Меню
Қашқадарё
ОЛИЙ МАЖЛИС - МАЖЛИСЛАР СУЛТОНИ
НАВОИЙ АСАРЛАРИНИНГ МУҲАРРИРИ
Келинг, далилларга мурожаат қилсак. Юқорида қайд этганимиздек, Навоий ва унинг замондошлари ўз асарларида бундай йиғинларни “Олий мажлис” дея зикр этади. “Муншаот”га киритилган 42-мактубда, яъни буюк шоирнинг Султон Ҳусайн Бойқарога йўллаган хатида шоир таъкидлаганидек, “табъ хазинасидан ҳосил бўлган маънолар” мажмуи “Хазойин ул-маоний” –“Маънолар хазинаси”ни подшоҳнинг муборак назаридан ўтказиш учун “Олий мажлис”га юборгани ёзилади: “Шу сабабдан суҳбатдошларнинг фахри бўлмиш Мавлоно Соҳиб ҳузурингизга юборилди ва бу қораламани (“Хазойин ул-маоний”) Олий мажлисга етказсин дейилди. Журъат этган бу ишимизни афв этарсиз ва юзага келтирган у ишимизни (яъни девонни) ислоҳ қиларсиз, деган умиддаман”, дейди Навоий.
Алишер Навоий “Хазойин ул-маоний” дебочасида ҳам Олий мажлисда Ҳусайн Бойқаро шоир ғазалларини кўриб чиқиши, “илтифот назари билан” таҳрир этиши, қусур ва камчиликлардан холи қилиши тўғрисида сўз юритади. Аниқроқ қилиб айтганда, Олий мажлисда Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоий юборган 60 ёки 100 га яқин ғазални таҳрир нуқтаи назаридан кўздан кечириб, муҳаррирлик қилган. Мактублардан маълум бўладики, Навоий ўз асарларини тез-тез Олий мажлис муҳокамасидан ўтказиб турган. “Муншаот”даги 94-мактубда бу ҳол яққол кўзга ташланади: “Бу нотавоннинг тарқоқ шеърларини юборишга сиз томондан ишора бўлган эди, уларни тартибга келтиришга киришдим. Ҳар қалай Олий мажлис аҳлининг мутолаасига тезроқ етишиш шарафига муяссар бўлар, деб умид қиламан”, деб ёзади Навоий.
НЕГА ОЛИЙ МАЖЛИС ДЕБ АТАЛГАН?
Хўш, Алишер Навоий ўз асарларида тилга олган “Олий мажлис” нима ўзи? Нега айнан бундай йиғинларни Алишер Навоий ва унинг замондошлари Олий мажлис деб тилга олган?
Биринчидан, бу йиғинлар Саройда – яъни Навоий ибораси билан айтганда, Олий даргоҳда бўлиб ўтган. Иккинчидан, бу йиғинларда Хуросон мамлакатининг интеллектуал салоҳиятли инсонлари бўлмиш олий зотлари, яъни ўз даврининг элитаси жамулжам бўлган. Учинчидан, бу мажлисларда ўз даврининг адабиётидаги олий масалалар кўриб чиқилган. Шу боис, Низомиддин Мир Алишер Навоий ва унинг замондошлари бундай йиғилишларни мажлисларнинг олийси деб аташган.
МАЪНОЛАР ЖАВОҲИРИНИНГ КОНИ
Мажлисларда қандай масалалар кўриб чиқилганлиги барчани қизиқтиради, албатта. Олий мажлисларда турли шеърлар таҳлил қилинган, баҳс-мунозаралар олиб борилган, адабий жараёнлар ҳақида сўз юритилган. Навоий “Муншаот”даги 6-мактубида “кўнгил денгизидан махфий дурлар Олий мажлисга шундай сочиладиким”, дея унда янги, бадиий жиҳатдан мукаммал ва янги шеърлар ўқилишига урғу беради. “Муншаот”нинг 16-мактуби ҳам фикримизни тасдиқлайди: “Бу паришон ҳолнинг тўзғиган хаёлида у Олий мажлис мулозимларига муносиб бўларли ва у ердаги кишилар эътиборига мувофиқ тушарли бирор фикр келмаган ва бирор нима ёзилмаган эди”.
