Меню

Қашқадарё

26.06.2020 2124

ОЛИЙ МАЖЛИС ВАКИЛИ КЕЛТИРГАН ВАЖЛАР ИНКОР ЭТИЛДИ

Акс-садо

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида 2020 йил 24 июнь куни “Муассасаларда яхши шарт-шароит яратилмагани ҳам қийноқ билан тенг” сарлавҳали мақола юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди:

“Мақолада қайд этилишича, Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова Қарши шаҳридаги руҳий касалликлар диспансерида бўлиб, бу ердаги аҳволни ўрганиб қайтган (мақола эълон қилинганидан сўнг бир неча соат ўтгач ва бу мақола айрим нашрларда (хусусан, “Оила даврасида” газетасида) шу ҳолида чоп этилганидан кейин “Қарши шаҳридаги” сўзлари “Китоб туманидаги” билан алмаштирилди). Парламент масъулининг мақолада қайд этишича, “Қарши шаҳридаги руҳий касалликлар диспансерида шарт-шароит жуда ёмон аҳволда. Таъмирталаб хоналар, касалларга хона етишмаслиги, болалар учун дам олиш, ўйнаш учун алоҳида шароитлар яратилмаганлиги шулар жумласидан”. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан мазкур ҳолат батафсил ўрганилди. Бу борада қуйидагиларни маълум қиламиз.

Биринчидан, Қарши шаҳридаги 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансери биноси 2013 йилда замонавий талаблар асосида капитал таъмирланган. Диспансерда 30 ўринли оналар ва болалар бўлими фаолият кўрсатмоқда. Бўлимда бемор болалар оналари билан даволанмоқда. Улар учун етарли даражада шарт-шароитлар ҳозирланган.

Иккинчидан, мақолага илова қилинган суратлар Қарши шаҳридаги 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансерига тааллуқли эмас. Суратлар Китоб туманидаги 2-сонли асаб-руҳий касалликлар диспансерида олинган.

Учинчидан, мазкур суратларда акс эттирилган беморларнинг барчаси бола эмас, балки 18 ёшдан катта ёшдаги бемор эркак ва аёллардир. Китоб туманидаги 2-сонли асаб-руҳий касалликлар диспансерида парламент вакили ўрганиш ўтказган куни 3 нафар вояга етмаган бемор болалар хонасида бўлган.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддаси “Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳуқуқлари” деб номланган. Унга кўра, руҳий ҳолати бузилган шахслар ўзларига психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўладилар: ўзларига нисбатан инсон қадр-қиммати камситилишини истисно этадиган мурувватли ва инсоний муомала қилиниши; ...фото, видео ёки киносуратга олинишга олдиндан розилик бериш ва исталган босқичда ундан воз кечиш…”. Юқоридаги мақола билан бирга Китоб туманидаги 2-сонли асаб-руҳий касалликлар диспансерида даволанаётган эркак ва аёл беморларнинг суратлари уларнинг ва яқинларининг розилигисиз ОАВ орқали эълон қилинган. Бу эса кўрсатилган қонун талабларига мутлақо зиддир.

Бешинчидан, Китоб туманидаги 2-сонли асаб-руҳий касалликлар диспансери болалар бўлими биноси 1954 йилда қурилган бўлиб, янги қурилиши керак бўлган бино ўрнида жойлашганлиги сабабли бузилган. Болалар бўлими вақтинча мослаштирилган бинода жойлаштирилган. Мазкур бўлим 30 ўринга мўлжалланган бўлиб, асосан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар даволанади. Ўрин етишмаслиги сабабли енгил оралиқ касалликлар билан касалланган аёллар ҳам мазкур бўлимга жойлаштирилмоқда.

Олтинчидан, Китоб туманида 10 миллиард 560 миллион сўмлик маблағ эвазига қурилаётган 150 ўринли, 50 қатновга мўлжалланган янги руҳий касалликлар шифохонаси ва диспансери биноси қурилиши якунланмоқда. Жорий йилнинг  сентябрь ойида мазкур бинонинг фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда. Бино ишга тушганидан сўнг кўрсатилган барча камчиликлар бартараф этилади”.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!