ифода топган. У черкаслар тутқуни рус йигитининг эркинликка интилишини кўрсатиш баробарида Кавказни зулм билан эзаётган рус генералларини ҳам қаттиқ қоралаган. Шоир: "...мана - Шарқ чекар фарёд", деб ёзади. У фақат рус миллатининг тақдирини эмас, умуминсоният тақдирини ўйлаб қайғуради. Пушкин дунёқарашидаги Шарқ халқларига эҳтиром шу қадар кучли эдики, у Шарқ фарзанди - черкас қизини поэманинг бош қаҳрамони қилиб танлайди ва уни озодлик рамзи сифатида тасвирлайди.
Пушкиннинг "Боқчасарой фонтани" асарига Шайх Саъдийнинг "Мен ҳам кўплар каби кўргандим бир чоғ, Баъзилар энди йўқ, ўзгалар йироқ..." каби мисраларини эпиграф қилиб олган. Асарда Гаройхоннинг ўй-хаёллари, унинг ҳарамидаги аёллар ҳаёти, Мария ва Зареманинг рашку изтироблари, соғинч ва висол, хиёнат ва ўлим шарқона услубда тараннум этилган. Боқчасарой фонтанининг сувлари шоиру ошиқларнинг кўз ёшларига ўхшатилган.
Пушкин ўзининг "Фалсафий мактублар" асарида пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни инсониятнинг маънавий тарихидаги энг буюк шахс сифатида улуғлайди ва "дунё динларининг буюк тараққиётида Муҳаммад динини муҳим деб қарашимиз лозим", деб таъкидлайди. Улуғ шоиримиз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, "Пушкин шеъриятининг ўлмаслигига сабаб - унинг сатрлари орасида даҳо шоирнинг юрак нафаси уфуриб туради".
Машҳур немис адиби Йоҳанн Вольфганг Гёте (1749-1832)нинг "Ғарбу Шарқ девони", "Фауст" каби дурдона асарлари диққатга сазовор. Унинг асарларида Шарқ халқлари тарихи ва тили, урф-одатлари ва маънавияти, диний ва фалсафий қарашлари муҳим ўрин тутади.
Гётенинг "Ғарбу Шарқ девони"да ҳам Шарқ фалсафасига таянилган. Шарқ нафаси уфуриб турганини асарнинг "Муғаннийнома", "Ҳофизнома", "Ишқнома", "Тафриқнома", "Ҳикматнома", "Темурнома", "Зулайҳонома", "Соқийнома", "Форсийнома" деб номланган бир нечта бобларида ҳам кўриш мумкин. Адиб Фирдавсий, Навоий, Жомий, Румий, Ҳофиз Шерозий ва Саъдий ижодидан яхши хабардор бўлиб, камтарона тарзда: "Мен уларнинг соясига ҳам арзимайман" деган. Девон "Ҳижрат" шеъри билан бошланган: "Тахтлар қулаб, не таажжуб, Хароб Шимол, Мағриб, Жануб. Шарққа ҳижрат эрур вожиб, Унда ишқу маю мутриб Ҳамда Хизр суви бордир, Боқий умр сенга ёрдир".
Гётенинг "Фауст" фалсафий драмаси жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан бири ҳисобланади. Бу асар адибнинг узоқ кўришмаган дўстларига бағишлангани билан бошланиб, театр директори, шоир ва актёр ўртасидаги суҳбатлар билан давом этади. Олим Фаустнинг бахтли бўлиш ва ҳақиқатни англашга интилишлари самарасиз кечади. Фауст образи орқали ўзининг ҳавойи орзу-истакларига эришиш учун руҳини иблисга сотишга тайёр бўлган одамлар характери очиб берилган. Иблис Мефистофель берган дамламадан ичган Фауст ёшариб ҳақиқий бахтни топишга яна интилади. Унинг ўн беш ёшли гўзал Маргарита билан бўлган муносабатлари қизнинг ачинарли қисмати билан якун топади.
Асарнинг иккинчи қисмида иблис Мефистофель Фаустни император саройига олиб келиб, Елена билан учраштиради. Мутлақ гўзаллик ва ҳақиқий бахт ҳақида баҳс юритади. Фауст бу ерда ҳам бахтини топмайди. Мефистофель Фаустни ўрта асрлар даврига қайтаради. Фаустнинг тўғон қуриш ғояси амалга ошмагач, иблис Мефистофелга қарияларни йўқотишни буюради. Мефистофель эса ўзининг шогирдларига қариб қолган Фауст учун қабр ковлаш ва руҳини қул қилиб олишни буюради. Шу вақтда Фауст амал ва бойлик, куч ва шон-шараф ҳамда энг гўзал аёлга эга бўлиш ҳам, ҳақиқий бахтни бермаслигини тушуниб етади.
Мавлоно Жалолиддин Румий, Александр Сергеевич Пушкин ва Йоҳанн Вольфганг Гёте асарларида элу халқ дарди куйланган. Шу сабабли ҳам уларнинг асарлари абадиятга дахлдордир. Зеро, бу борада шоирлардан бири шундай ёзган экан: "Эл дардини чек, якка дардинг дард эмас".
Абдишукур ОМОНОВ