“Мезон ул-авзон” асарида бундай мажлисларда қандай масалалар кўриб чиқилган, деган саволга жавоб бор: “...чун ул Ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро)нинг шариф мажлислари маънолар жавоҳирининг кони эрди ва ул зотнинг латиф табълари назм қавоидлари мезони ва замон шоирлари олий даргоҳ (Олий мажлис)да ходим ва даврон зиёлилари ва зурафолари шоҳ даргоҳида мулозим эрдилар, мудом назм ва насрдин сўз юритилар ва доимо шеър ва муаммодин баҳс-мунозаралар, фикр-мулоҳазалар ёзиб борилар эрди ва ул Ҳазратнинг дақойиқшиор табълари котиблар томонидан назм жавоҳирларининг кўчирилиши, кўпайтирилиши тарафдори эрди”.
Ўз навбатида, Олий мажлисда Султон Ҳусайн Бойқаро шеърият аҳлини қўллаб-қувватловчи фармонлар ҳам имзолаган.
НАВОИЙ ҚЎШИҚ АЙТГАНМИ?
Мусиқа илмини ўзлаштирган Навоий ғазалларга куй басталаш билан бир қаторда Олий мажлисларда уларни куйлаган. Ҳусайн Бойқаро танбур чалиб, йигитлар рақс тушганлигига қуйидаги байтни далил сифатида келтиришимиз мумкин:
Хуш улки, базмда ойлар тепарда арғуштак,
Шаҳ анда танбура чолиб, Навоий деса қўшуқ.
Ушбу мажлисларда шеърхонлик билан бирга, куй-қўшиқлар ижро этилган. Ана шу омилга асосланиб, эронлик олим Валиуллоҳ Ковусий Олий мажлисларни мусиқий мажлислар деб атайди: “Султон Ҳусайн ва шаҳзодаларнинг мусиқага қизиқиши ва Алишернинг созандаларга кўрсатган ҳомийлиги туфайли сарой санъаткорларнинг интиладиган марказига айланди. Тарихчилар ўша даврдаги Султон Ҳусайн ва вазирининг фармони билан уюштирилган беназир мусиқий мажлислар ҳақида кўп бора ёзишган....
...Амир Алишернинг ҳиммати билан ташкил этиладиган кўп мусиқа мажлисларида созандалар ва хонандалардан ташқари тарихчи Хондамир каби замонасининг кўплаб фузало ва донишмандлари ҳам иштирок этишарди”.
“ҚОБУЛИЙ ҒАЗАЛИДАГИ БУ БАЙТ НАВОИЙНИКИ-КУ?!”
Олий мажлисда рўй берган бир воқеа баёни диққатимизни тортади. Навоийнинг гувоҳлик беришича, Мавлоно Қобулий деган йигит Олий мажлисда қатнашиш бахтига мушарраф бўлиб, мажлис раисининг подшоҳона таҳсин ва эҳсонига муяссар бўлган эди. Бир куни бир туркий ғазал ўқиб, Навоий қўлига тутқазади:
Наъл кестим дарди бўлдию кам бўлмади,
Доғи қўйдим сўзи кам бўлғай дебон, ҳам бўлмади...
Навоий кўнглига ўтирмаган байтни ўзи қайтадан ёзиб беради:
Сарв мойил бўлдиким, ўпгай оёғинг туфроғин,
Ёқса ҳар соат сабо таҳрикидин хам бўлмади...
“Алқисса, Қобулий бу шеърни битиб ноиблардин бирининг воситаси била Олий мажлисқа еткурибдур. Ул Ҳазрат ўқиғондан сўнгра дебтурларки, иккинчи байти анинг назми эмас... Фақир таажжуб қилдим, аммо лутфи йўқ эрдики, ул ғариб йигитким, бу шеърни ўткариб эрди, дегайменким, бу байтни мен айтибмен. Чун иқрор қилмадим. Муболаға била сўралди, ул Ҳазратқа чун равшан бўлиб эрди, инкор қила олмадим...
Қобулийни топиб келтурсунларким, бу бобда анинг била мутойаба қилайлик. Филҳол ани топиб Олий мажлисда ҳозир қилдилар. Ҳазрат тахтга ўтириб, илтифот зоҳир қилиб, шеърини таҳсин қилдилар... мажлис ниҳоятқа етти ва эл тарқалди. Оз киши маҳрамлардан қолди... Бу фақир ер ўпиб, арз қилдимким, бу раҳм ёлғуз анга воқе бўлмадиким, манга дағи бўлди...”
Яъни Олий мажлис раиси, ҳусни хулқ, камол фазл ва баланд идрок ва ўткир зеҳн соҳиби Ҳусайн Бойқаро Навоий шеърият услубини чуқур билганиданми, Қобулий ғазалидаги Навоий қаламига мансуб байтни “бу Навоийники”, деб аниқ айта олган. Пировардида Навоий дастлаб бунга Қобулийни уялтирмаслик учун иқрор бўлмаса-да, мажлис якунида ҳақиқатан ушбу байт уники эканини тан олади.
ЙИҒИНГА ҚАТНАШГАН ШОИРЛАР МИНГ КИШИМИ?
Олий мажлисда кимлар ва қанча одам қатнашган, деган савол туғилади. Алишер Навоийдан ташқари Абдураҳмон Жомий ва кўплаб шоирлар назм ва наво кечаларининг доимий қатнашчиларидан эканини Ҳусайн Бойқаро “Рисолаи Ҳусайн Бойқаро” да қайд этади: “...Ҳақ субҳонаҳу ва таоло бу ожиз бандасининг салтанати замонида бир неча киши (Жомий, Навоий ва бошқалар) дунёга келибди ва бу фақир мажлисида улар иштирок этиб, уни шарафли қиладилар”. Мажлисларда, биринчидан, пешқадам ижодкор Жомийнинг ”ғазаллари оламга ғавғо солувчи, байтлари латиф ва ҳаяжон уйғотувчидир”, дея зикр қилинади. Иккинчидан, мажлис қатнашчиларининг яна бир тоифаси, яъни адабий йиғинларда “назм аҳли – шоирлардан ширинсуханлик осмонининг порлоқ юлдузи – суҳайл бўлгудек кишилар бор”, дейди шоҳлар шоири. Бундай кишиларнинг сонини Ҳусайн Бойқаро Ҳирот ва унинг туманларида истиқомат қилувчилардан “эҳтимол мингга яқин киши” эканлигини қайд этади. “Бу тилга олинганлар ва васфи ёзилганлар форсий шеър мажлисида базм тузганлар ва форсча ёзишга майл қилганлар”. Аммо Навоий бундай анжуманларга туркий тил нафаси ва жозибаси билан кириб келди ва давранинг тўрини эгаллади.
Бундай кечаларга олимлар, саййидлар, надимлар, шоирлар, қиссахонлар, ҳофизлар, мунажжимлар, табиблар, машҳур полвонлар, шатранж усталари, рассомлар, наққошлар, котиблар, қозилар, раққослар, хонандаю созандалар таклиф этилган. Энг қизиғи, ҳар бир таклиф қилинган касб эгаси учун махсус жой белгиланган.
Мухтасар қилиб айтганда, Ҳусайн Бойқаро саройида фаолият кўрсатган адабий йиғинлар ўз даврида Олий мажлислар деб аталиши бежиз бўлмаган. Зотан, Алишер Навоий ва унинг замондошлари асарларида келтирилган шаҳодатлар шундай дейишга асос бўлади.
Шерхон ҚОРАЕВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети таянч докторанти